БАЙРАМ ДАСТУРХОНИДА БОТУЛИЗМ ХАВФ СОЛМАСИН

Янги йилни кутиб олиш учун тўкин дастурхон ёзамиз. Афсуски, айнан мана шу байрамларда куз-қиш мавсумида ботулизмдан жабр кўрган кўпгина ҳамюртларимиз шифохонага тушиб қолишади.
Бироқ, уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган, ботулизм заҳари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури - ботулизм касаллигига дучор бўлиши мумкин.  
Касалликни уй шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Ботулизмдан заҳарланиш содир бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ҳозирда тиббиётда заҳарга қарши махсус зардоблар мавжуд бўлиб, беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса бу ҳолат асоратсиз кечиши мумкин.
Агар оила аъзоларингиз, фарзандларингиз соғлом бўлишини истасангиз, истеъмол учун яроқсиз консерва маҳсулотларидан воз кечинг. Айниқса, бозорлар, кўча-куйлардаги ноқонуний савдо расталарида сотилаётган консерваланган маҳсулотларни харид қилманг.
Шуни унутмаслик керакки, авваллари ҳам оналаримиз уй шароитида помидордан қоқи, узум, шафтоли, ўрик, беҳи каби мевалардан эса қиём, бодринг, помидор, карамдан эса сирли идишларда тузламалар тайёрлашган. Бу холда тайёрланган қиём ва тузламаларни истеъмол қилиш хавфсиздир. 
Инсонни соғлиғи қисман овқатланишнинг ўзи ва унинг алоҳида таркибий қисмлари (маҳсулотлар ва таомлар)нинг сифатига бевосита боғлиқ бўлади. Овқатланишнинг профилактикаси ҳам турли синфларга оид кўпгина касалликларнинг пайдо бўлишида  катта роль ўйнайди.  
Маълумотларга кўра, байрам арафасида жигар, буйрак ва ошқозон ости дардларига чалинган беморларда ушбу хасталиклар зўрайиши кузатилган. Бу ҳолатга албатта нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Байрам кунида нохуш ҳолатларга барҳам бериш учун, аввало, овқат истеъмол қилиш тартибига риоя этиш лозим. Кун давомида сабзавотли салатлар, ошкўклар, ҳўл мевалардан оз-оздан истеъмол қилган маъқул. Табиий маҳсулотлар кўпроқ ейилганда 50 фоиз ҳолларда ҳазм қилиш аъзолари яхши ишлаб, меъда-ичаклар иши осонлашиб, организмнинг овқат ҳазмига сарфланадиган энергияси бирмунча тежалади.
Меъда овқатга тўлиб кетса унинг ҳаракат функцияси ёмонлашиб, ошқозондаги озиқ моддаларнинг шира билан аралашиши қийинлашади ва ҳазм жараёни издан чиқади. Овқат тўла ҳазм бўлмай туриб яна таом ейилса ҳазм жараёни оғирлашади. Чунки овқат устига яна овқат тушиши шира ажралиш меъёрини бузади. 
Ҳазмни яхшилаш учун байрам дастурхони атрофида ўтирилганда кексалар, аввало, суюқ овқат ичганлари маъқул. Ошқозонда бироз оғирлик сезилса, дори ичишга шошилмасликлари, балки анор шарбати ёки меваси истеъмол қилганлари яхши. Янги ивитилган қатиқ, қирғичдан ўтказилган турп ҳазмга ёрдам беради. Лимон ўт (мелисса), маврак (шалфей), мойчечак (ромашка), далачой (зверабой) ўтларининг дамламаси ҳам худди шундай шифобахш хусусиятга эга.  Бордию, кексаларнинг байрам таомларидан кейин ошқозонларида оғриқ пайдо бўлса,  дарҳол мутахассисга мурожаат қилишлари лозим.
Болаларга газланган ичимликларни имкон қадар бермаслик керак. Айниқса, аллергияга мойил бўлган кичкинтойларга фақат табиий шарбатларни ичирган маъқул. Шунингдек, ҳомиладор аёллар, кўпинча,  ёғли ёки кучли қовурилган овқат еганларидан сўнг жиғилдон қайнашидан безовталанишади. Уларга маслаҳатимиз шуки, термосга дамланган маккажўхори попуги ёки мойчечак дамламаси овқат ҳазмида кўмакчи бўлади. Ҳазмни яхшилаш учун овқатдан кейин бир чой қошиқ олма сиркаси аралаштирилган ярим стакан илиқ сув   (агар  суюқлик нордон бўлса бироз асал қўшиб) ёки чой ўрнида ялпизнинг қуритилганини дамлаб ичиш ажойиб натижа беради.
Дори ичишга шошилманг! Овқатларни албатта хом ҳолатдаги сабзавот ва мевалардан қилинган салатлар билан қўшиб истеъмол қилинг. Ҳар бир овқатланиш оралиғида бироз пиёда сайр қилинг, еган овқатингиз ҳазм бўлгач, бошқа таомлардан тановул қилишигиз мумкин. Ширинлик ва пишириқларни овқатланиш оралиғида лимон билан биргаликда истеъмол қилганингиз яхши. Кун давомида оз-оздан сабзавот салатлари ва ҳар хил мевалардан тановул қилинг. Агар хамирли (масалан, манти, норин, чучвара ёки ҳоним сингарилар) ёки кучли қовурилган (палов, қозон кабоб кабилар), шунингдек, ўта ёғли овқатларни ейишга тўғри келса, албатта, ортидан иссиқ кўк чой ичиш лозим, бу оғир овқатларни ҳазм қилишга ёрдам беради. 
Овқат ҳазм бўлишини енгиллаштиришда дориларга ишониб қолиш тўғри эмас. Ошқозон-ичак, ўт қопи ва жигарнинг  "оғир" таомлар туфайли азоб чекмаслиги учун овқатлар оралиғида олма шарбати,  сабзи,   лавлаги,  турп ва карам қўшиб тайёрланган салатлар истеъмол қилинг.
Зиёфатдан сўнг… Байрам зиёфатидан кейинги кўпчиликда меъда-ичак муаммолари пайдо бўлади. Ошқозон кислотаси ортиши ёки камайиши ҳоллари ҳам рўй беради. Ҳайвон маҳсулотлари эса, кислотали муҳит ҳосил қилади. Резавор мевалар, бодринг, помидор, лавлаги кучли ишқорий реакцияга эга. Сабзи, картошка, карам, қовун, тарвуз, лимон, шафтоли, ўриклар кучсиз ишқорий хусусиятга эга. 
Шуни ҳам унутмангки,  тухум оқи, балиқ,  ўрдак, ғоз гўштларида кислоталилик муҳити юқори. Бузоқ гўшти, товуқ гўшти ва мол жигарида ўртача кислоталилик сақланса,  пишлоқ, арпа, қора нон, мол гўшти ва қўй гўштида кучсиз кислоталилик кузатилади. Агар   кучли кислотали хусусиятга эга маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилинса, ошқозон-ичак тизими фаолияти ёмонлашади ва қон реаксияси (меъёрда у кучсиз ишқорийдир) кислотали томонга оғиб юрак уриши тезлашади, ҳарорат кўтарилади, буйраклар иши жадаллашади, одам безовта бўлади. 
Ишқорий хусусиятли маҳсулотлар ейилганда ҳазм аъзолари иши енгиллашади,   қон реакцияси меъёрга тушиб, одам ўзини яхши  ҳис  қилади. Демак танадаги кислота - ишқорли муҳитнинг меъёрий бўлиб туриши учун кўпроқ табиий ўсимлик маҳсулотлари (сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, мева ва кўкатлар) еб туриш кифоя.
Овқат ҳазм бўлмасдан яна устма-уст овқат ейилганда, ўта ёғли овқат билан бирга турли аралашмалар қўшилган пишириқлар (кремли, қаймоқли, сариёғли пирожний ва тортлар) кетма-кет истеъмол қилинганда шундай ҳол рўй беради.
Асосий тавсиялар:
- Дастурхон нечоғли тўкин бўлмасин, ҳар бир овқатни истеъмол қилиш оралиғида ҳаракатда бўлиш лозим. Масалан, рақсга тушинг, бу пайтда организмингизда "шодлик гормонлари" миқдори кўпаяди;
- Иссиқ овқатлар оралиғида кўк чой ичинг;
- Оғир овқатларни турли ош кўклар билан бирга тановул қилсангиз ҳазмга кўмаклашади;
- Агар байрам кечаси кўпроқ овқат еб қўйган бўлсангиз,  эртасига нонушта қилманг.  
- Қуюқ овқатлардан олдин сабзавот ва мевалардан тайёрланган салатлар енг, чой ва бошқа ичимликлар ичинг. Бу нарсалар иштаҳангизни бироз жиловлаб,   кўп овқат еб қўйишингизни олдини олади;
- Дастурхонга сабзавотлар, оқсилга бой  маҳсулотлар  (товуқ гўшти ва балиқнинг ёғсиз турлари),  калорияси пастроқ бўлган ширинликлар қўйинг. Таомларни иложи борича бир кун ичида тайёрлаб истеъмол қилганингиз маъқул. Чунки қайта иситиб ейилган овқатнинг организм учун фойдаси камроқ бўлади;
- Байрам кунлари ўзингизни соғлом ҳис этиб, бардам ва тетик юришни истасангиз,  албатта овқатланиш тартибига қатъий риоя этишингиз зарур.
Баҳриддин МАРКАЕВ,
туман Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи.
Муҳиддин Шарипов,
 туман Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги жамоатчилик билан ишлаш
                                    бўлими мудири.