Шахсий ҳаёт дахлсизлиги

Шахсий ҳаёт деганда жисмоний шахснинг ўзи томонидан олиб бориладиган, ташқи таъсирдан ҳоли бўлган унинг жисмоний ва руҳий ҳаёти тушунилади. Яъни, шахсий ҳаёт бу оилавий, маиший муҳит, мулоқот муҳити, диний муносабати, иш    (ўқиш)дан ҳоли машғулоти, шахсий қизиқишлари ва бошқа шу каби чегараланган муҳитлар бўлиб, шахс булар ҳақида маълумотлар ошкор этилишини истамаслиги мумкин. 
Шу билан бирга, шахсий ва оилавий сир ҳам мазкур шахсий ҳаёт доирасидаги асосий унсур бўлиб, у бошқаларга ошкор қилишдан сақланадиган маълумотларни ташкил қилади. Масалан, шахсий ва оилавий сир сифатида фарзандликка олиш сирини, эр-хотиннинг ўзаро ҳаётини, ўзаро мулкий ва шахсий номулкий муносабатларини, бошқа    шахслар билан яширин муносабатлари (ҳатто иш-қий муносабатлари ҳам, ахлоқ нормалари бузилаётгани ҳақида жамоатчи фаол киши /блогер/ ёки ОАВ вакили - журналист сифатида ёндашувда ҳам унинг шахсиятини ошкор қилмаслик бўйича маълум норма ва журналистик анъаналари мавжуд) ва бошқа муносабатларига оид маълумотларни айтиш мумкин.
Демак, шахсий ҳаётга доир юқоридаги маълумотлар, шу жумладан, шахсий ва оилавий сир сақланадиган маълумотлар қонун билан қўриқланади. Улар фақат шахснинг розилиги билангина олиниши, сақланиши ва тарқатилиши мумкин.
Инсоннинг озодлиги, шаъни-ю қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Шунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади. Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонунан муҳофаза қилиш мақсадида Конституциямизнинг 25-моддасида "Ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги", 27-моддасида "Шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи" кафолатланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги 439-II сонли "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддасида "Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди", Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январдаги ЎРҚ-78-сонли "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунинг 6-моддасида "Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади", деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ-547-сонли "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 28-моддасида "Субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида мулкдор ва оператор ёки шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахс томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган талаб шахсга доир маълумотларнинг махфийлигидир. Мулкдор ва оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт", каби нормалар мавжуд.
"Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади.  Булар жумласига, жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми,туғилган вақти, туғилган жойи, вақтинча ёки доимий яшаш жойи, оиласи, ижтимоий ҳолати маълумоти, касби, лавозими, иш жойи, даромадлари ва мулкий ҳолати, телефон рақами, шахсий сурати, биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар киради.
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш биринчи мартада маъмурий, бир йил ичида қайта содир этилганда эса жиноий жавобгарликка асос бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46(2)-моддасига кўра шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида содир этилган бўлса, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шахсга доир маълумотларни олиш, тарқатиш, инсоннинг қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари муҳофазасидадир.
Сардор АЛИЕВ,
туман адлия бўлими 
етакчи маслаҳатчиси.