Инсон азиз - хотира муқаддас ШОГИРДЛАР ҚАЛБИДА МАНГУ ЯШАЙДИ

Бутун умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган меҳрибон ва фидойи устоз, севимли муаллим - Фотима Узоқова 2025 йил 6 октябрь куни оламдан ўтди.

Ф. Узоқова 1960 йил 23 февраль куни Янгиқўрғон шаҳарчасида туғилган. У киши Самарқанд педагогика институтини муваффақиятли тамомлаб, бутун ҳаётини таълим соҳасига, келажак авлод тарбиясига бағишлади. Устозлик фаолиятини 1980 йилда 2-мактабда бошлаган. 1983 йилдан 23-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида узлуксиз меҳнат қилди.

Ф.Узоқова 15 йил давомида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида масъулиятли вазифани сидқидилдан амалга оширди.  Кўплаб ўқувчиларга илк билимни, ҳаётга бўлган муҳаббатни, инсонпарварликни ўргатди. Ўзининг меҳрибон, талабчан, инсоний фазилатлари билан шогирдлар қалбидан чуқур жой олди. Унинг сабоқлари, маслаҳатлари, меҳрибон назари ҳеч қачон унутилмайди.

Амир Темур маҳалласидаги Тўқмоқ қишлоғида истиқомат қилган Фотима опа оилада ҳам, маҳаллада ҳам ҳурматли инсон эди. 2010 йилдан бошлаб устоз нафақага чиққан даврида ҳам таълимга, маҳалладаги ёшларга ғамхўрлик билан муносабатда бўлиб келди. Юзида доим табассум барқ уриб турган бу фидойи устознинг ҳаёт йўли фидокорлик, меҳр, сабр ва ибрат мактаби бўлиб қолади.

 Фарзандлари ҳам онасининг нурли йўлини давом эттириб келишмоқда. Озод Очилов - Тошкент давлат Шарқшунослик университети доценти, илмий изланувчи, бир қатор таржима ва илмий китоблар муаллифи. Маъруф Очилов - "Самарқанд Дори Дармон" МЧЖда фаолият юритувчи фармацевт. Маҳфуза Очилова - туманимиздаги 15-мактабда  инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб фаолият олиб боряпти.

Фотима Узоқова ҳаёти - инсонпарварлик, фидокорлик,  илмга бўлган муҳаббат тимсолидир. Аллоҳ таоло марҳум устозимизни ўз раҳматига олсин. Жойлари жаннатдан бўлсин. Устозимизнинг хотираси биз шогирдлар қалбида абадий яшайди.

Устоз тарбиялаган барча шогирдлар номидан 

 Амина ХУРРАМОВА.