АФҒОН ТОҒЛАРИДА ҚОЛГАН АСКАР Афғонистонда Байналминал бурчини бажариш чоғида бедарак кетган синфдошимиз Фазлиддин Ўроқов хотирасига бағишланади
АФҒОНБаҳор ёмғиридан лаҳадинг қонди,
Қабринг теграсида майса уйғонди,
Онанг ноласидан тупроқ тўлғонди,
Йигирма бир ёшга қачон кирасан?
Чимилдиқ завқидан сархуш дўстларинг,
Болали бўлдилар тенгқур қизларинг.
Сенинг-чи, тупроққа тўлди кўзларинг,
Йигирма бир ёшга қачон кирасан?
Навқирон ёшингда ўлдинг сен нега,
Еру кўк эмас-ку ахир беэга,
Самодан келдими қазойинг, ука,
Йигирма бир ёшга қачон кирасан?
Шундай қоласанми бўз ёшинг билан,
Кетгинг йўқми ёки ўтли ёшликдан?
Дийдоринг қўмсадим кўз ёши билан,
Йигирма бир ёшга қачон кирасан?
Бир боққин, элинг ҳам тиклаб қаддини,
Англаб етаётир ғурур, ҳаддини.
Айт, бизга меросинг - эркнинг қадрими,
Йигирма бир ёшга қачон кирасан?
Тоҳир ДОЛИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси.
Уруш юлиб кетган ёшлик
Оқдарёлик шоир Тоҳир Долиевнинг ушбу шеърини ўқир эканман, кўз ўнгимда қарийб ўн йил давом этган ўша мақсадсиз урушнинг аччиқ оқибатлари, синган тақдирлар ва минглаб мотамсаро оналарнинг кўз ёшлари гавдаланади. Собиқ шўро даврида ўзга юрт-да ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлганларнинг асосий қисми айнан Марказий Осиё Республикалари ва юртимиздан борган содда ва меҳнатсевар йигитлар эди.
Тарих гувоҳлик беришича, бу мақсадсиз ва қонли урушда собиқ шўро республикаларидан борган минглаб аскар ўз жонларини беришди. Қанчадан-қанча мард йигитлар она Ватанга ярадор, ногирон ва маънавий синган ҳолда қайтишди. Биргина Са-марқанд вилоятининг Оқдарё туманининг ўзидан Афғонистонга хизматга жўнатилганлар сони 181 нафарни ташкил этди. Уларнинг саккиз нафари эса бедарак кетди. Ахир бу рақамларнинг ортида қанчадан-қанча орзу-умидлар, ғам-аламлар, изтироблар ётибди.
Ана шу бедарак кетган, номи тарихнинг қора саҳифаларида муҳрланиб қолган юртдошларимизнинг бири - Фазлиддин Ўроқов эди. Келинг, бугун ушбу қисқа, аммо мазмунли умр эгасининг ҳаёт йўлига назар солайлик.
Қаҳрамоннинг ёшлиги
Фазлиддин 1967 йилнинг 16 октябрида Оқдарёнинг энг кўркам ва обод масканларидан бири - Пилол қишлоғида дунёга келди. Отаси Азим ака ва онаси Баҳринисо опа чақалоққа катта умидлар ва эзгу ниятлар билан Фазлиддин деб исм қўйишди.
Бу оила маҳаллада ҳамманинг ҳурматига сазовор, ҳалол меҳнати билан ном қозонган хонадонлардан бири эди. У ерда тўрт нафар ўғил ва икки нафар қиз камолга етди. Фазлиддин ана шу аҳил ва меҳрибон оиланинг суюкли фарзандларидан бири эди.
Етти ёшга тўлиб, мактаб остонасига қадам қўйган Фазлиддин тенгдошлари қатори Пилол қишлоғидаги 7-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди. У илк кунларданоқ бошқалардан ўзининг тиришқоқлиги ва зийраклиги билан ажралиб турди.
Фазлиддин биринчи синфдаёқ барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Унинг дарсликлари доимо саришта, дафтарлари хатосиз эди.
Айниқса, унинг жисмоний тарбия фанига бўлган қизиқиши ўзгача эди. Фазлиддин келгусида машҳур ва етук спортчи бўлишни, Ватан байроғини халқаро майдонларда баланд кўтаришни орзу қиларди. Мактабда ўтказиладиган турли спорт мусобақалари унинг иштирокисиз ўтмас ва у доимо ғолиблар шоҳсупасидан ўрин оларди.
У фақат спорт ва ўқишда эмас, балки хонадондаги юмушларда ҳам ота-онасига чапдаст ёрдамчи эди. Ҳар бир ишга жиддий ёндашар, ота-онасига, катта акалари ва опаларига ниҳоятда меҳрибон, мулойим эди. Қишлоқдошлари унинг ширинсўзлиги ва одобини ҳамон эслашади.
Бироқ тақдир инсонларнинг бундай ёниқ орзуларини сўндириб юбориши мумкин экан... Кўксида улкан мақсадлар билан яшаган, ҳаётни севган, элнинг ардоқли ўғли бўлишга интилган Фазлиддиннинг ёшлик умри олис ва бегона тоғлар бағридаги ўша маъносиз уруш чангалзорида қолиб кетди.
1985 йилда ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаган Фазлиддиннинг ҳаёти янги марралар, улкан орзулар билан бошланган эди. Бироқ унинг тақдири ўзга оқимга бурилди - жисмонан бақувват, мард ва келишган йигит эканлиги боис 18 ёшида ҳарбий хизматга чақирилиб, бевосита ўша даврдаги энг қайноқ ва хавфли нуқтага - Афғонистонга юборилди.
У пайтда собиқ СССР қўшинлари бу бегона юртда қонли ва мақсадсиз уруш олиб бораётган эди. Ҳар куни ҳеч қандай жанг тажрибасига эга бўлмаган, ҳаётни эндигина англай бошлаган неча-неча ёш аскарлар ўлимга дуч келар, она Ватанга эса қанчадан-қанча совуқ тобутлар оқиб келар эди. Бу даҳшатли воқеалар, куни кеча ёнида кулгу қилиб юрган дўстларнинг бир зумда қора тобутга айланиши эндигина ўн саккиз ёшни қаршилаган Фазлиддиннинг кўз ўнгида содир бў-ларди.
Кўз олдидан кетмайдиган портлатилган танкалар, олов ичида қолган ҳарбий машиналар ва ундан қочишга улгурмаган солдатларнинг жонҳолатдаги оҳ-нолалари унинг болалик дунёсини бир зумда парчалаб ташлаган эди. Лекин қалбидаги меҳр ва масъулият уни бошқа бир нарсага ундарди - Оқ-дарёдаги меҳрибон отаси ва безовта онасини хавотирга қўймаслик, уларнинг юрагини тиғламаслик. У юрагидаги барча даҳшатларни яшириб, ота-онасига таскин берувчи илиқ мактублар ёзарди...
Фазлиддиннинг сўнгги мактублари
Биринчи мактуб
Ассалому алайкум азиз онажон! Соғликларингиз яхшими? Отам, акаларим ва опаларим ҳам яхши юришибдими? Мендан ҳеч қандай хавотир олмангизлар. Биз ҳарбий хизматда бўлсак-да, худди уйдагидек кайфиятимиз яхши. Қурол-яроғ ишлатишни яхши ўрганиб олдик.
Янгиликлардан ёзиб турингизлар, менинг номимдан дўстларимга, синфдошларимга салом айтингизлар. Менинг адресимни берсаларингиз албатта хат ёзишади.
Сизни соғиниб қолувчи ўғлингиз Фазлиддин. 1986 йил, 22 март.
Иккинчи мактуб
Ассалому алайкум, мен учун дунёдаги энг азиз инсон бўлган онажон!
Сизнинг хатингизни олиб жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, қишлоқда бўлаётган ўзгаришлар мени қувонтирди. Синфдошларим ҳам хат ёзиб туришибди. Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, соғлигим жойида. Бўлимимиздаги 11 киши билан бир тоғнинг чеккасида пистирмада турибмиз. Тоғнинг ҳавоси ниҳоятда ёқимли экан. Худди ўзимизнинг Ургут тоғларига ўхшайди.
Сизни жуда-жуда соғинганлигимни айтмоқчиман. Насиб бўлса хизматимиз тугашига ҳам борган сари саноқли кунлар қолаяпти. Дийдор кўришгунча...
Сизни соғиниб қолувчи ўғлингиз Фазлиддин. 1986 йил, 2 апрель.
...Бу мактублар Пилол қишлоғига келганида, ота-онанинг кўнгли бир лаҳза бўлса-да хотиржам тортган эди. Улар қаердадир бир тоғ чеккасида ўғли соғ-саломат юрганига, ҳатто унинг ҳавосини ўзларининг қадрдон Ургут тоғларига ўхшатганига ишонган эдилар.
Аммо улар қайдан ҳам билишсинки, ўша мактублар ёзилган кунлардан кўп ўтмай, ўша "тоғнинг чеккаси" афғон тупроғидаги қонли тузоққа айланишини, ўша саноқли қолган кунлар эса бутунлай узилиб кетишини... Бу мактублар она учун энг улуғ қадрият, ўғилнинг эса бу дунёга қолдирган сўнгги илиқ садоси бўлиб қолди.
Комиссариат остонасидаги умид
Фазлиддиннинг иккинчи мактуби ота-она кўнглига бироз таскин берган, унинг Ургут тоғларини эслатувчи манзараларда юрганидан умид уйғотган эди. Бироқ бу илиқлик узоққа чўзилмади. Орадан кунлар, ҳафталар ўтди, аммо ўғилдан на хат келди, на бир дарак.
Қишлоқ оқшомлари яна ваҳимали сукутга чўмди. Чунки Оқдарёнинг у бу қишлоқларига ҳам Афғонистоннинг қайноқ тандирларидан қора тобутлар келаётгани ҳақидаги совуқ хабарлар бир-бирига уланиб етиб келаётган эди. Қалбини ваҳима эгаллаган ота - Азим ака чидаб туролмади. У ўғлидан садо чиқмаётганидан юраги сиқилиб, туман мудофаа ишлари бўлимига - ҳарбий комиссариатга йўл олди.
Азим ака ҳарбий комиссар, майор Тихонов билан учрашиб, дардини тўкди. У ўғлидан хат узилиб қолганини айтиб, бу борада суриштирув олиб боришни ўтинч билан сўради. Комиссар отанинг кўзидаги ёшни кўриб, албатта текширув ўтказишини, хабар топиши билан дарҳол билдиришини айтди.
Ўша куни Азим ака уйга бироз хотиржамроқ қайтди. Чунки унинг оталик қалби фарзандини ҳали тирик, қаердадир бурчакда хат ёзишга имкони бўлмаётгандир, деб ўйлашни истарди. У ҳарбий комиссардан яхши хабар кутиб яшади.
Аммо ҳақиқат шафқатсиз эди. Кўп ўтмай туман мудофаа бўлимидан совуқ ва қисқа хабар келди: Фазлиддин Ўроқовнинг номи ҳарбий ҳисоботларда "бедарак кетганлар" рўйхатига киритилган эди. Агар бирор янгилик бўлса, ўша заҳоти хабар қилишларини айтишди. Бу хабар бутун бир оилани бир лаҳзада карахт аҳволга солиб қўйди...
Натижасиз изланишлар
Умид сўнггида ўлади, дейишади. Ўроқовлар оиласи бу қора ҳукм билан шунчаки келишиб кета олишмади. Улар турли юқори ташкилотларга, ҳатто бутун иттифоққа маш-ҳур бўлган, миллионлаб инсонларнинг тақдирини боғлаган Россиянинг марказий телеканалидаги "Жди меня" ("Сени кутаман") кўрсатувига ҳам хатлар йўлладилар.
Лекин қилингaн сон-саноқсиз мурожаатларнинг, ёзилган шикоят ва хатларнинг барчаси жавобсиз, натижасиз қолди. Ҳаммаёқдан бир хил совуқ жавоб келди: "Бедарак кетган. Топилмади..."
Укаларининг бедарак кетганлиги нонвойчилик қилиб халқнинг меҳрини қозонаётган Фазлиддиннинг акалари Исомиддин ва Муртазо акаларни, опалари Дилола ҳамда Эътибор опаларни ҳам чуқур қайғуга солди. Бироқ ҳаммасидан ҳам муштипар онага - Баҳри- нисо опага қийин бўлди. Фарзанд доғидан юраги пора-пора бўлган онаизор кундузи юмуш билан овуниб, тунда эса ёстиққа бош қўйиб тинимсиз йиғларди. Унинг қалбидаги аламли фарёд бутун маҳаллани ларзага соларди: "Вой болам, вой болам... Тўйларга борсам ўрнинг, мозорга борсам гўринг йўқ! Тирикмисан, ё ўликмисан, бир кафт тупроқ ҳам насиб этмаган навқироним, юрагимни доғлаб кетган болам-а!.."
Онанинг бу оташин фарёдини, кўз ёшларини кўрган ака-укалар ва опалар ҳам қўшилишиб йиғлашарди. Аммо осмон узоқ, ер эса қаттиқ эди.
Орадан йиллар ўтса ҳам, Баҳринисо опанинг қалбидаги умид сўнмаган эди. Бир куни қишлоққа Афғонистоннинг ўша оловли жойларидан соғ-саломат қайтиб келган яна бир йигит - Фазлиддиннинг синфдош дўсти Фахриддин Қиёмов келгани ҳақидаги хабар тар-қалди.
Бу хабарни эшитган Бахринисо опанинг юраги ҳапқириб кетди. "Балки у Фазлиддин ҳақида бирор хабар олиб келгандир, балки бирга қайтишаётгандир..." деган ширин ўй билан онаизор ўша заҳоти шошилиб Фахриддиннинг уйига отланди.
Хонадон остонасидан ҳатлаб ичкари кириши билан, ҳарбий формада кўриниш берган Фахриддинни кўрди. Ўғлининг тенгдошини, унинг кўзларида ўз боласини қидирган муштипар она бир зумда жойида қотиб қолди. Кўз олди қоронғулашиб, тили калимага келмай қолди. Сўнг бор кучини тўплаб, йиғлагудек овозда Фахриддинга ташланди:
- Фахриддин, болажоним... Дўстинг қани? Бирга кетган эдинглар-ку! Нега... нега ёлғиз ўзинг қайтдинг? Менинг Фазлиддиним қани?..
Сўзлари томоғига тиқилиб, дунё кўзига қоронғулашган онаизор ҳушдан кетиб, ерга йиқилди. Атрофдагилар уни ўнгариб, сув сепиб ўзга келтириб олгунча қанча вақт ўтди. Шундан кейин Баҳринисо опа узоқ вақтгача ўзига келолмади. Уни кўрганларнинг юраги эзилди. Аммо у умрининг охиригача кўчага, узоқ йўлга кўз тикиб яшади - ҳамон кўнглининг бир чеккасида "балки ўғлим қайтиб келар" деган умид жон сақларди.
Ота - Азим ака эса қанчалик матонатли, эркак киши бўлмасин, индамай ичига ютар, оғир дардни юракка кўмиб яшарди. У хотинига далда беришга, уни юпатишга уринарди-ю, лекин ўз қалбидаги тиғнинг оғриғини ҳеч кимга билдирмасди. Бутун оила аъзоларининг бошига ёғилган интиҳосиз изтироб уларни узоқ вақт эзди. Ниҳоят, аччиқ ҳақиқатни - Фазлиддиннинг бегона юртда, жанггоҳларда қайтиб келмас бўлиб ҳалок бўлганини тан олишдан ўзга чораси қолмади.
Қон билан ёзилган
қаҳрамонлик
Урушнинг адолатсизлиги ва йўқотишларнинг оғир дарди ҳеч қачон унутилмаса-да, орадан кўп ўтмай бу оила хонадонига яна бир хабар келди.
Собиқ СССР Олий Совети Президиумининг Фармони эълон қилиниб, унда Афғонистон тупроғидаги жанггоҳларда мардлик, жасорат ва қатъият кўрсатган ҳарбий хизматчилар қаторида Фазлиддин Ўроқов ҳам "Қизил юлдуз" ордени билан мукофотлангани маълум қилинди. Кейинчалик бу юксак мукофот унинг ота-онасига тантанали равишда топширилди.
Бу кўксини қувончдан кўра кўпроқ алам ва ҳижронга тўлдирган мукофот эди. Ота ва ака орденни қўлига оларкан, кўзларига ёш келди: бу юлдуз унинг ўғлининг тирик қайтишини кафолатламасди, лекин Фазлиддиннинг Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажарган мард, қайсар ва жасур аскар бўлганининг абадий исботи эди. Ўша кичиккина кўкрак нишони энди Оқдарёдаги Пилол қишлоғида, бир муштипар онанинг суратлари ёнида фарзанд жасоратининг сўнгги ёдгорлиги бўлиб порлаб қолди.
Тўй шодиёнасидаги аламли фарёд
Урушнинг қора сояси, йўқотишларнинг аччиқ дарди бу оиланинг тинчини абадий юлиб кетган эди. Гарчи йиллар ўтаётган бўлса-да, муштипар онанинг кўксидаги тиғ ҳамон янги эди. Буни Фазлиддиннинг опаси - Дилоланинг кундалик хотиралари яққол кўрсатиб туради:
"Бир куни укамнинг синфдош дўсти Мустафонинг тўйи бўлди. У севган қизи Мавжудага уйланаётган эди. Мен онамнинг кўнглини кўтариш, бироз бўлса ҳам уйдаги оғир муҳитдан чалғитиш мақсадида: "Онажон, юринг, тўйга борайлик, ўзингизни кўп қийнаманг, қийналиб кетдингиз, озгина бўлса-да яйраб келасиз", деб қистов билан тўйга олиб бордим.
Тўйда хизматда юрганларни қутлаш учун сўзга чиққанлар орасида Мустафонинг яна бир дўсти ҳам бор эди. Тўй бошловчиси микрофонни узатиб: "Навбатдаги сўзни мард ўғлон Фазлиддинга берамиз", деди. Ўша лаҳзада онамнинг қулоғига исм чалинди-ю, у беихтиёр ўрнидан туриб кетди:
- Ана, кўрдингизми?! Болам ўлмаган экан! Энг яқин дўсти Мустафони табриклагани тўйга келибди! Мен айтмабмидим, ўғлим тирик деб?! - дея жонҳолатда дод солиб йиғлаганча тўйхонадан югуриб чиқиб кетди.
Мен шунда онажонимни бу ерга олиб келиб катта хато қилганимни, юрагидаги чандиқни янгилаб қўйганимни англадим. Ортидан югуриб бориб қанча юпатмай, ялиниб кечирим сўрамай, у кишининг тинмасдан йиғлашини тўхтата олмадим...
Онам укамни умрининг охригача кутди. Ҳатто 16 октябрда туғилганини ҳар йили нишонлатар эди. "У тирик бўлганда, шу ёшга кирарди", дея кўз ёш қиларди. Бу сўзлар қалбимизни титратиб юборарди.
Қисқасини айтганда, онам ҳар куни, ҳар дақиқа Фазлиддинни эсга олар, кўзларидаги ёш бир лаҳза ҳам қуримасди. Ўзимиз улғайиб, ўз фарзандларимизни қучоғимизга олиб, оналик бахтини ҳис қилганимиздан кейингина оналарга фарзанд доғи қанчалар оғир ва азобли эканини чинакамига тушуниб етдик".
Укажоним - жигарим
(Укам Фазлиддин хотирасига)
Тупроқ кўчаларни чангитиб, чопиб,
Беғубор болалик жуда тез ўтди.
Ўн йиллик мактабни битирган заҳот,
Менинг эрка укам хизматга кетди.
Онам соғинганда унсиз йиғлайди,
Отам армонлари бағрим тиғлайди.
Хат кутиб куну тун йўлга термулиб,
Онамнинг кўзига уйқу келмайди.
Тақдирга тан берди ота-ю она,
На илож йигитлик бурчи ягона.
Икки йил ўтар-да, бағримга қайтар,
Дея кутар эди онам мардона.
Шум тақдир ачинмай эрка укамга,
Афғон деган юртга жангга ташлади.
Елкасига оғир қуроллар илиб,
Бечора боланинг кўзин ёшлади.
Амаллаб хат ёзар жигарларига:
"Онамга айтманглар, онам билмасин.
Тақдирга ёзганин кўрарман, аммо,
Онамнинг умидлари асло сўнмайди..."
Табиат гуллаган гўзал баҳорда,
Совуқ хабар келди эрта саҳарда.
Онам дод солди-ю, лек ишонмади:
"Менинг болам тирик, асло ўлмайди..."
Кунлар, ойлар, йиллар аста ўтарди,
Онаизор фақат солдат кутарди.
Тупроққа қўйганлар совуркан, аммо,
Онам ҳўл ўтиндек ёнмай тутарди.
Тўйлар қилади-ю, ўйнаб-кулолмас,
Азага борганда айтиб йиғлолмас.
Йиллар бир-бирини қувишиб ўтди,
Оғир ғам онамни тўшакка тортди.
Куз фаслининг сариқ япроғи мисол,
Онамнинг юзлари сарғайди, толди.
Фарзандин тўйига йиғган сарпосин,
"Ўлимтигим", дея сандиқдан олди...
Дилола ЎРОҚОВА.
Қирқ йиллик соғинч
Мактабда бир синфда таҳсил олган ўн уч нафар ўғил ва ўн уч нафар қизнинг болалик ва ўсмирлик йиллари Пилол қишлоғининг чанг кўчаларида кечган эди. Ўша ёшлик даврасида ўғил болалар ичида Фазлиддин ўз феъл-атвори, чаққонлиги ва мардлиги билан яққол ажралиб турарди. У спорт билан мунтазам шуғуллангани учун ниҳоятда бақувват, ҳаракатлари чаққон ва қатъий эди. Мактаб ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам у доимо пешқадамлар сафида бўлар, бошқаларга ўрнак кўрсатарди.
Орадан йиллар ўтди. Мактабни битирган кунлардан буён роса қирқ йил вақт ўтди. Шу муносабат билан қадрдон синфдошлар яна бир бор бош қўшиб, Пилол мактабида унутилмас учрашув ўтказишди. Ўша қувончли, аммо юракни ларзага солувчи хотираларга бой даврада барчанинг кўнгли бир инсонга - Фазлиддинга бориб тақалди. Йиллар қанчалик ўтмасин, унинг одоби, сахийлиги, дўстларга бўлган чексиз садоқати ҳеч қачон унутилмаслигини яна бир бор меҳр билан эслашди.
Дўстларининг уни хотирлаб айтган сўзлари бугун ҳам қалбларни титратади:
Хосият Эшмаматова: "Фазлиддин ташаббускор эди, унинг қалбида ўзига хос бир ёниқлик бор эди. У доимо бизларни аъло ўқишга, жамоат ишларида фаол бўлишга даъват этарди. Ниҳоятда самимий, дилкаш бўлгани учун ҳаммамиз уни ардоқлардик. Афсуски, бугун у орамизда йўқ. Аммо унинг порлоқ хотираси юракларимизда мангу яшайди..."
Шуҳрат Пардаев: "Фазлиддин менинг энг яқин, сирдош дўстим эди. Қаерга борсак - бирга эдик. Мактаб спорт мусобақаларида унинг олдига тушадигани йўқ эди. У футбол дейсизми, волейбол ёки бошқаларини дейсизми, барчасини мукаммал билар, тенгдошларига устозлик қиларди. Бугун ҳам синфдошлар йиғилсак, суҳбатимизнинг сўнгги нуқтаси албатта Фазлиддинга бориб тақалади. Дўстимнинг жойлари жаннатдан бўлсин!"
Зарифа Бўронова: "Фазлиддин ниҳоятда самимий, беғубор ва қалби тоза инсон эди. Уни бир марта кўрган, бир маротаба суҳбатлашган киши буни дарҳол ҳис қиларди. Синфдошлар билан ҳар гал йиғилганимизда унинг кулиб турган чеҳраси кўз олдимизга келади. Биз унинг яна соғ-саломат даврамизда ўтиришини, суҳбатларимиз узоқ давом этишини қанчалар истардик... Афсуски, бу дийдор фақат қиёматга қолди."
Бугунги кунда тўқсон уч ёшни қаршилаб, ҳаётнинг кексалик ёшида ҳам қалби равшан, хотираси ўткир бўлган муҳтарама устоз Саноат она Маманова ўз шогирдини кўз ёшлари ва чексиз фахр билан эслайди:
"Фазлиддинни ҳеч қачон унутолмайман, у кўз ўнгимда ҳамон ўша зукко, одобли ўқувчи бўлиб гавдаланади. Унинг онасига эргашиб пахта далаларига борган, меҳнатдан қочмайдиган болалиги ҳамон кўз олдимда турибди. Тарихчи ва устоз сифатида шуни айтишим керакки, Афғонистонда олиб борилган ўша мақсадсиз ва қабиҳ уруш қанчадан-қанча гулдек фарзандларимизни боғдан бевақт узиб кетди. Фарзанд доғида куйиб, юраги ўртаниб ўтган ота-оналарнинг оҳу зори осмонни тутди. Аммо мен бир устоз сифатида Фазлиддиндек мард, Ватан ва эл олдида юзи ёруғ ўғлонни тарбиялаганимиздан чексиз фахрланаман.."
Бу илиқ ва оташин сўзларни Фазлиддиннинг билим ва одоб сирларидан баҳраманд этган бошқа жонкуяр устозлар - Маннон Муҳаммадиев, Намоз, Жалол, Баҳодир Жияновлар, Муҳаббат Тилавова ва Эргаш Музроповларнинг қалбидан ҳам чуқур армон билан тинглаш мумкин. Уларнинг ҳар бири шогирдининг инсоний фазилатлари, мардлиги ва илмга чанқоқлиги ҳақида меҳр билан сўзлашади.
Ҳа, уруш унинг жисмоний танасини олиб кетган бўлиши мумкин, бироқ Фазлиддиннинг номи, унинг жасорати ва хотираси устозларнинг дуосида, синфдошларнинг қалбида, қадрдон Пилол қишлоғининг ҳар бир бурчида мангу барҳаётдир.
Ўн тўққиз ёшда эди у...
Пилол ва Чим қишлоқлари аҳолиси бир ҳақиқатни кўп бор таъкидлайди: Афғонистонда шаҳид кетган Ватан ўғлони, қаҳрамон аскар Фазлиддин Ўроқов шу тупроқда туғилиб ўсди, шу қишлоқ ҳавосидан нафас олди, шу одамлар билан ёнма-ён яшади. Аммо орадан қарийб қирқ йил ўтиб, бугун дунёга келган фарзандларнинг аксарияти Фазлиддиннинг ким бўлгани, қандай орзулар билан яшагани, нега 19 ёшида бу ҳаётни тарк этгани ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди.
Бор-йўғи ўн тўққиз йил... Одам умри учун бу жуда қисқа муддат. Аммо Фазлиддиннинг ўн тўққиз йилига қанча орзу, қанча умид, қанча эзгу ният сиғганини уни билганлар яхши эслайди. Унинг ҳали олдинда узоқ йўли, кўрадиган кунлари, қурадиган оиласи, эришадиган орзулари бор эди. У эндигина катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган бир пайтда тақдир унинг умрини узиб кетди.
У уйдан кетганда, балки онаси уни яна бағрига босиб, "болам, омон қайт", дегандир. Балки отаси эшик олдида узоқ тикилиб қолгандир. Балки Фазлиддин ҳам ортга қайрилиб, туғилиб ўсган қишлоғига, болалик хотираларига сўнгги бор назар ташлагандир. Аммо ҳеч ким ўша лаҳзада бу видо абадий видо бўлишини билмаган.
Энг оғриқлиси - унинг ота-онаси фарзандининг дарди билан яшаб, бир умрлик армонни елкалаб ўтишди. Ўғлининг қадам товушини яна бир бор эшитиш, эшикдан кириб келишини кўриш, "болам" деб бағрига босиш орзуси улар билан бирга сўнди. Улар бу дунёдан кетар экан, қалбларида фарзанд соғинчи, кўзларида армон, юракларида битмас дард қолди.
Афсуски, улар тириклик пайтида ҳам бу хонадоннинг дардига дармон бўладиган, ҳолидан хабар оладиган, елкасига қўл қўядиган раҳбарлар, масъуллар топилмаганини бугун қишлоқда яшаётган Фазлиддиннинг опа-акалари оғриқ билан эслайдилар. Чунки баъзи яраларни йиллар ҳам битира олмайди. Вақт фақат унинг устини пардалайди, холос. Хотира эса юракда яшайверади.
Бугун Фазлиддинни кўрган, билган, у билан бир синфда ўқиган тенгдошлари уни ҳамон ўн тўққиз ёшли йигит сифатида эслайдилар. Уларнинг хотирасида Фазлиддин қаримайди, ўзгармайди. У ҳамон мактаб йўлагидан кириб келаётган, синфдошлари билан ҳазиллашаётган, орзулари ҳақида гапираётган ўша навқирон йигит...
Шу маънода, кейинги йилларда бир гуруҳ синфдошларининг Фазлиддин хотирасини абадийлаштириш борасидаги ташаббуслари, хусусан, 7-мактабда унинг хотира бурчагини ташкил этиш таклифи алоҳида эътиборга лойиқ. Бу - шунчаки бир бурчак эмас. Бу - бир инсоннинг умри, бир оиланинг армони, бир қишлоқнинг хотираси ва бутун бир авлодга қолдирилаётган маънавий сабоқдир.
Зеро, инсонни ўлим эмас, унутилганлик батамом йўқотади. Фазлиддинни эслаш - унинг қисқа умрини қадрлашдир. Унинг исмини тилга олиш - ота-онасининг йиллар давомида кўтарган дардига эҳтиромдир. Хотирасига бурчак очиш эса бугунги авлодга: "Бу тупроқдан сендан олдин ҳам Ватан учун жонини тиккан ўғлонлар ўтган", деган сукутдаги мурожаатдир.
Шунинг учун ҳар гал унинг синфдошлари билан Фазлиддин ҳақида суҳбатлашганимизда, сўзларимиз охири бир жумла билан якунланади: "Охиратинг обод бўлсин, азиз синфдошимиз Фазлиддин... Сен бор-йўғи ўн тўққиз йил яшадинг. Аммо хотиранг умримиз борича биз билан қолади".
Синфдошлар ташаббуси ва абадий хотира
Йиллар ўтди, сувлар оқди, аммо қалблардаги жароҳат битмади. Яқинда Фазлиддиннинг қадрдон синфдошлари яна бир бор бош қўшиб, бир ёқадан бош чиқаришди: "Қадрдонимиз, жанггоҳларда бедарак кетган мард дўстимиз Фазлиддин Ўроқовнинг хотирасини абадийлаштириш - бизнинг фарзандлик ва дўстлик бурчимиздир!" деган қарорга келишди.
Бу эзгу мақсадни амалга ошириш учун улар Оқдарё туман ҳокими Темур Махмудов ҳузурига боришди. Туман раҳбари синфдошларнинг мурожаатини илиқ қарши олиб, уларнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглади. Ватан ҳимояси йўлида жон берган ўғлоннинг хотирасини улуғлаш ҳар бир раҳбарнинг бурчи эканини таъкидлаб, инсонпарварлик кўрсатди ва тегишли ташкилотларга зудлик билан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Шу тариқа, эзгу ҳаракатлар натижасида Фазлиддин Ўроқов ўз вақтида билим олган, болалик ва ўсмирлик йилларининг ширин хотиралари муҳрланган Пилол қишлоғидаги 7-умумтаълим мактаби ҳудудида унга атаб махсус хотира бурчаги ташкил этиладиган бўлди. Барча ташкилий ва бунёдкорлик ишлари кўнгилдагидек якунлангач, кенг жамоатчилик, мактаб ўқувчилари, устозлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида катта тадбир ўтказилишига келишиб олинди.
Ниҳоят, йиллар давомида қалбда армон бўлиб яшаган, орзиқиб кутилган ўша файзли ва шукуҳли кунлар ҳам келди. Синфдошларнинг қатъияти, яхши инсонларнинг амалий кўмаги билан Фазлиддиннинг порлоқ номи ўз қишлоғида, қадрдон мактаби бағрида яна тикланди. Энди Пилол мактабига қадам қўйган ҳар бир ўқувчи, ҳар бир келажак авлод бу мард ўғлоннинг суратига қараб, унинг қисматидан сабоқ олади, хотирасини ҳамиша ҳурмат билан ёд этади.
"Жойинг жаннатда, охиратинг обод бўлсин, қадрдон синфдошимиз, мард дўстимиз Фазлиддин!"
Яна бир йўқотиш
Синфдошимиз Тўлқин Тошев Фазлиддин билан жуда қадрдон, сирдош ва яқин дўст эди. Фазлиддин Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаётган оғир ва таҳликали кунларда ҳам уларнинг дўстлиги узилмади. Ораларида хатлар қатнар, бир-бирларига дилларидаги сир-асрорларини, орзу-умидларини ишониб айтишарди. Балки ўша хатларда оддий гаплар, болалик хотиралари, синфдошлар ҳақидаги суҳбатлар, келажакка қурилган режалар битилгандир. Аммо бугун ўша хатларнинг ҳар бир сатри биз учун беқиёс бир хотира, ўтмишдан етиб келаётган қалб садосидек туюлади.
Тўлқин синфдошлар орасида ҳам алоҳида ҳурматга сазовор эди. У биз билан боғлиқ ҳар қандай катта-кичик тадбирда фаол қатнашар, ташаббус кўрсатар, ташкилотчилик ишларининг олд қаторларида юрарди. Унинг одамийлиги, самимийлиги, одоби, юриш-туриши ва кийиниши билан тенгдошларига ўрнак бўларди. Даврада Тўлқин бўлса, гўё қандайдир файз, тартиб ва илиқлик пайдо бўларди.
Шунинг учун унинг йўқлиги бугун ҳам сезилади. Афсуски, тақдир бизга яна бир оғир синовни раво кўрди. 2020 йилда бутун дунёни ларзага солган пандемия даврида Тўлқин ҳам оғир хасталикка чалинди. Унинг ҳаёти учун шифокорлар бор имкониятларини ишга солиб, тинимсиз курашдилар. Яқинлари, фарзандлари, дўстлари ва биз - синфдошлари эса яхши ният ва умид билан унинг соғайиб кетишини кутдик.
Аммо тақдирнинг ҳукми бошқача экан... Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари, қилинган муолажалар ва барча умидларга қарамай, Тўлқин бу ёруғ дунёни тарк этди. Биз яна бир азиз инсондан айрилдик. Ўша кунлар синфдошларимиз учун ниҳоятда оғир ва қайғули кечди. Фазлиддиннинг бевақт кетгани ҳали ҳам қалбимизда оғир яра бўлиб турган бир пайтда, унинг энг яқин дўстларидан бири - Тўлқиндан ҳам айрилиш биз учун икки карра оғриқ бўлди. Гўё тақдир бир хотиранинг яна бир саҳифасини юлиб олгандек эди.
Инсон умри - омонат. Туғилиш бор экан, ўлим ҳам бор. Бу ҳақиқатни ақл билан англаш мумкин, аммо яқин инсондан айрилганда қалб уни қабул қилиши жуда қийин.
Биз Тўлқиннинг оиласига, фарзандларига чуқур таъзия изҳор этдик. Уларнинг қайғусига шерик бўлдик, сабр ва матонат тиладик. Чунки фарзанднинг отасидан, оиланинг эса суянчидан айрилиши қандай оғир эканини сўз билан ифодалаш мушкул.
Бугун синфдошларимиз иштирокида ўтказиладиган ҳар бир тадбирда Фазлиддин билан бирга Тўлқинни ҳам эслаймиз. Уларнинг номларини ёдга оламиз, Қуръон тиловат қилиб, руҳларига дуо бағишлаймиз. Чунки улар биз учун шунчаки ўтмишда қолган синфдошлар эмас - улар болалигимиз, ёшлигимиз, беғубор кунларимиз ва бирга кечирган умримизнинг бир бўлагидир.
Йиллар ўтади. Синфдошлар сафимиз сийраклашиб боради. Аммо ҳақиқий дўстлик ва эзгу хотира вақт олдида таслим бўлмайди.
Фазлиддиннинг қисқа, аммо мазмунли умри ҳам, Тўлқиннинг меҳр-оқибатга бой ҳаёти ҳам биз учун доимо қадрли бўлиб қолади.
Улар энди орамизда йўқ. Аммо хотира бор экан - улар ҳамиша биз билан қалбимизда мангу яшайди!
Уруш юлиб кетган ёшлик
Оқдарёлик шоир Тоҳир Долиевнинг ушбу шеърини ўқир эканман, кўз ўнгимда қарийб ўн йил давом этган ўша мақсадсиз урушнинг аччиқ оқибатлари, синган тақдирлар ва минглаб мотамсаро оналарнинг кўз ёшлари гавдаланади. Собиқ шўро даврида ўзга юрт-да ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлганларнинг асосий қисми айнан Марказий Осиё Республикалари ва юртимиздан борган содда ва меҳнатсевар йигитлар эди.
Тарих гувоҳлик беришича, бу мақсадсиз ва қонли урушда собиқ шўро республикаларидан борган минглаб аскар ўз жонларини беришди. Қанчадан-қанча мард йигитлар она Ватанга ярадор, ногирон ва маънавий синган ҳолда қайтишди. Биргина Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманининг ўзидан Афғонистонга хизматга жўнатилганлар сони 181 нафарни ташкил этди. Уларнинг саккиз нафари эса бедарак кетди. Ахир бу рақамларнинг ортида қанчадан-қанча орзу-умидлар, ғам-аламлар, изтироблар ётибди.
Ана шу бедарак кетган, номи тарихнинг қора саҳифаларида муҳрланиб қолган юртдошларимизнинг бири - Фазлиддин Ўроқов эди. Келинг, бугун ушбу қисқа, аммо мазмунли умр эгасининг ҳаёт йўлига назар солайлик.
Қаҳрамоннинг ёшлиги
Фазлиддин 1967 йилнинг 16 октябрида Оқдарёнинг энг кўркам ва обод масканларидан бири - Пилол қишлоғида дунёга келди. Отаси Азим ака ва онаси Баҳринисо опа чақалоққа катта умидлар ва эзгу ниятлар билан Фазлиддин деб исм қўйишди.
Бу оила маҳаллада ҳамманинг ҳурматига сазовор, ҳалол меҳнати билан ном қозонган хонадонлардан бири эди. У ерда тўрт нафар ўғил ва икки нафар қиз камолга етди. Фазлиддин ана шу аҳил ва меҳрибон оиланинг суюкли фарзандларидан бири эди.
Етти ёшга тўлиб, мактаб остонасига қадам қўйган Фазлиддин тенгдошлари қатори Пилол қишлоғидаги 7-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди. У илк кунларданоқ бошқалардан ўзининг тиришқоқлиги ва зийраклиги билан ажралиб турди.
Фазлиддин биринчи синфдаёқ барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Унинг дарсликлари доимо саришта, дафтарлари хатосиз эди.
Айниқса, унинг жисмоний тарбия фанига бўлган қизиқиши ўзгача эди. Фазлиддин келгусида машҳур ва етук спортчи бўлишни, Ватан байроғини халқаро майдонларда баланд кўтаришни орзу қиларди. Мактабда ўтказиладиган турли спорт мусобақалари унинг иштирокисиз ўтмас ва у доимо ғолиблар шоҳсупасидан ўрин оларди.
У фақат спорт ва ўқишда эмас, балки хонадондаги юмушларда ҳам ота-онасига чапдаст ёрдамчи эди. Ҳар бир ишга жиддий ёндашар, ота-онасига, катта акалари ва опаларига ниҳоятда меҳрибон, мулойим эди. Қишлоқдошлари унинг ширинсўзлиги ва одобини ҳамон эслашади.
Бироқ тақдир инсонларнинг бундай ёниқ орзуларини сўндириб юбориши мумкин экан... Кўксида улкан мақсадлар билан яшаган, ҳаётни севган, элнинг ардоқли ўғли бўлишга интилган Фазлиддиннинг ёшлик умри олис ва бегона тоғлар бағридаги ўша маъносиз уруш чангалзорида қолиб кетди.
1985 йилда ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаган Фазлиддиннинг ҳаёти янги марралар, улкан орзулар билан бошланган эди. Бироқ унинг тақдири ўзга оқимга бурилди - жисмонан бақувват, мард ва келишган йигит эканлиги боис 18 ёшида ҳарбий хизматга чақирилиб, бевосита ўша даврдаги энг қайноқ ва хавфли нуқтага - Афғонистонга юборилди.
У пайтда собиқ СССР қўшинлари бу бегона юртда қонли ва мақсадсиз уруш олиб бораётган эди. Ҳар куни ҳеч қандай жанг тажрибасига эга бўлмаган, ҳаётни эндигина англай бошлаган неча-неча ёш аскарлар ўлимга дуч келар, она Ватанга эса қанчадан-қанча совуқ тобутлар оқиб келар эди. Бу даҳшатли воқеалар, куни кеча ёнида кулгу қилиб юрган дўстларнинг бир зумда қора тобутга айланиши эндигина ўн саккиз ёшни қаршилаган Фазлиддиннинг кўз ўнгида содир бў-ларди.
Кўз олдидан кетмайдиган портлатилган танкалар, олов ичида қолган ҳарбий машиналар ва ундан қочишга улгурмаган солдатларнинг жонҳолатдаги оҳ-нолалари унинг болалик дунёсини бир зумда парчалаб ташлаган эди. Лекин қалбидаги меҳр ва масъулият уни бошқа бир нарсага ундарди - Оқ-дарёдаги меҳрибон отаси ва безовта онасини хавотирга қўймаслик, уларнинг юрагини тиғламаслик. У юрагидаги барча даҳшатларни яшириб, ота-онасига таскин берувчи илиқ мактублар ёзарди...
Фазлиддиннинг сўнгги мактублари
Биринчи мактуб
Ассалому алайкум азиз онажон! Соғликларингиз яхшими? Отам, акаларим ва опаларим ҳам яхши юришибдими? Мендан ҳеч қандай хавотир олмангизлар. Биз ҳарбий хизматда бўлсак-да, худди уйдагидек кайфиятимиз яхши. Қурол-яроғ ишлатишни яхши ўрганиб олдик.
Янгиликлардан ёзиб турингизлар, менинг номимдан дўстларимга, синфдошларимга салом айтингизлар. Менинг адресимни берсаларингиз албатта хат ёзишади.
Сизни соғиниб қолувчи ўғлингиз Фазлиддин. 1986 йил, 22 март.
Иккинчи мактуб
Ассалому алайкум, мен учун дунёдаги энг азиз инсон бўлган онажон!
Сизнинг хатингизни олиб жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, қишлоқда бўлаётган ўзгаришлар мени қувонтирди. Синфдошларим ҳам хат ёзиб туришибди. Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, соғлигим жойида. Бўлимимиздаги 11 киши билан бир тоғнинг чеккасида пистирмада турибмиз. Тоғнинг ҳавоси ниҳоятда ёқимли экан. Худди ўзимизнинг Ургут тоғларига ўхшайди.
Сизни жуда-жуда соғинганлигимни айтмоқчиман. Насиб бўлса хизматимиз тугашига ҳам борган сари саноқли кунлар қолаяпти. Дийдор кўришгунча...
Сизни соғиниб қолувчи ўғлингиз Фазлиддин. 1986 йил, 2 апрель.
...Бу мактублар Пилол қишлоғига келганида, ота-онанинг кўнгли бир лаҳза бўлса-да хотиржам тортган эди. Улар қаердадир бир тоғ чеккасида ўғли соғ-саломат юрганига, ҳатто унинг ҳавосини ўзларининг қадрдон Ургут тоғларига ўхшатганига ишонган эдилар.
Аммо улар қайдан ҳам билишсинки, ўша мактублар ёзилган кунлардан кўп ўтмай, ўша "тоғнинг чеккаси" афғон тупроғидаги қонли тузоққа айланишини, ўша саноқли қолган кунлар эса бутунлай узилиб кетишини... Бу мактублар она учун энг улуғ қадрият, ўғилнинг эса бу дунёга қолдирган сўнгги илиқ садоси бўлиб қолди.
Комиссариат остонасидаги умид
Фазлиддиннинг иккинчи мактуби ота-она кўнглига бироз таскин берган, унинг Ургут тоғларини эслатувчи манзараларда юрганидан умид уйғотган эди. Бироқ бу илиқлик узоққа чўзилмади. Орадан кунлар, ҳафталар ўтди, аммо ўғилдан на хат келди, на бир дарак.
Қишлоқ оқшомлари яна ваҳимали сукутга чўмди. Чунки Оқдарёнинг у бу қишлоқларига ҳам Афғонистоннинг қайноқ тандирларидан қора тобутлар келаётгани ҳақидаги совуқ хабарлар бир-бирига уланиб етиб келаётган эди. Қалбини ваҳима эгаллаган ота - Азим ака чидаб туролмади. У ўғлидан садо чиқмаётганидан юраги сиқилиб, туман мудофаа ишлари бўлимига - ҳарбий комиссариатга йўл олди.
Азим ака ҳарбий комиссар, майор Тихонов билан учрашиб, дардини тўкди. У ўғлидан хат узилиб қолганини айтиб, бу борада суриштирув олиб боришни ўтинч билан сўради. Комиссар отанинг кўзидаги ёшни кўриб, албатта текширув ўтказишини, хабар топиши билан дарҳол билдиришини айтди.
Ўша куни Азим ака уйга бироз хотиржамроқ қайтди. Чунки унинг оталик қалби фарзандини ҳали тирик, қаердадир бурчакда хат ёзишга имкони бўлмаётгандир, деб ўйлашни истарди. У ҳарбий комиссардан яхши хабар кутиб яшади.
Аммо ҳақиқат шафқатсиз эди. Кўп ўтмай туман мудофаа бўлимидан совуқ ва қисқа хабар келди: Фазлиддин Ўроқовнинг номи ҳарбий ҳисоботларда "бедарак кетганлар" рўйхатига киритилган эди. Агар бирор янгилик бўлса, ўша заҳоти хабар қилишларини айтишди. Бу хабар бутун бир оилани бир лаҳзада карахт аҳволга солиб қўйди...
Натижасиз изланишлар
Умид сўнггида ўлади, дейишади. Ўроқовлар оиласи бу қора ҳукм билан шунчаки келишиб кета олишмади. Улар турли юқори ташкилотларга, ҳатто бутун иттифоққа маш-ҳур бўлган, миллионлаб инсонларнинг тақдирини боғлаган Россиянинг марказий телеканалидаги "Жди меня" ("Сени кутаман") кўрсатувига ҳам хатлар йўлладилар.
Лекин қилингaн сон-саноқсиз мурожаатларнинг, ёзилган шикоят ва хатларнинг барчаси жавобсиз, натижасиз қолди. Ҳаммаёқдан бир хил совуқ жавоб келди: "Бедарак кетган. Топилмади..."
Укаларининг бедарак кетганлиги нонвойчилик қилиб халқнинг меҳрини қозонаётган Фазлиддиннинг акалари Исомиддин ва Муртазо акаларни, опалари Дилола ҳамда Эътибор опаларни ҳам чуқур қайғуга солди. Бироқ ҳаммасидан ҳам муштипар онага - Баҳри- нисо опага қийин бўлди. Фарзанд доғидан юраги пора-пора бўлган онаизор кундузи юмуш билан овуниб, тунда эса ёстиққа бош қўйиб тинимсиз йиғларди. Унинг қалбидаги аламли фарёд бутун маҳаллани ларзага соларди: "Вой болам, вой болам... Тўйларга борсам ўрнинг, мозорга борсам гўринг йўқ! Тирикмисан, ё ўликмисан, бир кафт тупроқ ҳам насиб этмаган навқироним, юрагимни доғлаб кетган болам-а!.."
Онанинг бу оташин фарёдини, кўз ёшларини кўрган ака-укалар ва опалар ҳам қўшилишиб йиғлашарди. Аммо осмон узоқ, ер эса қаттиқ эди.
Орадан йиллар ўтса ҳам, Баҳринисо опанинг қалбидаги умид сўнмаган эди. Бир куни қишлоққа Афғонистоннинг ўша оловли жойларидан соғ-саломат қайтиб келган яна бир йигит - Фазлиддиннинг синфдош дўсти Фахриддин Қиёмов келгани ҳақидаги хабар тар-қалди.
Бу хабарни эшитган Бахринисо опанинг юраги ҳапқириб кетди. "Балки у Фазлиддин ҳақида бирор хабар олиб келгандир, балки бирга қайтишаётгандир..." деган ширин ўй билан онаизор ўша заҳоти шошилиб Фахриддиннинг уйига отланди.
Хонадон остонасидан ҳатлаб ичкари кириши билан, ҳарбий формада кўриниш берган Фахриддинни кўрди. Ўғлининг тенгдошини, унинг кўзларида ўз боласини қидирган муштипар она бир зумда жойида қотиб қолди. Кўз олди қоронғулашиб, тили калимага келмай қолди. Сўнг бор кучини тўплаб, йиғлагудек овозда Фахриддинга ташланди:
- Фахриддин, болажоним... Дўстинг қани? Бирга кетган эдинглар-ку! Нега... нега ёлғиз ўзинг қайтдинг? Менинг Фазлиддиним қани?..
Сўзлари томоғига тиқилиб, дунё кўзига қоронғулашган онаизор ҳушдан кетиб, ерга йиқилди. Атрофдагилар уни ўнгариб, сув сепиб ўзга келтириб олгунча қанча вақт ўтди. Шундан кейин Баҳринисо опа узоқ вақтгача ўзига келолмади. Уни кўрганларнинг юраги эзилди. Аммо у умрининг охиригача кўчага, узоқ йўлга кўз тикиб яшади - ҳамон кўнглининг бир чеккасида "балки ўғлим қайтиб келар" деган умид жон сақларди.
Ота - Азим ака эса қанчалик матонатли, эркак киши бўлмасин, индамай ичига ютар, оғир дардни юракка кўмиб яшарди. У хотинига далда беришга, уни юпатишга уринарди-ю, лекин ўз қалбидаги тиғнинг оғриғини ҳеч кимга билдирмасди. Бутун оила аъзоларининг бошига ёғилган интиҳосиз изтироб уларни узоқ вақт эзди. Ниҳоят, аччиқ ҳақиқатни - Фазлиддиннинг бегона юртда, жанггоҳларда қайтиб келмас бўлиб ҳалок бўлганини тан олишдан ўзга чораси қолмади.
Қон билан ёзилган
қаҳрамонлик
Урушнинг адолатсизлиги ва йўқотишларнинг оғир дарди ҳеч қачон унутилмаса-да, орадан кўп ўтмай бу оила хонадонига яна бир хабар келди.
Собиқ СССР Олий Совети Президиумининг Фармони эълон қилиниб, унда Афғонистон тупроғидаги жанггоҳларда мардлик, жасорат ва қатъият кўрсатган ҳарбий хизматчилар қаторида Фазлиддин Ўроқов ҳам "Қизил юлдуз" ордени билан мукофотлангани маълум қилинди. Кейинчалик бу юксак мукофот унинг ота-онасига тантанали равишда топширилди.
Бу кўксини қувончдан кўра кўпроқ алам ва ҳижронга тўлдирган мукофот эди. Ота ва ака орденни қўлига оларкан, кўзларига ёш келди: бу юлдуз унинг ўғлининг тирик қайтишини кафолатламасди, лекин Фазлиддиннинг Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажарган мард, қайсар ва жасур аскар бўлганининг абадий исботи эди. Ўша кичиккина кўкрак нишони энди Оқдарёдаги Пилол қишлоғида, бир муштипар онанинг суратлари ёнида фарзанд жасоратининг сўнгги ёдгорлиги бўлиб порлаб қолди.
Тўй шодиёнасидаги аламли фарёд
Урушнинг қора сояси, йўқотишларнинг аччиқ дарди бу оиланинг тинчини абадий юлиб кетган эди. Гарчи йиллар ўтаётган бўлса-да, муштипар онанинг кўксидаги тиғ ҳамон янги эди. Буни Фазлиддиннинг опаси - Дилоланинг кундалик хотиралари яққол кўрсатиб туради:
"Бир куни укамнинг синфдош дўсти Мустафонинг тўйи бўлди. У севган қизи Мавжудага уйланаётган эди. Мен онамнинг кўнглини кўтариш, бироз бўлса ҳам уйдаги оғир муҳитдан чалғитиш мақсадида: "Онажон, юринг, тўйга борайлик, ўзингизни кўп қийнаманг, қийналиб кетдингиз, озгина бўлса-да яйраб келасиз", деб қистов билан тўйга олиб бордим.
Тўйда хизматда юрганларни қутлаш учун сўзга чиққанлар орасида Мустафонинг яна бир дўсти ҳам бор эди. Тўй бошловчиси микрофонни узатиб: "Навбатдаги сўзни мард ўғлон Фазлиддинга берамиз", деди. Ўша лаҳзада онамнинг қулоғига исм чалинди-ю, у беихтиёр ўрнидан туриб кетди:
- Ана, кўрдингизми?! Болам ўлмаган экан! Энг яқин дўсти Мустафони табриклагани тўйга келибди! Мен айтмабмидим, ўғлим тирик деб?! - дея жонҳолатда дод солиб йиғлаганча тўйхонадан югуриб чиқиб кетди.
Мен шунда онажонимни бу ерга олиб келиб катта хато қилганимни, юрагидаги чандиқни янгилаб қўйганимни англадим. Ортидан югуриб бориб қанча юпатмай, ялиниб кечирим сўрамай, у кишининг тинмасдан йиғлашини тўхтата олмадим...
Онам укамни умрининг охригача кутди. Ҳатто 16 октябрда туғилганини ҳар йили нишонлатар эди. "У тирик бўлганда, шу ёшга кирарди", дея кўз ёш қиларди. Бу сўзлар қалбимизни титратиб юборарди.
Қисқасини айтганда, онам ҳар куни, ҳар дақиқа Фазлиддинни эсга олар, кўзларидаги ёш бир лаҳза ҳам қуримасди. Ўзимиз ул-ғайиб, ўз фарзандларимизни қучоғимизга олиб, оналик бахтини ҳис қилганимиздан кейингина оналарга фарзанд доғи қанчалар оғир ва азобли эканини чинакамига тушуниб етдик".
Укажоним - жигарим
(Укам Фазлиддин хотирасига)
Тупроқ кўчаларни чангитиб, чопиб,
Беғубор болалик жуда тез ўтди.
Ўн йиллик мактабни битирган заҳот,
Менинг эрка укам хизматга кетди.
Онам соғинганда унсиз йиғлайди,
Отам армонлари бағрим тиғлайди.
Хат кутиб куну тун йўлга термулиб,
Онамнинг кўзига уйқу келмайди.
Тақдирга тан берди ота-ю она,
На илож йигитлик бурчи ягона.
Икки йил ўтар-да, бағримга қайтар,
Дея кутар эди онам мардона.
Шум тақдир ачинмай эрка укамга,
Афғон деган юртга жангга ташлади.
Елкасига оғир қуроллар илиб,
Бечора боланинг кўзин ёшлади.
Амаллаб хат ёзар жигарларига:
"Онамга айтманглар, онам билмасин.
Тақдирга ёзганин кўрарман, аммо,
Онамнинг умидлари асло сўнмайди..."
Табиат гуллаган гўзал баҳорда,
Совуқ хабар келди эрта саҳарда.
Онам дод солди-ю, лек ишонмади:
"Менинг болам тирик, асло ўлмайди..."
Кунлар, ойлар, йиллар аста ўтарди,
Онаизор фақат солдат кутарди.
Тупроққа қўйганлар совуркан, аммо,
Онам ҳўл ўтиндек ёнмай тутарди.
Тўйлар қилади-ю, ўйнаб-кулолмас,
Азага борганда айтиб йиғлолмас.
Йиллар бир-бирини қувишиб ўтди,
Оғир ғам онамни тўшакка тортди.
Куз фаслининг сариқ япроғи мисол,
Онамнинг юзлари сарғайди, толди.
Фарзандин тўйига йиғган сарпосин,
"Ўлимтигим", дея сандиқдан олди...
Дилола ЎРОҚОВА.
Қирқ йиллик соғинч
Мактабда бир синфда таҳсил олган ўн уч нафар ўғил ва ўн уч нафар қизнинг болалик ва ўсмирлик йиллари Пилол қишлоғининг чанг кўчаларида кечган эди. Ўша ёшлик даврасида ўғил болалар ичида Фазлиддин ўз феъл-атвори, чаққонлиги ва мардлиги билан яққол ажралиб турарди. У спорт билан мунтазам шуғуллангани учун ниҳоятда бақувват, ҳаракатлари чаққон ва қатъий эди. Мактаб ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам у доимо пешқадамлар сафида бўлар, бошқаларга ўрнак кўрсатарди.
Орадан йиллар ўтди. Мактабни битирган кунлардан буён роса қирқ йил вақт ўтди. Шу муносабат билан қадрдон синфдошлар яна бир бор бош қўшиб, Пилол мактабида унутилмас учрашув ўтказишди. Ўша қувончли, аммо юракни ларзага солувчи хотираларга бой даврада барчанинг кўнгли бир инсонга - Фазлиддинга бориб тақалди. Йиллар қанчалик ўтмасин, унинг одоби, сахийлиги, дўстларга бўлган чексиз садоқати ҳеч қачон унутилмаслигини яна бир бор меҳр билан эслашди.
Дўстларининг уни хотирлаб айтган сўзлари бугун ҳам қалбларни титратади:
Хосият Эшмаматова: "Фазлиддин ташаббускор эди, унинг қалбида ўзига хос бир ёниқлик бор эди. У доимо бизларни аъло ўқишга, жамоат ишларида фаол бўлишга даъват этарди. Ниҳоятда самимий, дилкаш бўлгани учун ҳаммамиз уни ардоқлардик. Афсуски, бугун у орамизда йўқ. Аммо унинг порлоқ хотираси юракларимизда мангу яшайди..."
Шуҳрат Пардаев: "Фазлиддин менинг энг яқин, сирдош дўстим эди. Қаерга борсак - бирга эдик. Мактаб спорт мусобақаларида унинг олдига тушадигани йўқ эди. У футбол дейсизми, волейбол ёки бошқаларини дейсизми, барчасини мукаммал билар, тенгдошларига устозлик қиларди. Бугун ҳам синфдошлар йиғилсак, суҳбатимизнинг сўнгги нуқтаси албатта Фазлиддинга бориб тақалади. Дўстимнинг жойлари жаннатдан бўлсин!"
Зарифа Бўронова: "Фазлиддин ниҳоятда самимий, беғубор ва қалби тоза инсон эди. Уни бир марта кўрган, бир маротаба суҳбатлашган киши буни дарҳол ҳис қиларди. Синфдошлар билан ҳар гал йиғилганимизда унинг кулиб турган чеҳраси кўз олдимизга келади. Биз унинг яна соғ-саломат даврамизда ўтиришини, суҳбатларимиз узоқ давом этишини қанчалар истардик... Афсуски, бу дийдор фақат қиёматга қолди."
Бугунги кунда тўқсон уч ёшни қаршилаб, ҳаётнинг кексалик ёшида ҳам қалби равшан, хотираси ўткир бўлган муҳтарама устоз Саноат она Маманова ўз шогирдини кўз ёшлари ва чексиз фахр билан эслайди:
"Фазлиддинни ҳеч қачон унутолмайман, у кўз ўнгимда ҳамон ўша зукко, одобли ўқувчи бўлиб гавдаланади. Унинг онасига эргашиб пахта далаларига борган, меҳнатдан қочмайдиган болалиги ҳамон кўз олдимда турибди. Тарихчи ва устоз сифатида шуни айтишим керакки, Афғонистонда олиб борилган ўша мақсадсиз ва қабиҳ уруш қанчадан-қанча гулдек фарзандларимизни боғдан бевақт узиб кетди. Фарзанд доғида куйиб, юраги ўртаниб ўтган ота-оналарнинг оҳу зори осмонни тутди. Аммо мен бир устоз сифатида Фазлиддиндек мард, Ватан ва эл олдида юзи ёруғ ўғлонни тарбиялаганимиздан чексиз фахрланаман.."
Бу илиқ ва оташин сўзларни Фазлиддиннинг билим ва одоб сирларидан баҳраманд этган бошқа жонкуяр устозлар - Маннон Муҳаммадиев, Намоз, Жалол, Баҳодир Жияновлар, Муҳаббат Тилавова ва Эргаш Музроповларнинг қалбидан ҳам чуқур армон билан тинглаш мумкин. Уларнинг ҳар бири шогирдининг инсоний фазилатлари, мардлиги ва илмга чанқоқлиги ҳақида меҳр билан сўзлашади.
Ҳа, уруш унинг жисмоний танасини олиб кетган бўлиши мумкин, бироқ Фазлиддиннинг номи, унинг жасорати ва хотираси устозларнинг дуосида, синфдошларнинг қалбида, қадрдон Пилол қишлоғининг ҳар бир бурчида мангу барҳаётдир.
Ўн тўққиз ёшда эди у...
Пилол ва Чим қишлоқлари аҳолиси бир ҳақиқатни кўп бор таъкидлайди: Афғонистонда шаҳид кетган Ватан ўғлони, қаҳрамон аскар Фазлиддин Ўроқов шу тупроқда туғилиб ўсди, шу қишлоқ ҳавосидан нафас олди, шу одамлар билан ёнма-ён яшади. Аммо орадан қарийб қирқ йил ўтиб, бугун дунёга келган фарзандларнинг аксарияти Фазлиддиннинг ким бўлгани, қандай орзулар билан яшагани, нега 19 ёшида бу ҳаётни тарк этгани ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди.
Бор-йўғи ўн тўққиз йил... Одам умри учун бу жуда қисқа муддат. Аммо Фазлиддиннинг ўн тўққиз йилига қанча орзу, қанча умид, қанча эзгу ният сиғганини уни билганлар яхши эслайди. Унинг ҳали олдинда узоқ йўли, кўрадиган кунлари, қурадиган оиласи, эришадиган орзулари бор эди. У эндигина катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган бир пайтда тақдир унинг умрини узиб кетди.
У уйдан кетганда, балки онаси уни яна бағрига босиб, "болам, омон қайт", дегандир. Балки отаси эшик олдида узоқ тикилиб қолгандир. Балки Фазлиддин ҳам ортга қайрилиб, туғилиб ўсган қишлоғига, болалик хотираларига сўнгги бор назар ташлагандир. Аммо ҳеч ким ўша лаҳзада бу видо абадий видо бўлишини билмаган.
Энг оғриқлиси - унинг ота-онаси фарзандининг дарди билан яшаб, бир умрлик армонни елкалаб ўтишди. Ўғлининг қадам товушини яна бир бор эшитиш, эшикдан кириб келишини кўриш, "болам" деб бағрига босиш орзуси улар билан бирга сўнди. Улар бу дунёдан кетар экан, қалбларида фарзанд соғинчи, кўзларида армон, юракларида битмас дард қолди.
Афсуски, улар тириклик пайтида ҳам бу хонадоннинг дардига дармон бўладиган, ҳолидан хабар оладиган, елкасига қўл қўядиган раҳбарлар, масъуллар топилмаганини бугун қишлоқда яшаётган Фазлиддиннинг опа-акалари оғриқ билан эслайдилар. Чунки баъзи яраларни йиллар ҳам битира олмайди. Вақт фақат унинг устини пардалайди, холос. Хотира эса юракда яшайверади.
Бугун Фазлиддинни кўрган, билган, у билан бир синфда ўқиган тенгдошлари уни ҳамон ўн тўққиз ёшли йигит сифатида эслайдилар. Уларнинг хотирасида Фазлиддин қаримайди, ўзгармайди. У ҳамон мактаб йўлагидан кириб келаётган, синфдошлари билан ҳазиллашаётган, орзулари ҳақида гапираётган ўша навқирон йигит...
Шу маънода, кейинги йилларда бир гуруҳ синфдошларининг Фазлиддин хотирасини абадийлаштириш борасидаги ташаббуслари, хусусан, 7-мактабда унинг хотира бурчагини ташкил этиш таклифи алоҳида эътиборга лойиқ. Бу - шунчаки бир бурчак эмас. Бу - бир инсоннинг умри, бир оиланинг армони, бир қишлоқнинг хотираси ва бутун бир авлодга қолдирилаётган маънавий сабоқдир.
Зеро, инсонни ўлим эмас, унутилганлик батамом йўқотади. Фазлиддинни эслаш - унинг қисқа умрини қадрлашдир. Унинг исмини тилга олиш - ота-онасининг йиллар давомида кўтарган дардига эҳтиромдир. Хотирасига бурчак очиш эса бугунги авлодга: "Бу тупроқдан сендан олдин ҳам Ватан учун жонини тиккан ўғлонлар ўтган", деган сукутдаги мурожаатдир.
Шунинг учун ҳар гал унинг синфдошлари билан Фазлиддин ҳақида суҳбатлашганимизда, сўзларимиз охири бир жумла билан якунланади: "Охиратинг обод бўлсин, азиз синфдошимиз Фазлиддин... Сен бор-йўғи ўн тўққиз йил яшадинг. Аммо хотиранг умримиз борича биз билан қолади".
Синфдошлар ташаббуси ва абадий хотира
Йиллар ўтди, сувлар оқди, аммо қалблардаги жароҳат битмади. Яқинда Фазлиддиннинг қадрдон синфдошлари яна бир бор бош қўшиб, бир ёқадан бош чиқаришди: "Қадрдонимиз, жанггоҳларда бедарак кетган мард дўстимиз Фазлиддин Ўроқовнинг хотирасини абадийлаштириш - бизнинг фарзандлик ва дўстлик бурчимиздир!" деган қарорга келишди.
Бу эзгу мақсадни амалга ошириш учун улар Оқдарё туман ҳокими Темур Махмудов ҳузурига боришди. Туман раҳбари синфдошларнинг мурожаатини илиқ қарши олиб, уларнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглади. Ватан ҳимояси йўлида жон берган ўғлоннинг хотирасини улуғлаш ҳар бир раҳбарнинг бурчи эканини таъкидлаб, инсонпарварлик кўрсатди ва тегишли ташкилотларга зудлик билан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Шу тариқа, эзгу ҳаракатлар натижасида Фазлиддин Ўроқов ўз вақтида билим олган, болалик ва ўсмирлик йилларининг ширин хотиралари муҳрланган Пилол қишлоғидаги 7-умумтаълим мактаби ҳудудида унга атаб махсус хотира бурчаги ташкил этиладиган бўлди. Барча ташкилий ва бунёдкорлик ишлари кўнгилдагидек якунлангач, кенг жамоатчилик, мактаб ўқувчилари, устозлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида катта тадбир ўтказилишига келишиб олинди.
Ниҳоят, йиллар давомида қалбда армон бўлиб яшаган, орзиқиб кутилган ўша файзли ва шукуҳли кунлар ҳам келди. Синфдошларнинг қатъияти, яхши инсонларнинг амалий кўмаги билан Фазлиддиннинг порлоқ номи ўз қишлоғида, қадрдон мактаби бағрида яна тикланди. Энди Пилол мактабига қадам қўйган ҳар бир ўқувчи, ҳар бир келажак авлод бу мард ўғлоннинг суратига қараб, унинг қисматидан сабоқ олади, хотирасини ҳамиша ҳурмат билан ёд этади.
"Жойинг жаннатда, охиратинг обод бўлсин, қадрдон синфдошимиз, мард дўстимиз Фазлиддин!"
Яна бир йўқотиш
Синфдошимиз Тўлқин Тошев Фазлиддин билан жуда қадрдон, сирдош ва яқин дўст эди. Фазлиддин Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаётган оғир ва таҳликали кунларда ҳам уларнинг дўстлиги узилмади. Ораларида хатлар қатнар, бир-бирларига дилларидаги сир-асрорларини, орзу-умидларини ишониб айтишарди. Балки ўша хатларда оддий гаплар, болалик хотиралари, синфдошлар ҳақидаги суҳбатлар, келажакка қурилган режалар битилгандир. Аммо бугун ўша хатларнинг ҳар бир сатри биз учун беқиёс бир хотира, ўтмишдан етиб келаётган қалб садосидек туюлади.
Тўлқин синфдошлар орасида ҳам алоҳида ҳурматга сазовор эди. У биз билан боғлиқ ҳар қандай катта-кичик тадбирда фаол қатнашар, ташаббус кўрсатар, ташкилотчилик ишларининг олд қаторларида юрарди. Унинг одамийлиги, самимийлиги, одоби, юриш-туриши ва кийиниши билан тенгдошларига ўрнак бўларди. Даврада Тўлқин бўлса, гўё қандайдир файз, тартиб ва илиқлик пайдо бўларди.
Шунинг учун унинг йўқлиги бугун ҳам сезилади. Афсуски, тақдир бизга яна бир оғир синовни раво кўрди. 2020 йилда бутун дунёни ларзага солган пандемия даврида Тўлқин ҳам оғир хасталикка чалинди. Унинг ҳаёти учун шифокорлар бор имкониятларини ишга солиб, тинимсиз курашдилар. Яқинлари, фарзандлари, дўстлари ва биз - синфдошлари эса яхши ният ва умид билан унинг соғайиб кетишини кутдик.
Аммо тақдирнинг ҳукми бошқача экан... Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари, қилинган муолажалар ва барча умидларга қарамай, Тўлқин бу ёруғ дунёни тарк этди. Биз яна бир азиз инсондан айрилдик. Ўша кунлар синфдошларимиз учун ниҳоятда оғир ва қайғули кечди. Фазлиддиннинг бевақт кетгани ҳали ҳам қалбимизда оғир яра бўлиб турган бир пайтда, унинг энг яқин дўстларидан бири - Тўлқиндан ҳам айрилиш биз учун икки карра оғриқ бўлди. Гўё тақдир бир хотиранинг яна бир саҳифасини юлиб олгандек эди.
Инсон умри - омонат. Туғилиш бор экан, ўлим ҳам бор. Бу ҳақиқатни ақл билан англаш мумкин, аммо яқин инсондан айрилганда қалб уни қабул қилиши жуда қийин.
Биз Тўлқиннинг оиласига, фарзандларига чуқур таъзия изҳор этдик. Уларнинг қайғусига шерик бўлдик, сабр ва матонат тиладик. Чунки фарзанднинг отасидан, оиланинг эса суянчидан айрилиши қандай оғир эканини сўз билан ифодалаш мушкул.
Бугун синфдошларимиз иштирокида ўтказиладиган ҳар бир тадбирда Фазлиддин билан бирга Тўлқинни ҳам эслаймиз. Уларнинг номларини ёдга оламиз, Қуръон тиловат қилиб, руҳларига дуо бағишлаймиз. Чунки улар биз учун шунчаки ўтмишда қолган синфдошлар эмас - улар болалигимиз, ёшлигимиз, беғубор кунларимиз ва бирга кечирган умримизнинг бир бўлагидир.
Йиллар ўтади. Синфдошлар сафимиз сийраклашиб боради. Аммо ҳақиқий дўстлик ва эзгу хотира вақт олдида таслим бўлмайди.
Фазлиддиннинг қисқа, аммо мазмунли умри ҳам, Тўлқиннинг меҳр-оқибатга бой ҳаёти ҳам биз учун доимо қадрли бўлиб қолади.
Улар энди орамизда йўқ. Аммо хотира бор экан - улар ҳамиша биз билан қалбимизда мангу яшайди!
Махсуда МАРДИЕВА,
Чим қишлоғи.
Мавзуга оид:
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02




