Бугунги кун мавзуси ЁШЛАР ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

Ҳозирги глобаллашув деб номланаётган даврда инсон кўпроқ ижтимоий тармоқларга вақт сарфлаши одат тусига айланди. 
Бу бир қараганда одатий ҳолатдектуюлсада, аслида жуда ҳам ўйлашга ҳамда фикр юритишимиз керак бўлган ҳолат ва 
муаммодир. Руҳшуносларнинг маълумотларига қараганда ёшларда бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитет 
тўлашаклланмаганлиги учун ўқиган ёки кўрган маълумотларига тез ишонади. Бундай ҳолларда уларнинг маънавиятига, 
руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши кўриниб турган ва исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Тўғри, интернет бугунги кунда кенг имкониятлар эшигини очди. Уйдан кўчага чиқмай туриб глобал тармоқ орқали дунё кутубхоналари бўйлаб сайр қилиб, курраи заминнинг нариги чеккасида жойлашган олий таълим муассасасининг масофавий (виртуал) талабаси бўлиш, ҳатто электрон хизматларни (матнларни таржима қилиш, видео ва аудиомаҳсулотларни тайёрлаб бериш, китоб ва рисолаларни саҳифалаш ва ҳоказо) шартнома орқали бажариш, пул ишлаб топиш мумкин. Хуллас, интернетнинг ижобий жиҳатлари бисёр.
Лекин интернет кўплаб фойдали жиҳатлари билан бирга салбий оқибатларини ҳам намоён қилмоқда. Аҳолида айниқса ёшларда ахборот истеъмоли маданиятининг сустлиги, турли хабарлар оқимидан кераклигини ажратиб олишда билим, малака ва кўникманинг етишмаслиги баъзиларнинг ғаразли кимса ва оқимлар таъсирига тушиб қолишларига, интернет қарамлиги касаллигига йўлиқишларига сабаб бўлмоқда. Хитой Халқ Репспубликасида интернетга қарамлик касаллик сифатида эътироф этилиб, уни даволовчи махсус шифохоналар ташкил этилгани сўзимизнинг исботидир.
Глобал тармоқ натижасида юзага келган энг катта муаммо, бу, албатта, қарамлик, тобелик касаллигидир. Ёшларнинг кўп вақтини инернетда ўтказишлари глобал муаммога айланиб улгурган. Умуман, интернетга қарамликнинг энг оғир жиҳати реал оламни, инсонийлик бурчи ва вазифаларини унутишдир. Инсон ҳақиқий ҳаётда яшаши, ҳалол меҳнат қилиши, илм олиши, зиммасидаги вазифаларини сидқидилдан бажариши, элу юртига фидойилик билан хизмат қилиши, атрофдагиларга фойда келтириши зарур.
Интернетда кўп вақтини ўтказадиган инсоннинг руҳиятида мавҳумлик ва ўз қобиғига ўралиб олиш ҳолати кузатилади. Бу эса уни келажакда "учинчи кучлар" томонидан манқуртлашиши, зомбилаштирилиши учун замин яратади. Бугунги кунда бузғунчи гуруҳлар ёшлар онгига таъсир қилишда асосан интернетдан фойдаланаётганлари бежиз эмас.
Айниқса, ёшларнинг катта қисми вақти беҳуда контентларга, кулгили видеоларга, ғийбат ва бўҳтонларга сарфланаётганлиги ачинарлидир. Баъзилар эса ёлғон обрў, сохта гўзаллик ва рекламаларга берилиб кетмоқда.
Интернетнинг яна бир салбий жиҳати - кишилардаги худбинлик, манманлик иллатининг кучайишига сабаб бўлишидир.
Бугунги дунё ёшлари - сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Бугун интернет маданияти, виртуал маданият, ахборот маданияти, маълумотлардан тўғри фойдаланиш маданияти каби тушунчалар ҳаётимиздан ўрин эгаллади. Ёшларда интернет оламида ўз ўрнини тўғри белгилаш ва фойдаланувчилар билан тўғри муомала қилиш, виртуал оламдаги ахборотларни тўғри таҳлил қилиш малакасини шакллантириш давр талабидир.
Шундай экан, ихтиёримиздаги восита, яъни телефон, бизни қул қилиб олмаслиги керак. Аксинча, биз уни бошқаришимиз лозим. Негаки, ҳар бир инсонга берилган вақт - бу энг катта неъмат. Уни ТикТок ёки Инстаграмда эмас, балки илм ўрганишда, китоб ўқиш ва ўз устида тинимсиз изланишда бўлса ҳар бир ёшнинг келажаги порлоқ бўлиши муқаррар.
 Гулсара ТИНИБЕКОВА.