МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш каби ижтимоий ҳуқуққа эгадир. Ўзбекистон Республикасида инсон манфаати, унинг қадр-қиммати олий қадрият деб эътироф этилганлиги ҳаммага маълумдир. Юртимизда олиб борилаётган адолатли, инсонпарварлик ғояси билан суғорилган сиёсатнинг мазмун-моҳияти бугун амалга оширилаётган ислоҳотларда акс этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига мувофиқ, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларининг муддати қонун билан белгиланган. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида кенг ёритилган бўлиб, унга кўра, ишнинг тугаши билан ке-йинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Дам олиш кунларида иш вақтидан ташқари вақтда ишлатиш тақиқланади.  
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши белгиланган яъни "Мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан тахдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади" дейилган.                    
Халқаро Меҳнат ташкилотининг ихтисослаштирилган муассасаси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойили, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва энг асосий меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Халқаро Меҳнат ташкилоти томонидан бугунги кунга қадар 189 та Конвенция ва 202 та Тавсия қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат ташкилотига 1992 йил март ойида аъзо бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинган. "Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида"ги 29-сонли Конвенцияда ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан мажбуриятлар киртилган. Шу масалага оид яна бир асос солувчи Конвенция "Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида"ги 105-сонли Конвенция бўлиб, унда зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган. Сўнгги пайтларда барча даражадаги ҳокимлар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек қишлоқ хўжалигидаги турли ишларга мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кузатилганлиги, мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ходимларини қўрқитиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзларни ва ҳаттоки, куч ишлатиш ҳолатлари ҳам қайд этилганлиги сабабли мазкур қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлган.
Энди ушбу қарорга асосан ҳашарларни ўтказиш учун аниқ талаблар қўйилди, яъни умумхалқ ҳашарларини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда ўтказилади. Фуқароларнинг ушбу ҳашарларга қатнашишлари ихтиёрийлиги белгилаб қўйилганлиги Давлатимиз томонидан инсон қадр-қимматининг қадрланишидир.
Ушбу қарор билан автомобиль йўлларида, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчаларда, сув объектларида, қирғоқ бўйи ҳудуд ва зоналарда, қурилиш майдонларида, бино ва иншо-от томларида, хавфли ишлаб чиқариш объектларида, инсонларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф келтирадиган жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишлар ўтказиш тақиқланади ва бундай ҳолатлар аниқланса жавобгарлик белгиланган.
Юқоридаги асосларга кўра, пахта йиғим-терим мавсумида ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этиш, яъни пахта теришга интизомий чора кўриш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш билан таҳдид этган ҳолда мажбурлаш тақиқланади. Бундай ҳолатлар юз берганда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг худудий Давлат меҳнат инспекторлари томонидан тегишли чора кўрилиши белгиланди. Ҳозирги вақтда фуқароларни пахта йиғим-теримига мажбурий жалб қилишликка чек қўйилган.
Мамлакатимиз ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этишни тақиқлаш мақсадида, мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича жавобгарлик янада кучайтирилган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси белгиланган бўлиб, унга кўра қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно - Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 
Мамлакатимиз ҳудудида вояга етмаган шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жавобгарлик янада оғирлаштирилиб, ушбу ҳолат аниқланганда, вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб қилинган шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. 
Ушбу жарималар, мажбурий меҳнат аниқланган ҳолат бўйича Давлат меҳнат инспекторлари томонидан зудлик билан қўлланилади.
Иш берувчи томонидан ходимлар қонунга зид равишда мажбурий меҳнатга, ҳашарлар ўтказишга, ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан ҳашарга маблағлар ушлаб қолинганда, ходимлардан ёзма шаклда ариза олмасдан коммунал тўловларга маблағлар ушлаб қолиш ва байрам, дам олиш кунлари мажбурий тартибда жалб қилинганда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик вазирлигининг 1176 қисқа рақамига, шунингдек, телеграм мессенжеридаги @ mehnathuquq_bot ва dmi.mehnat.uz сайтига мурожаатингизни йўллашингиз мумкин. Шу билан биргаликда Оқдарё туман Камбағалликни қисқартириш ва банд-ликка кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига мурожаат қилсангиз, сизнинг меҳнатга оид ҳуқуқла-рингиз қонун билан ҳимоя қилинади.
Рустам ЎРОҚОВ,
 туман Камбағалликни қисқартириш ва
 бандликка кўмаклашиш бўлими 
                         Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.   
Мавзуга оид: