Адабиёт
«ЁЗУВЧИ»
Ҳикоя
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.)
Эшикдан шошилиб келган ҳамшира ҳам Ановхоним докторни чақираётганлигини айтди ва қўлидаги касаллик варақасини узатиб, буни ҳам олиб бораркансиз, деди. Доктор бир зум боши қотиб, нима бўлаётганига тушунмасдан Самарга, онасига бир-бир қаради. Сўнг бемор чақирганда қандай тез қадам билан юрса худди шундай йўлга тушди.
- Самар, сен ҳозирги суҳбатимизни бошдан-оёқ тасвирга оласан, доктор сиз ҳам касалингизнинг ҳамма илтимосини бажаринг, шундагина у тез соғаяди,- деди киноя ва ишонч билан Шарофатхон доктор билан бир қаторда шифохона залида бораётиб.
Улар жонлантириш бўлимига киришганда она-боланинг йиғидан кўзлари қизариб, шишиб кетган эди. Тезда хона тайёрланиб, интервью, видеоёзув бошланди, Шарофат она сўз бошлади:
- Ассалому алайкум, ҳурматли мухлислар, таништираман: ҳурматли доктор... ҳурматли миршаб... Ановхоним ва қизлари... кейинги саҳифаларимизда ҳокимият ходимлари, туман ҳуқуқ-тартибот вакиллари, маҳалла оқсоқоли ва бошқа гувоҳлар ҳам тўлиқ иштирок этишади. Бугун кечаси билан дунё аҳлига тарқалган Маҳалла оқсоқоли ва миршабининг бир оддий камбағал аёлни дўппослагани, бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлганлиги ва шофёр билан ўзаро жиноий тил бириктириб, махсус хизмат машинаси билан бостириб, мажбурий равишда касалхонага олиб, руҳий хаста деб ҳужжат тайёрламоқчи бўлганликлари тўғрисидаги хабар-ларнинг барчаси уйдирма ва маҳалла оқсоқолини обрўсини тўкиш, уйини тортиб олиш ва ишдан бўшатиш мақсадида қасддан қилинган ҳаракатлар эканлиги ошкор бўлди. Мана каршингизда ушбу ноқонуний ҳаракатларни уюштирган она-болалар туришибди. "Қаҳрамон" онамизга сўз берамиз:
Шарофатхон Ановнинг гапираолмаслигини билса ҳам савол аломатида юзланди. Анов кўзлари мўлтайиб қизига қаради. Қиз инкор ишорасини қилди. Анов яна Шарофатхонга, сўнг докторга қаради ва гапиролмайман дегандек тили ва бошини кўрсатиб имо-ишора қилди.
- Онам ҳақиқатан ҳам гапиролмай қолдилар, ақли ҳам жойида эмас, бунақа вазият кўп бўлиб туради, сизларга ариза ёздим, руҳий ҳолатини аниқлаш учун, илтимос ёрдам берингизлар, онам бу ҳаракатларини ҳуши ўзида бўлмасдан содир этган...
Шарофатхон қизнинг қўлидаги аризани олиб докторга берди ва ўзининг қўлидаги бир даста ҳуж-жатларнинг юзасида турган тушинтириш хатини алоҳида олиб таъкидлади:
- Мана бу Ановхонимнинг ўз қўллари билан ёзган аризаси ва тушунтириш хати: Биринчидан, ҳеч қандай экспертиза шарт эмас, иккинчидан, бу аёлни миршаб урмаган, қўлидан ҳам ушламаган, бошини ёрмаган, мана, бинтни ечиб ташладик, аёл ўз тирноқлари билан юмдалаганини тан олди, шифокорларга ҳам эътирози йўқ. Учинчидан, ЮТБда тарқалган жанжал воқеаси эса, пандемия даври бўлишига қарамасдан тумонат одамни таклиф қилиб, уйида тўй қилган фуқаро, оқсоқолни қўшнисининг тўйидан маст ҳолда чиққан Ановхонимнинг кайф аралаш қилган ҳаракатлари. Ҳақиқатан ҳам бу аёл ўз машинасидаги бензин солинган идишни олиб,оқсоқолнинг уйига ўт қўймоқчи бўлган, миршаб йигит бунга йўл қўймаган Ановхоним ҳукумат ходими маҳаллакомга, айниқса, ички ишлар ходими ўз вазифасини адо этаётган вақтида унга нисбатан куч ишлатиб, устига бензин қуйган. Атрофда йиғилган одамларни унга қарши куч ишлатишга чорлаб, йиғилганларда ҳукуматга қарши норозилик кай-фиятини ошириш мақсадида жиноий ҳаракатлар содир этган. Ҳозирча, бор гап шу, азиз мухлислар. Мана бу аёлнинг ўзининг руҳий хаста эканлиги, ҳаракатларига жавоб бера олмайдиган ҳолатда эканлиги ва соғлигини текшириб кўриш ҳақидаги аризаси. Мана бу юзлаб фамилиялар эса Ановхоним ёзган туҳмат аризалари, шикоятлари асосида жабрланган ва ҳозирда иши тергов ҳамда судда кўрилаётган фуқаролар. Ановхоним буларга нисбатан ёзган барча даъволаридан воз кечди ва қилган туҳматлари учун жазодан қутилиб қолиш ниятида ўзининг руҳий хаста эканлигини сабаб қилмоқда. Хулосани эса, тиббиёт ходимлари ҳамда ҳуқуқ органлари белгилайди. Оқдарёдаги тунги ғалаёнлар тонг чоғида ана шундай якун топди. Боқиманда “ёзғувчи”лардан сақланинг, булар биз учун вирусдан ҳам ёмон душман. Хайр, омон бўлинг!”. ўчир!- деди Шарофатхон ўғлига қараб. Самар телефон камерасини ёпди.
- Ташла, ҳозирнинг ўзида ЮТБга узат, дунё кўрсин, телефон меники, ҳаммасига ўзим жавоб бераман, - деди Шарофатхон.
Самар битта бармоқ уриш билан бу хабар ҳам интернет қозонига тушди. Хабар бир зумда барча тармоқларга тарқаб кетди. Хонада ҳамма жим, фақат, Самарнинг ҳаракатларига тикилиб турибди.
- Ойижон, ойижоним менинг, -Самар ойисининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, юзларидан ўпди. Қандай уддаладингиз буни, Миёнколда бу аёлга ҳеч ким бас келолмас экан-ку?
- Ким айтди бу гапни, ҳар бир яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ўз кушандаси бўлади. Бу аёлнинг кушандаси сен бўлдинг. Буни ҳақиқат дейдилар. Кетдик, ўғлим.
Она-бола “ёзғувчи”лардан бошқа хонада ҳеч ким қолмади. Доктор қўлидаги Ановхонимнинг руҳий хасталигини текшириб кўриш ҳақидаги аризаси учун Шарофат онадан миннатдор бўлди:
- Аслида бу аёлнинг ўзи “псих”, текшириш учун қизидан ҳам, оғай-ниларидан, маҳалла жамоасидан ҳам талабнома ололмай юрувдик, мана энди ўзининг аризаси ҳам бор, бугуннинг ўзида “Д” рўйхатига оламиз, худога шукур-ей, энди бирорта аризаси текширилмайди бунинг. Сиз қанча одамларга яхшилик қилганингизни, туҳмат-у, ҳақоратлардан, жиноятлардан қутқарганингизни биласизми, синглим?!
- Қорнинг ҳам очиб кетгандир,-деди Шарофатхон боласига.
Доктор уларни хонасига таклиф қилди, икки пиёла ширин чой билан сийлади.
- Сизлар бир оз кутиб туринглар, келиб жавобини айтаман.
Доктор Анов ва қизининг аризасини олиб поликлиника мудирининг хонасига чиқиб кетди. Самар яна онасига юзланди:
- Ойи, бу ерга қачон келгандингиз, мен ярим кечагача шу ерда эдим-ку, сизни нега кўрмадим?... Раҳмат, ойижон!
- Раҳматни дадангга айт, Анов ва қизи тўғрисидаги фактларни асраб юрган эдим. Ановга кўрсатдим, мен ҳам ўша суратларни, видеони ЮТБга ташлайман дедим. Бошқа иложим қолмади. Даданг истамади, лекин, сенинг тақдиринг учун бир марта қайсарлик қилдим. Бор гап шу...
- Тавба... Бир кунда-я? Бир кечанинг ўзидаёқ, нечта одам билан учрашган бўлсам, ҳаммаси менга таъзия билдириб, эртага ишдан кетасан деб турувди. Ҳатто, оқсоқол ҳам ишдан бўшамоқчи, хотини ўзини ўлдирмоқчи бўлиб турганди. Бошлиғимизнинг боши қотган, ЮТБдаги шармандалик, тепадан келган тўпалонлардан прокурор ҳам, ҳоким ҳам ўзини йўқотган эди...Қойил!
- Бу жанг – оналар жанги бўлди, ўғлим. Аёл қалбининг энг нозик жойи – фарзанди. Биламан, нотўғри қилдим, аммо у ҳам, мен ҳам боламиз учун яшаяпмиз. Ановнинг қизи ҳам боласи учун қайғуради. Ҳамма онанинг боласи ўзига азиз... Аслида, ҳаёт оналар қалбининг курашларидан иборат. Ановни тинчитиш учун бошқа йўлим қолмади. Ҳамма излар босилиб, унутилиб кетди деб ўйлашган экан. Суратларни кўриб, маълумотларни ўқигач, қиз шу қадар нафрат билан онасига ташландики, “Бир марта ҳаётимни барбод қилганингиз етади, энди оиламнинг бузилишига йўл қўймайман, агар, бу гапни эшитса, эрим шармандаларча мени уйдан ҳайдайди, болаларимни ҳам бермайди, агар шундай бўлса, сизни ўлдираман, - деб роса бақирди, онасини дўппослади, зўрға ажратдим. “Оиламни, эримни, болаларимни яхши кўраман, опажон, бу ишни қилманг, болаларимни етим қолдирманг - деб қизи менга эланиб, ёлворди. Охири шу битимга келдик. Анов шу заҳотиёқ тилдан қолди. ўғлим, ушбу масалада сендан фақат битта илтимосим бор, - Шарофатхоним оҳиста ўрнидан туриб, Самарни қучиб, бошини кўксига босди, - бу тадбирнинг ечими орамизда сир бўлиб қолсин, ўғлим, ҳеч кимга айтма! Оила ҳамда фарзандларнинг ҳаётини доим асра, уларга зарари тегадиган ишни қилма, асло!
Хонага шошилганча доктор кириб келди:
- Ана биз билан боғлиқ ишлар битди. Бош врач ҳам хурсанд , ахир, неча йилдан бери “Эрим иш жойида ўлди, сизлар заҳарладиларинг”, деб ёзавериб жонимизга теккан эди. “Овсиним эримнинг ўйнаши, бу ерда ишлашга ҳаққи йўқ” деб ёзаверди-ёзаверди охири у бечорани ишдан бўшатдик, уни бошқа жойларга ҳам ишга олдирмади, қизини ҳам шифохонага ишга қўймади. Энди, бош врач оқсоқолнинг хотинини ишга чақирамиз, қизини ҳам ишга оламиз деди. Ҳаммаси сизнинг қадамингиздан миршаб бола, омон бўлинг!, - деди доктор эшикдан кириб токи курсисига ўтиргунча тўхтовсиз гапириб.
- Ана, кетишяпти, онасини Тошкентга обкетаркан, илоҳим қайтиб келмасин,- дея хонага ҳамшира қиз югуриб кирди, - кетишяпти, доктор, хайрият, тош тополмадим, ортидан ручкасини синдириб отдим, эмига тушсин, иншооллоҳ. - Сизни шофёрингиз чақиряпти,- деди яна гап давомида Самарга қараб.
Давоми бор.
Ойгул МАМАТОВА.