МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Ўзбекистонда 1930 йил 15 сентабрда "Республика болалар ва ўсмирлар умумий мажбурий бошланғич таълимни жорий этиш тўғрисида"ги қарорини қабул қилинди. Қарорда бундай дейилади: 
1. 1930-31 ўқув йилидан бошлаб 8 ёшдаги болалар учун, шаҳар ва ишчи посёлкаларида эса 8-9 ва 10 ёшдаги болалар учун умумий мажбурий бошлан-ғич таълим жорий қилинсин. 
2. 1929-1930 ўқув йилида биринчи босқич мактабларида ўқиган ва кейинги йилларда уларга янгидан кирган мактаб ёшидаги (8-10 ёшдаги) болаларнинг мактабда ўқишни охиригача (бешинчи группани битиргунча) мажбурий давомати белгилансин. 
3. 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган саводсиз ўсмирлар учун махсус бир йиллик, 2-3 йиллик ўсмирлар мактабларида мажбурий таълим белгилаб қўйилсин.
Қарорда район раҳбарияти зиммасига ўқувчиларга ёрдам кўрсатиш учун бюджетдан махсус фондлар ажратиш, майда миллат болалари учун ўқувчиларни она тилида ўқитиладиган махсус гуруҳлар ва мактаблар яратиш, қишлоқ раҳбарияти қошида умумий бошланғич таълимга ёрдам комитетлари ташкил қилиш вазифалари юкланди.
Кенг меҳнаткашлар оммаси томонидан қизғин қўллаб қувватланган мазкур тадбирлар республикада мактаб ишини янада ривожлантира бориш йўлини маълум даражада белгилаб берди.
Республика ҳукумати ҳузурида умумий бошланғич таълим комитети тузилди; бу комитет шу қарорни амалга ошириш юзасидан назорат ишларини олиб борди. 
Ўзбекистон ҳукумати 1931 йил 1 декабрда "Ўзбекистонда бошланғич таълим системаси тўғрисида" қабул қилган қарорида халқ маорифи ходимларига таълим системасини тартибга солиш, бошланғич мактаб билан ўрта мактаб ўртасида кўрина бошлаган тафовутни тугатиш таклиф этилди. Қарорда жумладан, бундай деб кўрсатилган эди:
«1). 8 ёшдан 11 ёшгача бўлган барча болаларни мактабга жалб қилиш учун мажбурий 4 йиллик таълим курси бўлган биринчи босқич бошланғич мактаб ривожлантирилсин.
2). 4 йиллик меҳнат бошланғич мактаби мажбурий етти йиллик меҳнат мактаби таълимига ўтиш тадбири бўлмоғи керак.»
Бу қарорни  чиқаришни сабаби шуки, қишлоқ бошланғич мактабларида болаларни ўқитиш кўпинча икки-уч йил билан чекланиб қолар эди, бу эса болаларни етти йиллик мактабларда ўқишни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилар эди. 
Қатъий тўрт йиллик таълимга ўтиш, бошланғич мактаб ишидаги ана шу жиддий етишмовчиликни бартараф қилди ва етти йиллик таълимни кенгроқ ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратди. Шу вақтдан бошлаб етти йиллик ва ўрта мактаблар фақат катта шаҳарларда эмас, балки район марказларида ҳам ишга туширила бошлади. 
Ўзбекистон мактабларида 1938 йилнинг 1 сентябридан бошлаб рус тили мажбурий ўқитиш режасига киритилган эди. Рус тили иккинчи синфларнинг иккинчи ярим йиллигидан шундай ҳисобда ўқитила бошласинки, ўқувчилар бошланғич мактабни тугатганларида рус тилининг оғзаки ва ёзма нутқини тўла равишда билиб олишлари назарда тутилган эди. 1930-1931 йилларда саводсизликни тугатиш мақсадида мажбурий бошланғич таълим жорий қилинди. КПнинг 16 съездида қабул қилинган қарорда "Умумий мажбурий бошланғич таълимни амалга ошириш ва саводсизликни тугатиш партиянинг энг яқин орадаги  жанговор оператив вазифаси бўлиши керак" деб белгилаб қуйилган эди.
Иккинчи жаҳон Урушининг оғир шароитлари республикада мактаблар ва ўқувчилар сонини камайиб боришига сабаб бўлди. Уруш йиллари умумий таълим мактабларининг IV,VII ва Х синфларни битириб чиққан ўқувчилар ҳақидаги статистик маълумотлар урушнинг охирига келиб бошланғич, етти йиллик ва ўрта мактабларни битириб чиқувчи ўқувчилар сони умуман камайиш тенденциясини кўрсатса, қишлоқ мактабларида эса битириб чиқувчи ўқувчилар сони янада кўпроқ камая борганлиги кузатилади, урушнинг охирги йилида қишлоқ мактабларининг VII синфларини битириб чиқувчилар сони икки баравардан кўпроқ, Х синфни битириб чиқувчилар эса тахминан икки баравар камайган эди.
Фронтга кетган ўқитувчиларни тўлдириш учун асосан ўзбек хотин-қизларидан мактаблар учун ўқитувчилар ва болалар уйлари учун тарбиячилар тайёрлаш мақсадида қисқа муддатли курслар ташкил этилди.
Ўрта мактабнинг қарайиб ҳамма ўқув фанларидан рус графикаси асосида дарс-ликлар нашр этилди, рус тилида ва ўзбек бошланғич синфлари учун, ўзбек тилида рус мактабларининг IV-V синфлари учун янги дасрликлар яратилди ва чоп этилди.
Бошланғич ва етти йиллик маълумотга эга бўлмаган 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш колхозчиларни 1950 йил 1 октябргача ҳисобга олиб чиқилган ва шу асосида кечки мактаблар ташкил этилди. Шу билан бирга кечки қишлоқ ёшлари мактабларини иши қаттиқ назорат остига олинди.
1950-1951 ўқув йилидан бошлаб Оқдарё туманида ҳам ишчи-ёшларни ва ишчи аёлларни ишчи-ёшлар мактабларига, Шу жиҳатдан хотин-қизларни қишлоқ ёшлари мактабларига жалб қилиш назарда тутилган эди. 
1970 ўқув йилидан бошлаб, узоқ йиллар фойдаланиб келинган ўқув режа ва дастурларга замон талаблари ҳисобга олинган ҳолда баъзи янгиликлар киритила бошлади. Ўқув режасида ўқувчиларни ортиқча иш билан банд қилиб қўйишни йўқотиш мақсадида, ўрта умумий таълим мактабининг типовой ўқув планида II-IV синф ўқувчилари ҳафталик ўқув юкламаси 24 соат, V-Х синфларда эса 30 ўқув соати қилиб белгиланди.
Ўзбекистон мактаблари учун янги ўқув планида тўрт йиллик бошланғич таълимидан уч йиллик бошланғич таълимга ўтиш, IV синфдан бошлаб системали фанлар ўқитишни жорий қилиш назарда тутилган. Ўрта мактаб ўқув планидаги шу муҳим ўзгариш даставвал бошланғич таълим ролини ўзгариши билан боғланганди. Шу йилларнинг яна бир ўзига хос бўлган хусусияти саккиз йиллик мажбурий таълимга ўтиб бўлиб мажбурий ўрта умумий таълимга ўтиш жадал суръатлар билан амалга оширишга киришилди. Ўрта мактабнинг ҳамма синфларида ўқув машғулотлари илгаригидек 1 сентябрдан бошланди ва I-IV синфларда 31 майда, V-VII синфларда 19 июнда, VIII-Х синфларда 25 июнда тугайдиган бўлди. Кузги таътил беш кунгача (5 ноябрдан 9 ноябргача), қишқи таътил 12 кунгача (30 декабрдан 10 январгача), баҳорги таътил 8 кунгача (24 мартдан 31 мартгача) қилиб белгиланган эди. 
(Давоми бор)
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактабнинг тарих 
фани ўқитувчиси.