ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ ШАХСЛАРНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?

Ижтимоий соҳага оид ислоҳотлар доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, ижтимоий соҳага оид ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Агентликнинг ўзига юклатилган бир қанча вазифаларидан бири бу ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни аниқлаш, уларни рўйхатга олиш ва ҳар бир шахснинг ҳолатидан келиб чиқиб уларга давлатнинг ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишдан иборатдир.
Аҳоли муаммоларини ечишга қаратилган чоралар, ўтказилган "Сайёр қабул"лар ва келиб тушган мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб, қуйидаги саволларга жавоб бериш орқали ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни аниқлаш тартибини ёритиб берамиз.
Савол: Ёши кекса, соғлигининг ҳолатига кўра, бирор давлат ташкилотига мустақил бора олмайдиган шахслар давлатнинг ижтимоий хизматларидан фойдаланиши учун қаерга мурожаат қилиши керак?
Жавоб: Вилоятнинг туман (шаҳар) ларида "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилган бўлиб, ҳар бир маҳаллада марказнинг вакили, яъни ижтимоий ходим фаолият юритади.
Маҳалладаги ижтимоий ходим, патронаж ҳамшира ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси томонидан хизмат вазифаларини амалга ошириш, жумладан, уйма-уй юриш натижасида шакллантирилган сўровномага асосан, бундан ташқари ўзгалар парваришига муҳтож шахснинг ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда қилган мурожаатига асосан шахс белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, ўзгалар парваришига муҳтож деб топилиши мумкин.
Савол: Кимлар ўзгаларнинг парваришига муҳтож сифатида рўйхатга олиниши мумкин?
Жавоб: Тўғри, шажара бўйича қариндошлари бўлмаган ёлғиз кексалар ҳамда яқин қариндошларидан алоҳида ёлғиз яшовчи кексалар ўзгалар парваришига муҳтож деб эътироф этилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 123-сонли қарорига асосан, ушбу шахсларнинг соғлиги ва ижтимоий ҳолатига кўра, ёлғиз кекса, ёлғиз ногиронлиги бўлган шахс, ёлғиз яшовчи кекса, ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахс тоифаларига ажратилган ҳолда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар берилиши таъминланади.
Савол: Менинг маҳалламда 2 нафар ёлғиз кекса яшайди, бироқ улардан бирига давлат томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилмайди, бунинг сабаби борми?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 123-сонли қарорига асосан шахснинг ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси мазкур қарорга асосан маҳалла раиси, оилавий шифокор ва ижтимоий ходимдан иборат "Ишчи гуруҳ" томонидан шахсни ўзгалар парваришига муҳтожлигини аниқлашга қаратилган баҳолаш ўтказилади. Яъни шахс Бартел (элементар) ва Лаутон (мураккаб) шкаласи бўйича ҳаракатларни амалга ошира олиш имконияти баҳолаб чиқилади. Баҳолаш натижасига кўра, 116 ва ундан юқори балл олганда шахс ўзгалар парваришига муҳтож деб топилмайди.
Ижтимоий инспекциянинг
Самарқанд вилояти бошқармаси.
Мавзуга оид:

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН
- 28 окт, 11:31