Инсон ва қонун ОТАСИДАН МЕРОС ҚОЛГАН “КАННАБИС” фарзандини жиноят кўчасига бошлади


  Судланувчи Фазлиддин Зиёдуллаев Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган яшаш уйининг томорқасидаги полиз экинлари орасига жами 8 туп таъқиқланган, таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб, етиштириб келган.
  Бундан ташқари у томорқасидаги экинлар орасига экилган ва  ўзи етиштирган 8 туп “каннабис” ўсимликларининг баргларини юлиб, қонунга хилоф равишда сақлаб келиб “марихуана” гиёҳвандлик воситасини тайёрлаб, 2021 йилнинг 24 август кунига қадар яшаш уйи томорқасида сақлаб келаётган эди.
  2021 йил 24 август куни Самарқанд вилоят Божхона хизмати ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан Оқдарё тумани ҳудудида ўтказилаётган “Қора дори-2021” кенг қамровли тадбир жараёнида Фазлиддин Зиёдуллаевнинг уйи томорқасида амалга оширилаётган қинғир ишга чек қўйилди. Жами 49,93 грамм ҳўл ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
   Суднинг қора курсисида ўтирган ва айни пайтда қилмишидан минг пушаймон Фазлиддинни охири берк кўчага киришига нима мажбур қилди. Ҳаётининг айни 60 ёшини қарши олаётган ва ўзининг оиласидаги уч нафар фарзанди, қолаверса, набираларига ҳар томонлама ибрат бўлиши лозим бўлган пайтида бу каби қинғир ишга қўл уриши оқибатида юзага келган кўнгилсизлик унинг юзини бир умрга  қора қилди. Бугунги кунда суднинг қора курсисида ўтирар экан, у ўзининг боши берк кўчага кириб қолишини қуйидагича изоҳлайди:
    - Ушбу ўсимликнинг уруғи марҳум отамдан қолган эски сандиқда сақланар эди. Отам ундан касал бўлганида оғриқларини қолдириш учун истеъмол қилишини, лекин уни ҳеч ким билмаслиги кераклигини, бу ўсимликни ўстириш ҳам, истеъмол қилиш ҳам қонун билан таъқиқланган эканлигини уқтирган эди...
    Шундай бўлсада, Фазлиддин отаси вафотидан сўнг эски сандиқни очиб, унинг тагида яширилган уруғларни териб олиб, 2020 йилнинг март ойларида томорқасининг экин экилган жойининг панароқ қисмига экиб қўйди. Гўёки, бош оғриғи унга бир баҳона бўлса-да, аслида “каннабис” уни ўз домига торта бошлаган эди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, 2021 йилнинг кўкламида у  яна ушбу ўсимликни экди, парваришлади ва баргларини териб қуритишга қўйди. Минг афсуски, сўнгги экин ҳосили Фазлиддиннинг бош оғриқларини қолдириш ўрнига, унга катта кулфат олиб келган эди. Негаки, ҳалқимиз томонидан “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ кунда ҳам чиқади”, деган нақл бежизга айтилмаган-ку.
     Суд ҳукми билан судланувчи Фазлиддин Зиёдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 
                                                    Ж.АРСЛОНОВ,
                    Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.
                                                    И.ДОНИЁРОВ,
                 жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.
Мавзуга оид: