ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИ СИЗГА МАЪҚУЛМИ?

2022/2023 ўқув йилидан давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади. Бу ҳақда "Халқ таълими вазирлиги" ахборот канали орқали хабар берилди. Хабарда айтилишича, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади. 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.
Жорий йилнинг 19 майида ҳукумат ўзининг қарори билан ягона мактаб формасига ўтишни 2022/23 ўқув йилидан бошлаб жорий қилди. Ушбу қарорни кенг жамоатчилик, ота-оналар қандай тушунди? Ягона мактаб формаси сизга маъқулми?
Биз ушбу савол билан тумандаги таълим муассаса раҳбарлари, ўқитувчилар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарга мурожаат қилдик. Қуйида улардан айримларининг фикр-мулоҳазаларини келтирамиз.
М. Нуриддинова, 46-мактаб директори:
- Ягона мактаб формасини аллақачон жорий этиш зарур эди. Чунки, мактабларда ҳам айрим ўқувчилар истаган кийимини кийиб, ўқувчилар ўртасида ҳам табақалашиш бошланиб қолган эди. Бундай ҳолатларда оддий оила фар- зандлари изза бўлиб қолар эди. Шу боисдан ягона мактаб формаси ташкил этилганлигини қўллаб-қувватлаймиз.
Э.Қаршиева, 4-мактаб 
психологи:
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ҳам, жамиятимизнинг турли қатламлари орасида ҳам мактаб ўқувчиларининг формаси ҳақида турлича қарашлар, ҳаттоки, бир-бирига зид ва қарама-қарши фикрлар ҳам билдирилмоқда. Шахсан мен ҳам мактабларда ягона форма жорий этилиши тарафдориман. 
Ўз вақтида биз ҳам барча тенгқурларимиз каби ягона формада мактабга борганмиз. Ўша даврлардаги мактаб формаси ҳам жуда қулай ва чиройли эди: "Мен буни кияман, мен буни киймайман",- демас эди ҳеч ким. Кўчада юрсак ўқувчилигимиз яққол сезилиб турар эди. Нима бўлганда ҳам мактабда ўқувчи ўқувчидек, ўқитувчи ўқитувчидек бўлгани мақсадга мувофиқдир.
Қ.Бегимова, 9-мактаб 
ўқитувчиси:
  - Авваламбор, мактаб ягона формага ўтгани яхши. Ўқувчилар ўртасида тенглик бўлади. Негаки, ҳар бир оиланинг яшаш шарт-шароити ҳар хил, ягона форма эса айни муддао. Чунки, ривожланган мамлакатлардаги мактабларда ҳам ягона форма жорий қилинганлигининг гувоҳи бўлганмиз. 
 М.Маҳмудова, 40-мактаб ўқитувчиси:
  - Ҳукуматимизнинг 666-сонли қарори билан тасдиқланган ягона форма бизга маъқул, чунки ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида фарқ бўлади.
  Д.Қурбонова, 15-мактаб
 ўқувчиси:
- Meн ҳам ягона форма тарафдориман...
Ота-оналар фикри:
Н. Қурбонова, 
Лойиш маҳалласи:
- Ўқувчиларнинг ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор узоқни ўйлаб чиқарилган, деб ҳисоблайман. Аксарият ота-оналарга ҳамёнбоплиги ҳам маъқул келмоқда. Кам таъминланган оила фарзандларига мактаб формаси давлат томонидан ажратилаётганлиги ҳам барчага манзур бўлмоқда.
Р.Сафина, 
Мустақиллик маҳалласи:
- 45-ИДУМда 3 нафар набирам таҳсил олади. Албатта, ягона мактаб формаси тарафдориман. Ўтгун ўқув йилида сотиб олган формаларимиз ҳам ҳозиргисидан қолишмайди. Нега энди уни ташлаб, яна янгисини олишимиз шартми? Болаларнинг костюмлари яп-янги турибди, ҳозирча фақат шимини сотиб олсак, бўлмайдими?
Дарҳақиқат, янги ўқув йилидан мактабларда жорий этиладиган ягона мактаб формаси ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Нима бўлганда ҳам кўпчилик юртдошларимизнинг фикрига кўра ушбу қарор ўз вақтида ва жуда тўғри қабул қилинган қарордир. Шундай экан, янги ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формасига ўтиш ва уни жорий қилиш борасида учраётган айрим муаммо ва саволлар ҳам албатта ўз ечимини топади, деган умиддамиз. 
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
                 махсус мухбиримиз.