Ҳидоят сари ИБОДАТ РИЁ УЧУН ҚИЛИНМАЙДИ


   Бугунги кунда минглаб юртдошларимиз эзгу ниятларига етиб, умра ва ҳаж ибодатларини адо этиб келишмоқда. Минг афсуски, айрим кишилар томонидан ҳаж ва умрадан сўнг ташкил этилаётган турли дабдабали кутиб олиш маросимлари-ю, исрофгарчиликлари халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам алоҳида мурожаат билан чиқиб, ҳаж ва умра сафаридан қайтган инсонларни  кимўзарига дабдабали тадбирлар қилишдан ҳамда исрофгарчиликлардан қайтарди.

 Дарҳақиқат, бугунги кунда умра амалларини адо этиб қайтганлар орасида “ҳожи оши” сингари маросимлар,  риёкорона ва хўжакўрсин зиёфатлар ўтказиш тобора одат тусини олмоқда. Маҳаллаларда зиёратдан қайтганларни беъмани одатлар билан кутиб олишаётганлигини қандай тушуниш мумкин? Гўё:  “Ҳамма кўриб қўйсин, мен муқаддас жойларда бўлдим”, демоқчими? Бу ахир кибрланиш, риёкорликдан бошқа нарса эмас-ку. Аслида, умра гуноҳлар кечирилишидан, жаннатдан умидвор бўлган ҳолда адо этилади. Қайтгандан сўнг эса барчага ўрнак бўлиб, хайрли ишларни кўпайтиради. 

   Афсуски, бугун айримлар бу йўлдан эмас, динимизга ёт бўлган исрофгарчилик, риё каби иллатлар билан овора бўлишмоқда. Қуръони Каримда: “...Шунингдек, еб ичингиз(лекин),  исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” деб амр этилган. (Аъраф сураси 31-оят). Исро сурасининг 26-27-оятларида: “Исрофгарчиликка мутлоқо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродаридирлар. Шайтон эса Аллоҳга нисбатан ўта ношукур эди”, деб огоҳлантирилган. Умрани адо этган киши улуғ фазилатларга эришиб келса-ю, юртимизга қайтиши билан исрофгарчиликка берилса, унинг ибодати, Каъбатуллоҳда қилган дуолари ижобат бўлармикан?! Риёга йўл қўйса-ю, қозонган савоблари ҳам йўққа чиқмайдими? Зеро, мусулмон одам риё қилаётганда, Аллоҳнинг фазли карамидан маҳрум бўлиб, Роббисининг қаҳру ғазабидан қўрқсин. Абдуллоҳ Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – кибрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти). Имом Шамсуддин Захабий “Ал Кабоир” китобида: Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилишини, яъни “Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор! Боравер, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажри мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”, дейилишини таъкидлайди.

                                              Гулнора АҲМЕДОВА,

                         Ойтамғали МФЙ отинойиси.