АҲОЛИНИ ПАРРАНДАЧИЛИККА ЖАЛБ ЭТИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Жорий йилнинг 13 август куни  Оқдарё туманида паррандачиликни ривожлантириш ва аҳоли хонадонларида парранда боқишни ташкил қилиш бўйича кўргазмали вилоят семинар-тренинги бўлиб ўтди
Тумандаги Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ташкил этилган мазкур тадбирда туман ҳокими Н.Сулаймонов, вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Абилов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаров, вилоят прокурори ўринбосари С.Усмонов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Норқулов, паррандачилик корхоналари раҳбарлари ҳамда туманлардан тегишли масъуллар иштирок этишди. Семинарда мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, самара ва натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда соҳанинг истиқболлари хусусида атрофлича сўз юритилди. 
Мамлакатимизда кейинги йилларда паррандачиликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, қолаверса, ҳукуматимиз, Президентимизнинг соҳа ривожига оид қатор қарорлари қабул қилинганлиги, бу мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Семинарда соҳани ривожлантириш бўйича ана шу фойдаланилмаётган имкониятларни ишга тушириш, паррандачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, услубий, ташкилий-техник ва ахборот хизматларини кўрсатиш, маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, уларнинг жаҳон бозорларига кириб боришига, мазкур корхоналарда илғор иш услублари, янги технологияларни жорий этишга, соҳа ходимлари, мутахассисларининг профессионал билим ва малакасини оширишга кўмаклашиш борасидаги ишлар кўлами ва сифатини ошириш лозимлиги қайд этилди.
- Йил бошида вилоятимиздаги паррандалар бош сони 13 миллион 448  мингдан ортиқ эди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Абилов. - Бу 2019 йилга нисбатан 584 мингга ёки 4,5 фоизга кўп. Хўжаликлар тоифалари бўйича соҳани таҳлил қилсак, жами парранданинг 47,5 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларда, 33 фоизи фермер хўжаликларида, 19,5 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Аслида соҳани янада ривожлантириш учун бундан-да катта имконият мавжуд. Чунки паррандачилик ҳар бир хонадонда йўлга қўйиш ва юқори даромад олиш мумкин бўлган сердаромад соҳа. Бугунги семинар ҳам хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш орқали аввало, аҳоли даромадини ошириш, қолаверса, бандликни таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Семинар иштирокчилари институтда ташкил этилган Фермерлар мактаби фаолияти билан ҳам танишди, мутахассислардан паррандачиликни йўлга қўйиш, боқиш ва даромад олиш борасидаги саволларига жавоб олишди.
Семинар иштирокчилари  2-сектор ҳудуди Даҳбед маҳалласидаги аҳоли хонадонларида парранда боқиш тажрибаси, хонадонларда паррандачилик йўналишида амалга оширилаётган ибратли ишлар билан яқиндан танишдилар. Ушбу маҳалладаги аксарият хонадонлар томорқачиликни даромад манбаига айлантириб, экин экиш, чорвачилик, айниқса, паррандачиликдан даромад олишни йўлга қўйишган. Семинарда ушбу маҳалланинг тажрибасини оммалаштириш бўйича тавсиялар берилди.