Туманимиз фахри

МАРДУ ЖАСУР ЎҒЛОНЛАРИМИЗ БОР БЎЛСИН
Она Ватанимизни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Зеро, юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланади. 
Шуни қувонч билан айтишимиз керакки, ўзбекистон Республикаси қуролли Кучлари сафида бугунги кунда азми шижоатли, куч-қувватли, ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган ёшлар орасида бизнинг тумандошларимиз ҳам борлигидан беҳад фахрланамиз.
Ана шундай мард ва жасур ҳарбийларимиз ҳақида фахр билан сўз юритар эканмиз, энг аввало уларнинг оиласи - ота-онаси ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Негаки, фарзанд тарбияси, унинг бирор бир касб-ҳунарни эгаллаши энг аввало унинг оиласига, унга берилган таълим-тарбияга боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳикоя- миз қаҳрамони бўлган Самандар қучқаровнинг оддий аскарликдан бошлаб, ҳозирги подполковник даражасигача етишишида ҳам албатта, ўзининг бутун умрини туманимиз халқ таълими соҳасини ривожлантиришга бахшида этган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган ота-оналари Мурод ака қучқаров ҳамда Дилором опа Темироваларнинг хизматлари алоҳида аҳамият касб этади. 
ўз касбига, ўз эътиқодига садоқатли бўлган зиёлилар оиласида туғилган Самандар ўзи таълим-тарбия олаётган 8-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларидаёқ Ватан ҳимоячилари сафида хизмат қилишдек шарафли касбни эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб олган эди. Ана шу мақсадга эришиш йўлида барча фанлардан аъло баҳоларга ўқишга, айниқса, жисмоний машғулотларни пухта ўзлаштиришга астойдил ҳаракат қилган Самандар ўрта мактабни муваффақиятли тугатиб, даставвал 1996-1998 йилларда Самарқанддаги ҳарбий лицейда таҳсил олди. Сўнгра эса 1998-2002 йилларда Тошкент Олий умумқўшин командирлари ҳарбий билим юртини ҳам муваффақиятли  тугатди. У ўзининг  билим ва малакаси ҳамда руҳий тайёргарлигини тинимсиз  ошириб борар экан, малакали мутахассис сифатида 2002 йилдан ўзининг иш фаолиятини бошлади. 
ўз касбига меҳр қўйган ёш йигит хизмат фаолияти давомида ўзига берилган барча вазифа ва топшириқларни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилар эди. Шу боисдан у республика қуролли Кучларида ўтказилган турли хил мусобақаларда иштирок этишга, бу борада ҳам ўзининг билим ва тажрибасини ошириб боришга интилар эди. Албатта, астойдил қилинган саъй-ҳаракат ўзининг самарасини кўрсатмай қолмас эди. У  "Энг яхши взвод командири",  " Энг яхши рота командири" сингари кўрик-танловларда фаол иштирок этган бўлса, 2007 йилда ўтказилган "Энг яхши батальон командири" ҳарбий мусобақасининг республика миқёсидаги ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Самандар қучқаров 2008-2010 йилларда ўзбекистон қуролли Кучлари академиясини муваффақиятли тугатди. Ҳозирги пайт- да подполковник ҳарбий унвонига эга бўлган Самандар қучқаров 2020 йилда ўзбекистон Республикаси қуролли Кучлар академияси  ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультети  давлат ва ҳарбий бошқарув мутахассислиги курсини битирди. 
Шуни қувонч билан тилга олиш лозимки, подполковник Самандар қучқаровнинг турмуш ўртоғи Муқаддасхон қучқарова ҳам ҳарбий сержант сифатида 2012 йилдан буён шартнома асосида ҳарбий хизматда фаолият юритади. Шунингдек, улар 4 нафар фарзандларини ҳам тарбиялаб келишмоқда. Уларни чинакам ҳарбийлар оиласи десак, асло адашмаган бўламиз. Негаки, Самандар қучқаровнинг укаси Фазлиддин ҳам ўз акаси изидан бориб, 2012 йилдан буён шартнома асосида хизмат килиб келмоқда. 2015 йилда у ўзбекистон қуролли Кучлари сержантлар тайёрлаш курсини тугатди. Сержант Фазлиддин қучқаров ҳам Ватанимиз сарҳадларида ўз бурчини сидқидилдан адо этиш билан бир қаторда ўз турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандини тарбиялаш-моқда.
Мурод ака ва Дилором опаларнинг қизлари Гулноза қучқарова  тумандаги 8-мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси  бўлиб фаолият юритади. Унинг ўғли Исломжон Эгамқулов ҳам тоғалари изидан бориб, 2020 йилда мажбурий ҳарбий хизматни муваффақиятли тугатиб, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи кичик сержант вазифасида хизмат қилиб келмоқда.
Ватанимиз тупроғидаги ҳар бир қарич ер муқаддас ҳисобланади. Ана шу ҳар қаричи муқаддас ҳисобланган она заминимиз сарҳадларини  кўзларига тўтиё этиб, Ватан меҳри, садоқати ҳамда халқимиз тинчлиги ва осойишталиги учун туну кун тиним билмасдан хизмат қилаётган мана шундай марду жасур ўғлонларимизга  тасаннолар айтамиз.
Зеро, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади. Шундай экан, жаннатмакон диёримизда ушбу тинчликни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларимизни касбий байрамлари билан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва албатта масъулиятли хизматларида куч-қувват тилаб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА
Мавзуга оид: