Хотин-қизлар билан меҳнат шартномасини бекор қилинишида меҳнат қонунчилигининг талаблари

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган қоида ва меъёрларни тан олиш, уларни миллий қонунчиликка жорий қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича комплекс ёндошув ҳамда ижтимоий шерикликни янада кучайтиришга оид тадбирлар ҳукуматимиз томонидан белгиланиб олинган. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги  ПҚ-4235-сон қарори ҳам хотин-қизларнинг меҳнат муҳофазаларига қаратилган сиёсатнинг яққол мисолидир.
Қарорга кўра 2019 йил 1 майдан эътиборан аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниб, тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, бола парваришлаш таътилининг камида 3 ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши ва 2 ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқлаб қўйилди. 
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 237-моддасига асосан, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида корхонанинг бутунлай тугатилиши меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади. Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
Хотин-қизларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун ҳимоясидадир.
Сардорбек Алиев,
туман адлия бўлимининг етакчи маслаҳатчиси.