КАСАБА УЮШМАЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни туман Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши биносида "11 ноябрь -Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни" муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши масъул ташкилотчиси Саидмурод Ҳасанов сўз олиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ходимларига яратиб берилган шароитлар, имтиёзлардан унумли фойдаланиш, турли кўрик-танловлар орқали иштирок этиб, моддий ва маънавий рағбатларга эга бўлиш, бунинг учун кенгаш билан алоқани янада мустаҳкамлаш билан бирга барча ходимларни ҳам жалб этиш кераклиги хусусида сўз юритди. Шунингдек, тадбирда тўпланган корхона, ташкилот ва қишлоқ хўжалиги тизимида бўлган касаба уюшмаларининг фаол раислари, айни пайтда нафақада бўлган меҳнат фахрийларидан Файзулла Бўронов, Баҳодир Маматкаримов, Мамарасул Қурбонов ҳамда Умарқул Ўроқовлар сўз олиб, кейинги йилларда касаба уюшма томонидан ибратга лойиқ хайрли ишлар амалга оширилаётганлигини  алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан таъсис этилган "Фахрий ёрлиқ" ҳамда эсдалик сов-ғалар бир гуруҳ бошланғич ташкилот касаба уюшмалари раисларига туҳфа     этилди. 
Худди шундай тадбир 14-сонли мусиқа санъат мактабида ҳам бўлиб ўтди. Унда  Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси, туман кенгашининг депутати Жамол Худойқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова ва таълим тизимидаги бошланғич ташкилот касаба уюшма раислари иштирок этишди.
Тадбир давомида 11 ноябрь - Касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори асосида "Ёш китобхон" танловининг ғолиблари, таълим ва фан ходимлари туман бўлинмаси кенгаши раиси соврини учун ўтказилган волейбол бўйича аёллар ва эркаклар ўртасидаги ғолиб жамоалари ҳамда касаба уюшмалари тизимида узоқ йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган бошланғич касаба уюшма раислари туман кенгаши томонидан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Жамол Худойқулов самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги хизматлари учун Вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
С.Ибрагимов.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.