Мактабгача таълим - узлуксиз таълим тизимининг пойдевори

Бугунги кунда туманимизда мактабгача таълим ташкилотлари сони 190 тага етди. Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар сони 11554 нафарни ташкил этиб, қамров фоизи 82,3 фоизга кўтарилди.
Тумандаги мавжуд Давлат мактабгача таълим ташкилотларида жами 388 нафар педагог ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Шундан 191 нафари олий маълумотли, 40 нафари тугалланмаган олий маълумотли ва 157 нафари ўрта махсус маълумотли педагоглар ҳисобланади. Шунингдек, тумандаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида жами 201 нафар педагог бўлиб, уларнинг 83 нафари олий маълумотли, 118 нафари ўрта махсус маълумотли педагоглар ҳисобланади. Педагогларнинг олий маълумотлилик даражаси 46,5 фоизни ташкил этади. Охирги 3 йиллар давомида туманда ташкил этилган 10 та Давлат хусусий шерикчилик асосидаги ва 151 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳозирги кунда жами 5239 нафар 3-7 ёшли болалар тарбияланмоқда.
Жорий йилда тумандаги Уклон қишлоғида ҳамда Даҳбед шаҳарчаси А.Навоий маҳалласида янги замонавий типдаги Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.
Мактабгача таълим ва тарбия болаларни ўқитиш ва тарбиялашга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик-эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган таълим туридир. Мактабгача таълим ва тарбияда олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлашни ҳам назарда тутилган. Мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш тартиби "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган. Туманда бугунги кунда 45 та бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш гуруҳлари фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари туман педагогика коллежида ва тумандаги 4,7-сонли  давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш гуруҳлари учун  қуввати 90 ўринли 3 та хона ажратилиб, 90 нафар 6 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамраб олинган.
Ўтган ўқув йилида нафақат мактабгача таълим ташкилотларини сонини кўпайтириш балки ташкилотлардаги таълим-тарбия сифатини ошириш борасида бир қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бунга мисол сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин: Тарбиячилар, ота-оналар ва болажонларнинг фаоллигини ошириш мақсадида туман мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячи ва тарбияланувчилари ўртасида "Ижодкор тарбиячи", "Йил тарбиячиси", "Истеъдодли болажон" ва "Эртакчи болажон" номинациялари ҳамда "Беш ташаббус - зўр имконият", "Ватан - менинг нигоҳимда" мавзуларида кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Бу мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳамда тарбияланувчиларини ижодкорлигини намоён қилишга хизмат қилиб келмоқда.
Шунингдек, жорий йилда таълим сифатини ошириш мақсадида туман таълим ташкилотлари ўртасида "Зукколар даврасида" кўрик-танлови, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд далат университети, Ўзбекистон-Финландия педагогика институтларининг мактабгача таълим назарияси ва методикаси кафедраси билан ҳамкорликда "Болаларни нутқини ўстиришда китобхонликнинг аҳамияти", "Ёзги соғломлаштиришни ташкил этиш" мавзусида ўқув амалий семинар ўтказилди. Бундан ташқари Оқдарё педагогика коллежи билан ҳамкорликда ёш авлодни соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш мақсадида кўплаб тадбирлар, спорт мусабақалари,  семинар ва давра суҳбатлари ҳам ўтказилиб келинди.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташкил этилган "Самарқанд маҳорат мактаби" канали орқали ўқув йили давомида мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимлари учун самарали кўрсатма ва тавсиялар бериб келинмоқда. Шу билан бирга туман Давлат мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимлари томонидан ташкил этилган машғулотлар, ҳаракатли ўйинлар, тадбирлар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этиб келинди. Йил давомида   Мактабгача таълим ташкилотларида тасдиқланган режага мувофиқ оммавий байрам тадбирлари ўтказилди.
Жумладан: 8 январь куни 4-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида "Мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия сифатини оширишда инновацион" ва "Мактабгача таълим ташкилотларида болалар "Илк қадам" давлат ўқув дастури асосида 5 та марказда фаолият юритилиши" мавзуларида баҳс-мунозара  тарзида семинар-тренинг ўтказилди.  14 январь - "Ватан ҳимоячилари куни" , 30 январь куни Биринчи Президентимиз И.А.Каримов таваллуд куни, 9 февраль - Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги, 8-март "Халқаро хотин-қизлар куни", 9 май - "Хотира ва қадрлаш куни", 1 июнь - "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни"га  бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилди.
3 март куни  24-ДМТТда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан берилган ўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материаллардан тўғри ва унумли фойдаланиш   бўйича амалий ўқув семинари ўтказилди. Ўқув-семинарда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларига ривожлантирувчи ўйинлар, ўйинчоқлар,  ўқув методик қўлланмаларнинг тарбияланувчилар учун қулай бўлган жойларда (Марказ фаолияти учун) жойлаштириш ва улардан давлат дастурининг бажарилишида мақсадли фойдаланилиш йўллари ўргатилди.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари иштирокида 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида "Ёш рассомлар" кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу кўрик танловда барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидан тарбияланувчилар фаол  иштирок этиб,  "Менинг севимли эртагим", "Замин менинг нигоҳимда" мавзуси асосида расм чизишди. Туман ва вилоят босқичида ўрин олган тарбияланувчилар эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилди. 15 март куни 7-давлат мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабга тайёрлов гуруҳлари учун тайёрланган "Hi kids!" номли ўқув дастури китобининг тақдимоти ва мазкур ўқув-дастури асосидаги амалий семинар бўлиб ўтди. 2 апрель куни 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида  бўлиб ўтган навбатдаги "Зукколар даврасида" беллашувида 14 ва 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари беллашдилар. Мусобақада 34-давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси ғолиб деб топилди. 
13 апрель куни Мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан педагогларни ижодкорлиги ва билим самарадорлигини оширишга қаратилган "Ижодкор тарбиячи" номинацияси бўйича кўрик-танлов ўтказилди. Танловда тумандаги 4, 12, 25, 27, 28, 34-давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари иштирок этишди. Кўрик-танловда фаол иштирок этган педагоглар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. 31 май куни 1 июнь - "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" муносабати билан Мактабгача таълим бўлими томонидан болалар ўртасида "Веломарафон" ташкил этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги "Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4954-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 22 июнь куни   тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида "Шахмат" мусобақаси бўлиб ўтди.   Мусобақанинг  туман босқичи  32-давлат мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилди.  Мусобақа ғолиблари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Бола онги ривожланиши жараёнида айниқса, уларни спортга, санъатга, тил ўрганишга, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган. Шу мақсадда 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус  доирасида байрам тадбири ўтказилди. Тадбир давомида жажжи болажонлар ҳамда тарбиячилар иштирокида спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.   
"Ёзги соғломлаштиришни ташкил этиш" мавзусида 36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўқув амалий семинар ўтказилди. Семинарда ёзги соғломлаштиришнинг асосий мақсадлари тўғрисида маъруза ҳамда амалий машғулотлар билан методик тушунтиришлар берилди. Семинар қизғин савол-жавоб ва баҳс мунозаралар асосида ўтказилди. 16 июнь куни туман ҳокимлиги томонидан Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида 5000 қадам юриш тадбирида 780 нафар  давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари фаол иштирок этишди.
Мактабгача таълим тизими сифатини ошириш мақсадида тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотларига шўъба бўлими томонидан турли тавсия ва методик кўмак бериб келинмоқда. Шу мақсадда  мактабгача таълим сифатини ошириш ҳамда ёзги соғломлаштириш ойларида болажонларнинг ҳар бир кунини янада қизиқарли ва фойдали бўлиши, тарбияланувчиларнинг ақлан чиниқиши учун педагог ходимлар ўртасида турли семинар ва тренинглар ташкил этилмоқда.
Чарос ОРТИҚОВА,
 туман мактабгача таълим 
бўлими мудири.