ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ АРАЛАШУВИ БИЛАН ВЕТЕРИНАРИЯ ПУНКТЛАРИ МУДИРЛАРИНИНГ ТЎЛАНМАЙ ҚОЛГАН ОЙЛИК ИШ ҲАҚЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛИШИ ТАЪМИНЛАНДИ

Маълумки, бугунги кунда юртимизда чорва моллари ва паррандалар бош сонини барқарор оширишни таъминлаш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни самарали ташкил этиш, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина мисол сифатида Республикамизда наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, сунъий уруғлантиришни тизимли ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасидаги эпизоотик осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 март куни “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4254-сон қарори қабул қилиниб, мазкур қарор билан ветеринария участкаларидаги 1.500 нафар ходимларга қўшимча равишда чорва моллари наслини яхшилаш ва сунъий уруғлантириш вазифаси юклатилаётганлиги инобатга олиниб, уларнинг тариф разрядлари 3 разрядга оширилган.

Шу мақсадда, туман адлия бўлими томонидан туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  мазкур Қарор талабларига риоя этилиши аҳволи мониторинг тарзида ўрганилди. 

Мониторингда туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг 20 нафар ветеринария пункти мудирларига 2019 йилнинг август-декабрь ва 2020 йилнинг январь-май ойларида жами 40 млн. 937 минг сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Ўрганиш якуни бўйича туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига тақдимнома киритилиб, адлия бўлимининг амалий кўмаги билан ветеринария пунктлари мудирларига 40 млн. 937 минг сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланди.

Зеро, инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний манфаатлари йўлида амалий ёрдам кўрсатиш адлия органлари олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. 

А.КУЙЛАНОВ,

туман адлия бўлими 

бошлиғи вазифасини бажарувчи.