"БИЗ КИМ ЭДИГУ, КИМ БЎЛДИК"

1983 йилдан ўзимнинг педагоглик фаолиятимни тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида бошлаганман. Ҳозиргидек эсимда, олий таълимни битириб, зўр қизиқиш билан ўз фаним бўйича ўқувчиларга бор меҳрим билан дарс ўтиш, уларга адабиёт фани бўйича севимли шоир ва ёзувчиларимизнинг шеърларини ёдлатиш, бадиий асаларини ўқитиш учун жиддий тайёргарлик кўриб олганман. Ўзим ҳам адабиёт ўқитувчиси сифатида жуда кўп шеър ва ғазалларни ёддан ўқир эдим. Ана шундай кўтаринки кайфият, юксак тайёргарликлар билан ёш ўқитувчи сифатида дарсни бошлар эканман, ўқув йили бошланиши ҳамона ўқитувчиларга атаб қўйилган "шеърлар" талайгина эканлигини, дарс иккинчи даражали бўлиб, мен ва бошқа ҳамкасбларим учун режалаштирилган бошқа ишлар, топшириқлар жадвали тайёр экан:
1.  Пахта даласидаги ёввойи ўтларни тозалаш.
2.  Пахта теримига маҳалла, ўқувчилар ва ўқитувчиларни жалб қилиш.
3.  Кунлик пахта терим ҳисоботи ва тегишли жойга терим ҳақида маълумотнома бериш.
4.  Теримдан кейинги кечки тергов-суриштирув. (режани бажармаганлар учун ҳар-хил жазолар, уркалтак-суркалтак).
5.  Ўқувчиларни тўлиқ пахтага жалб қилмаган ўқитувчиларга жазо чоралари.
Хуллас, пахта мавсумининг бошидан охиригача асаб бузиш, касал орттириш, қўрқув, инсульт ва бошқа ҳолатлар билан давом этиб юрган даврларимизни бир эслайлик. Ана шундай оғир дамларда ўқитувчиликка меҳр қуйиб, 5 йил ўқиб, ишга кириб, қийинчиликларга дош беролмай, қочиб кетганларнинг сон-саноғи йўқ эди.
Булар ҳали фақат пахта ҳақидагиси. Энди эшитинг, маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадида кўча супуриш, хонадонма хонадон юриб, уларни ишларини бажариш, уй, кўча, қишлоқ, маҳалла ободлиги ва камига ипак қурти парваришига ҳам биз ўқитувчилар жавобгар эдик.
Оддий фермернинг боласи келиб, ўзини ўқитувчидан ҳам устунлигини ўқувчилар олдида исботлаб, ўқитувчи обрўсини бир пул қилиб кетарди. Ўз фарзандига беэътибор айрим ота-оналар эса "Фарзандимни нега уришдинг", дея мактабга жанжал қилиб келишар эди.
Минг шукрки, ўша даврлар ортда қолгани рост бўлсин. Ҳозирги пайтга келиб, юртбошимиз томонидан ўқитувчининг обрўсини ошириш, жамиятдаги мавқеини кўтариш борасида жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ким эдигу ким бўлдик. Ўқитувчи эндиликда янги Ўзбекистоннинг энг обрўли, қадрли инсонига айланди. Ўз ишимиз, ўз касбимиз билан фахрланиб, ўқувчиларга бор билимимизни сарфлаш даври келди. 
Қарийб қирқ йилдирки, тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактабида она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келаман. Биз иш бошлаган давр билан ҳозирги давр ўртасида осмон билан ерча фарқи бор. Бугунги кунда ўқитувчининг келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасидаги барча ишларига кенг имконият ва шароитлар яратилмоқда. Шундай экан, бугунги кун ўқитувчиси энг аввало, ўз фанининг фидойиси, талабчан, изланувчан, ижодкор, давр билан ҳамнафас бўлмоғи даркор. Негаки, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг  муваффаққияти ўқитувчи кадрларнинг касб маҳорати ва саводхонлигига бевосита боғлиқдир. Дарҳақиқат, биз ғаройиб бир даврда яшаяпмиз. Атрофимиздаги олам жуда тез суръатларда таниб бўлмас даражада ўзгариб боряпти. Шунинг учун ўсиб келаётган ишлайдиган ўқитувчи жуда кўп нарсалардан хабардор бўлиши керак. Шундагина ўқитувчининг халқ ўртасидаги обрў-эътибори янада юксакроқ бўлади.                              
Ҳазратқул ЭРГАШЕВ,
11-мактабнинг она тили ва адабиёт
фани ўқитувчиси.
Мавзуга оид: