НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Судланувчи Рашидова Зарнигор (исми-шарифи ўзгартирилган), тумандаги "Авазали" МФЙга қарашли бўлган Авазали қишлоғида яшайди. Оилали, 4 нафар фарзанднинг онаси, маълумоти олий, айни пайтда нафақада. У жамиятимиздаги қонун-қоидаларга риоя қилиш лозимлигини билсада, туман захирасида бўлган суғориладиган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. 

Келгусида у ушбу ердан фойдаланиш мақсадида, 2022 йил октябрь ойининг охирларида Ўзбекистон Республикаси "ЎзДавЕрлойиҳа" институти Самарқанд вилоят филиали томонидан шакллантирилган қишлоқ хўжалиги харитасида 168-контурдаги туман заҳирасида турган олмазор ўрни бўлган, суғориб ва ҳайдаладиган ер майдонига қонуний ҳуқуқи бўлмаган ҳолда 90.0 м2 қисмида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаб, бетон пойдевор қуриб, ушбу ер майдонига 7.436.407 сўм зарар етказган.

Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасининг 18.08.2023 йил кунидаги мутахассис хулосасида Рашидова Зарнигор томонидан "Авазали" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли "Авазали" массивидаги дала томорқаси ер майдонлари ҳисобида бўлган, 53 балл бонитетга эга бўлган ердан фойдаланиш қишлоқ хўжалик харитасининг 168-контуридаги суғориб ҳайдаладиган ер майдонига, қонуний ҳуқуқи бўлмаган ҳолда 90.0 м2ҳажмдаги қурилиши битмаган уй-жойнинг бетон пойдевори қуриб олганлиги натижасида ернинг унумдор қатлами йўқ қилиниб, суғориб ҳайдаладиган ерга 7.436.407 сўм зарар етказганлиги кўрсатилган.

Суд судланувчи З.Рашидованинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, нафақахўрлигини у томонидан содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд деб ҳисоблади.

Судланувчи Рашидова Зарнигор, Ўзбекистон Республикаси ЖК 2291-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 2291-моддасининг 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С.КАБИЛОВ,

вилоят прокурорининг катта

 ёрдамчиси.

Мавзуга оид: