ПИЁЗ УРУҒИ ОРАСИДАН ЧИҚҚАН ОҒУ

Судланувчи Бобоев Исломжон (исми шарифи ўзгартирилган) 1978 йилда Оқдарё тумани "Бозоржой" МФЙ да туғилган, 3 нафар фарзанднинг отаси, вақтинча ишсиз. У 2022 йил март ойининг бошларида ўзи яшаб турган "Бозоржой" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли яшаш ўйининг ҳовлисидаги 10х15 м2 ҳажмдаги томорқа ерига қонун билан тақиқланган, таркибида гиёҳванд модда опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодиен ва тебаин мавжуд бўлган 80 туп "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётганлиги Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.
2022 йил 25 май куни Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган "Қорадори-2022" тадбири доирасида Исломжон Бобоевнинг яшаш уйини кўздан кечириш жараёнида ҳовлини томорқа қисмини атрофидаги мевали дарахтлар остига ва томорқадаги картошқа орасига экилкан "кўкнори" гиёҳвандлик  ўсимликлари экилиб, парваришланаётганлиги, ушбу "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимликлари жами 80 туп эканлиги маълум бўлди. Бунинг сабаби сўралганда И.Бобоев ўтган йили баҳор ойларида бозордан пиёз уруғи олиб келиб томорқасига экканлигини, ушбу томорқасига экилган пиёзни орасида икки туп "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлиги ҳам ўсиб чиққанлигини кўриб қолганлигини айтди. Ушбу "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлигини у ўзи атайлаб экмаганлигини, бозордан олган пиёз уруғини орасида "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлигининг ҳам уруғи бўлганлигини таъкидлади. Пиёз орасида ўсиб чиққан ушбу икки туп "кўкнори" ўсимлигини ўсиб турганлигини кўрганидан сўнг унда ушбу ўсимликни келгусида етишганидан сўнг уруғини олиб яна экиб кўпайтириш мақсади пайдо бўлганлигини, сабаби уни белида грижаси борлигини, кучли оғриқ бўлиб туришлигини, шунинг учун кучли оғриқ бўлган вақтда "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлигини истеъмол қилса оғриқ камайишини айтди. Шу мақсадда И.Бобоев куз ойларида ушбу икки туп "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлиги пишиб етишганидан сўнг уларни уруғларини олиб қўяди, қолган қисмини эса белида кучли оғриқ бўлган вақтларда ўзи еб истеъмол қилади. 
Эндиликда эса И.Бобоев суднинг қора курсисида ўтириб, ушбу "кўкнори" ўсимликларини касаллиги туфайли ўзининг истеъмоли учун етиштирганлигини, ҳозирги кунда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оиласида ёлғиз боқувчи эканлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.
Судланувчи Бобоев Исломжон Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Б.НАРБАЕВ,
    туман прокурори ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси.