ҚОРАДАРЁ УСТИДА ЗАМОНАВИЙ КЎПРИК ҚУРИЛМОҚДА


Очиғини айтганда, бу кўприк қурилишини Оқдарё ва Пастдарғом туманларида яшовчи аҳоли асрлар мобайнида орзу қилиб келишган. Чунки Зарафшоннинг асосий ирмоқларидан бири бўлган Қорадарё орқали одамлар қанчадан-қанча машаққатлар чекиб ўтишганликларини ўзимиз ҳам гувоҳи бўлганмиз. Айниқса, Истиқлол маҳалласининг Оқсулот, Сарка, Авазали маҳалласининг Қоратери қишлоқларида яшовчи аҳолининг қабристонлари Пастдарғом тумани ҳудудида жойлашганлиги туфайли бирор фуқаро вафот этса ёзнинг иссиқ кунларида, сув тошган пайтда ниҳоятда қийин кечган. Одамларнинг айтишига қараганда, баъзи ҳолларда вафот этган кишини олиб ўтиш чоғида сув тошқин вақтида майит сувга оқиб кетган пайтлар ҳам кузатилган экан. Қарийб эллик йилдан буён аҳоли томонидан турли давлат идораларига, Олий Мажлис депутатларига кўп бор мурожаат қилинди. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади.
Бундан бир неча йил илгари Президентимиз Самарқанд вилоятига ташриф буюрган чоғида аҳоли томонидан мурожаат бўлгач, ишлар бир мунча олға силжий бошлади. Керакли ташкилотларга топшириқлар берилиб, маблағ ҳам ажратиладиган бўлди. Айни пайтда эса Самарқанд кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси бу ишни ўз зиммасига олиб, замонавий типдаги бу иншоотни қуриш ишларини жадаллик билан олиб боришмоқда. Узунлиги 144,5 метр, эни эса 4,5 метр бўлган бу кўприкнинг юк кўтариш ҳажми 100 тоннани ташкил этади. Кўприк қурилишига 9 миллиард 231 миллион сўмдан ортиқ маблағни ажратилганлиги ҳам бу иншоотнинг нақадар салмоқли эканлигини билдиради.
- Халқимизнинг ишончини қозониш учун ишчиларимиз астойдил меҳнат қилишаяпти, - дейди қурувчиларга раҳбарлик қилаётган прораб Фаёз Тўйчиев. - Бу борада кранчи Маъруф Қаршибоев, ишчи Бектош Жуманов, ҳайдовчи Дилшод Ашуров, бурғаловчи Шавқиддин Исломовларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ бўляпти. Улар эрта тонгдан то шомга қадар ўзларига берилган топшириқни аъло даражада бажариб, кўпчиликка намуна бўлишмоқда. Биз йил охиригача кўприкни фойдаланишга топширишга астойдил ҳаракат қиляпмиз.
Биз кўприк қурилишида фаол иштирок этаётган ишчилар ҳузурида бўлиб, уларга яратилган шарт-шароитлар билан қизиқдик. Бу ерда кунига ишчилар учун доимий равишда иссиқ овқат тайёрланади. Ётадиган жойлари ҳам сарамжон-сариштали. Ишчилар эса доимий равишда маҳалла фаоллари хабар олиб туришларини, керак бўлса зарур асбоб-ускуналарни, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етказиб беришаётганликларини алоҳида таъкидлашди. Кўп йиллар собиқ Самарқанд жамоа хўжалигида раҳбарлик вазифасида фаолият кўрсатган, айни пайтда пенсияда бўлган, маҳалла фаоли аниқроқ айтадиган бўлсак, кўприк қурилиши учун ҳаракат қилаётган Абдумажид Турсуновни шу ерда учратдик. Унинг айтишича, бугун қўй сўйишиб, баракали меҳнат қилаётган қурувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришаётган экан.
- Кўприк қурилишини бошланиши халқимизга бир олам қувонч келтирди, - дейди Абдумажид ака. - Ахир бу кўприкни ота-боболаримиз ҳам орзу қилишган эди. Фақатгина мустақиллик йилларига келиб бизнинг давримизда ниятимиз амалга ошаяпти. Қурувчиларимиз ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб меҳнат қилишмоқда. Уларнинг меҳнати машаққатли эканлигини яхши биламиз. Шу боисдан қўлимиздан келганча уларга ёрдам қўлини чўзаяпмиз.
Бундай сўзларни Оқсулот қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Мустафо Ражабовдан ҳам эшитдик. У киши ҳам кўприк қурилиши қишлоқдошлари учун ҳам катта байрам бўлганлигини, энди қўшни туман аҳолиси билан келишган ҳолда бирорта бозор қуриш масаласида ҳам маслаҳатлашишганлигини ҳам айтди. У кишининг гапларида жон бор. Агар собиқ Самарқанд ва Гулистон жамоа хўжалигиларида яшовчи аҳоли Жума шаҳрига бормоқчи бўлса 70-80 километр йўлни босиб ўтишга тўғри келарди. Эндиликда эса бу масофа қарийб икки баравар қисқарди. Шу боисдан ҳам ҳар иккала туманларнинг аҳолиси кўприк қурилиб тугалланишини орзиқиб кутишмоқда. 

Й.МУҲАММАДИЕВ. 

Мавзуга оид: