Фарзандим-фахрим
ФАРЗАНДИМ - ФАХРИМ МЕНИНГ
Инсон қаерда ва қайси касбда фаолият юритмасин, она Ватанини қумсайди, уни ардоқлайди. Турмушнинг машаққатли йўлларини ёлғизликда босиб ўтар эканман, икки нафар фарзандимни ўқимишли, эл корига ярайдиган шахс сифатида тарбиялашни дилимга тугиб яшадим. ўзим медицина соҳасига қизиққанлигим боис, ўғлим ҳам, қизим ҳам медицина билим юртида таҳсил олишди.
ўғлим бир неча йиллар давомида туман Тиббиёт бирлашмасининг "Тез тиббий ёрдам" бўлимида медицина ходими сифатида фаолият юритди. Йиллар ўтиб ўғлимнинг кўнглида ҳарбийликка ҳавас уйғонди ва тенгдошлари қаторида Сурхондарё вилояти чегара қўшинлари армияси сафида хизмат қилди. ўзининг тиришқоқлиги, зийраклиги билан қўмондонликнинг ишончини оқлаганлиги боис, ўғлим Аслиддинни ҳарбий қисмда хизмат вазифасини давом эттиришни таклиф қилишди.
Мана бир неча йилдирки, фарзандим Ватанимиз сар-ҳадларини қўриқлашни ўзининг бурчи деб билиб, самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Аллоҳга минг бора шукр-ки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Буларнинг бари менинг ўғлим каби кўплаб юртимиз мард ўғлонларининг тунларни бедорликда ўтказиб, оиласи, опа-синглиси, ота-онаси ва ватандошларининг тинчлигини муносиб ҳимоя қилиши натижасидир.
Яқинда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўғлим Аслиддин Омонов хизмат қилаётган Жарқўрғон тумани Какайди қўрғони Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда бир гуруҳ фаол ходимлар қўмондонлик томонидан тақдирланди. Улар орасида ўғлим ҳам борлигидан кўнглим фахр ва ғурурга тўлди. "Кичик сержант" унвонини олиш билан бирга ҳарбий бўлинманинг "Ташаккурнома"си, Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланганлигини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. ўзимни дунёдаги энг бахтли она деб ҳисобладим. Ахир, оналар учун фарзандларининг улуғ мартабаларга эришишини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Зеро, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш мард, жасур, фидойи ўғлонлар қўлида экан, биз оналарнинг кўнгли доимо хотиржам бўлади.
Бизга ана шундай бахтиёрликни, тинч-фаровон ҳаётни бахшида этишда ўзларининг бор куч-ғайратини, матонатини аямасдан хизмат қилаётган барча Ватанимиз ҳимоячиларини байрам билан самимий қутлаб, уларнинг келгусида ҳам улкан марраларни забт этишида тилакдош бўлиб қоламан.
Ҳафиза МУСТАФОЕВА,
Янгиобод маҳалласи.
Туманимиз фахри
- 16 янв, 19:37
Адабиёт
- 24 ноя, 11:44