ОҚДАРЁНИНГ ФАХРИ ЭДИ

Оқдарё туман халқ таълими соҳаси оғир жудоликка учради. Шафқатсиз ўлим бутун умрини халқ таълими соҳасини ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсон, ташаббускор, ташкилотчи раҳбар Акбар Муҳаммадиевни орамиздан олиб кетди.
Акбар Муҳаммадиев 1947 йилнинг 28 августида “Гулистон” жамоа хўжалигининг Холдор қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди.  Ёшлигидан илмга, санъатга меҳр қўйди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Мусиқага, санъатга бўлган иштиёқ уни Низомий номидаги Тошкент педагогика интитутининг мусиқа факультетига етаклади. Имтиҳонлардан аъло баҳо олиб, талабаликка қабулқилинди. Институтда ҳам устозлардан чуқур сабоқ олди. Айниқса ўша даврнинг машҳур ҳофизи Фахриддин Умаров билан танишиб, шогирдликка тушди. Бу инсоннинг қўшиқларини куйлаб элга танилди.
Институтни муваффақиятли битиргач, ўз меҳнат фаолиятини Лойишдаги 7-сон болалар мусиқа мактабида оддий ўқитувчиликдан бошлади. Ўз соҳасини чуқур билиши туфайли унинг шогирдлари вилоят ва республика миқёсидаги турли танловларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллай бошлашди. Шу боис кўп ўтмай у мусиқа мактаби директори вазифасига тайинланди. У директор сифатида жамоага истеъдодли, билимли кадрларни жалб қилиб, бу ерда мусиқа сирларидан сабоқ олаётганларни доимий равишда рағбатлантиришга эътибор қаратди. Бир неча йил туман марказий маданият уйи директори вазифасида фаолият юритди. Ўзининг қобилияти, ташкилотчилиги туфайли Акбар Муҳаммадиев кўп йиллар туман халқ таълими бўлими касаба уюшмаси раиси сифатида фаолият кўрсатиб, тизимдаги ходимларни соғлигини сақлаш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Қатор йиллар мобайнида у 16- ва 46- мактабларда директор сифатида самарали фаолият кўрсатиб, ёш авлодни чуқур билим олиши учун астойдил ҳаракат қилди. Ўнлаб шогирдлар тайёрлаб, уларни она Ватанимизга садоқатли фарзандлар бўлиб етишишлари учун ҳаракат қилди.
Ташаббускор раҳбарнинг хизматлари муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ таълими аълочиси ва Халқ таълими вазирлигининг бир қанча Фахрий Ёрлиқлари билан тақдирланган эди. Нафақада бўлишига қарамасдан маҳаллада бўлаётган барча ободонлаштириш ишларида ва байрам тадбирларда фаол иштирок этарди.
Ташаббускор раҳбар, садоқатли дўст, самимий ва фидойи инсон Акбар Муҳаммадиевнинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди. Охиратингиз обод бўлсин, азиз устоз!
Туман халқ таълими бўлими, 16- ва 46-мактабларнинг педагогик жамоалари.