УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ...

2020 йил 18 июль – Оқдарё ҳалқи ўзининг севимли содиқ фарзанди, туманимиз устозларининг устози, мутафаккир инсон - Жамол Исроиловни чуқур қайғу билан сўнгги йўлга кузатдилар. Халқимизда шундай нақл бор: “Келганингда ўзинг йиғлайсан, ҳаётда шундай яшагинки, кетганингда ҳамма йиғласин”. Дарҳақиқат, устозни кузатганимизда барча йиғлади... Янгиқўрғон, Оқдарё, Самарқанд, Ўзбекистон... 

Ўзбекистон қонунчилиги, Самарқанд маърифати, Оқдарё халқи ушбу кун  ўзининг фидойи ўғлони номини  абадий хотира дафтарига жойлади.

Жамол Исроилов нафақат, таълим соҳасида, алқисса,  ҳукуматимиз олиб бораётган сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар, қонунчилигимизнинг ривожланиши,  янги  фуқаролик жамиятимиз асосларининг яратилишида сидқидилдан фаол иштирок этди. Ватанимиз Мустақиллиги даврининг фаол иштирокчиси сифатида Оқдарё халқининг фаровон ҳаёти учун туманимизда кадрлар, раҳбарлар, туман, вилоят, республика халқ депутатларининг колицион мактабини яратди. Ўзи бош-қош бўлиб ташкил этган Янгиқўрғондаги 52- ихтисослаштирилган мактаб-интернати негизида туманимиз келажагининг олтин  пойдеворини тиклади. Устознинг бошлаган эзгу ишларини  шогирдлари давом эттирмоқдалар.  

Устоз, жойингиз жаннатда бўлсин,  берган илмингиз, ўгитларингиз, насиҳат-ларингизга абадий содиқмиз.

Устоз Жамол Исроиловнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий яшайди!


ОҚДАРЁНИНГ ЖАМОЛИ

(марсия)

Янгиқўрғонми , ё Эскиқўрғон?

Тупроққўрғонми, ё Тиллақўрғон?

Олимлар баҳслашиб келур асрлаб,

Офаринкент  васфи, таърифи чистон.


Ҳар юртнинг тарихи, даҳолари бор,

Донғини таратган донолари бор.

Навоийнинг юрти дерлар Ҳиротни,

Гарчи, Бойқародек подшолари бор.


Оҳ, она юртим, қадим Миёнкол,

Буюк Ипак йўлига ҳамоҳанг диёр.

Карвонинг сафида юкинг кўтарган,

Мардона авлодинг, ўғлонларинг бор.


Оқдарё –  оқар дарё эрур қадимдан,

Устозсиз ўзанини топмас дарёлар.

Устоз Жамол Исроилнинг нигоҳларидан,

Миёнколга таралди илму-зиёлар.


Юртимиз ҳар гўшасида Устоз изи бор,

Ҳар бир хонадонда шогирди яшар.

Устоз “Жамол мактаби”да ўқиган авлод –

Юртимиз келажагин қургувчи башар.


Нурга ўраб  очди  зиё масканин,

Ҳар бир ўқувчиси жону-дилидир.

Шогирдлари қучган ҳар бир ғалаба,

Устознинг умридан рози кунидир.


Янгиқўрғон илм ўчоғи бўлди,

Маърифат мактаби топди Жамолин,

Ўзбекистон бўйлаб келди шогирдлар,

Ўзбекистон қучди унинг камолин.


Халқи ишонди унга болаларини,

Ҳаттоки, ўзларин такдирини ҳам.

Энг олий остона – Олий Мажлисга,

Сайланди, халқ амри, қарори ҳакам.  


Устоз – устозларнинг ҳимоячиси,

Фаровонлик учун битди қонунлар.

Ҳукумат ишончи, элнинг ардоғи,

Кўксида порлади фахрий нишонлар.


Тадбиркорликда ҳам устоз, мураббий,

Мактаб учун қурди улкан бинолар.

Қурувчилар пири-комили бўлди,

Кучу-қудратини  айлаб фидолар.


Қишлоғини кўркам шаҳар айлади,

Илмдан белига камар бойлади.

Юртнинг ҳар бўғинида 

                        шогирдлар собит,

Ҳар бир қадамини зафар айлади.


Тонгда, мактаб ҳовлисидан 

                        бошланар   қабул,

Мажолислар  гавжум, турли муаммо

Ўқитувчи, ўқувчи, тадбиркор, фермер,

Маслаҳатга  аржуманд аҳли уламо.


Маҳалласин ҳар бир жони қадрдон,

Кўнгли яримларга бутун жон бўлди.

Устоз кирган уйда меҳру-муҳаббат,

Устоз борган жойга саховат тўлди.


Беш фарзанди эл-у, юртга намуна,

Ота йўлин тутиб кўнглин яйратди.

Ошна-оғайнилар бир гулшан бўлиб,

Ватан ичра гўзал ватан яратди.


Шу гўзал Ватан ичра бир нохуш хабар,

Чақиндек тарқалди титратиб жонни.

Шогирдлар даврасидан, элнинг

                                       бағридан,

Ажал тортиб олди жондек инсонни.


Янгиқўрғон, қўлларингни очгин дуога,

Оллоҳнинг суйган бандаси, 

                             фарзандинг  Жамол.

Эл хизматида  тик туриб, берди омонат,

Ўлим ҳақ, ожизмиз, йўқ бошқа савол.


Не бахт, исминг  юртга қўшиб айтсалар,

“Жамолнинг Оқдарёси!” - 

                                  мангу яшнайди!

Юрт номига исмингни қўшсалар не тонг,

“Оқдарёнинг Жамоли!” мангу яшайди!


Ойгул Муҳаммад.

                    Йўлчи Муҳаммад.