Нуқтаи назар Қизлар миллийлик нима эканлигини тушунишадими?
Бундан бир ойча муқаддам яқин бир дўстим касалхонага тушиб қолганлиги туфайли уни кўргани йўлга тушдим. Касалхона ҳовлисидаги ўриндиқларда беморлар гурунглашиб ўтиришар, нарироқдаги бир ўриндиқда икки йигит сигарета тутатиб ўтган-кетганларни кузатиб туришарди. Шу пайт уларнинг олдидан тор шим кийган икки қиз ўтиб қолди. Қизларнинг шими шу даражада тор эдики, буни таърифлашга уяласан киши.- Ҳой қизлар, танишайлик, - деди йигитлардан бири уларга қарата ўрнидан туриб.
- Майли, бемалол, - деди кутилмаганда қизлардан бири орқасига ўгирилиб. Қаерда танишамиз, шу ердами ёки ресторандами?
Очиғи, қизлардан бундай дадил жавобни кутмаган йигит шошиб қолди. Аммо сир бой бермай деди:
- Бўпти, ресторанда бўлса, ресторанда-да, биз розимиз.
- Келишдик, бир беморимиз бор, шуни кўриб қайтамиз. Яна кетиб қолмангизлар, - деди қизлардан бири.
Тўғрисини айтганда, бу воқеани кузатиб ҳайратдан ёқа ушладим. Қизларнинг кийинишига, йигитлар билан бемалол, тортинмасдан, қўполроқ қилиб айтганда беҳаёларча гапиришлари кишида ташвиш уйғотади. Наҳотки айрим қизларимизда шарм-ҳаё, ор-номус деган тушунчалар йўқолиб боряпти. Нега ота-оналаримиз қизларининг кийинишларига умуман бефарқлар. Ахир мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларимиз қайта тикланаётган бир пайтда баъзи бир ўзлари ҳам тарбияга муҳтож ота-оналаримизнинг хатти-ҳаракатларига ажабланмасдан илож йўқ. Буни гувоҳи ҳам бўлдик.
Яқинда бир тўйда бўлганимизда шим кийган қизларнинг рақсга тушишларини кўриб ҳайратдан ёқа ушладик. ўарб қўшиқлари таралаётган тўйхонада даврага чиққан шим кийган бир қиз йигитлар қуршовида хиром айлар, ароқнинг таъсиридан кўзлари юмилиб кетарди. Шу пайтда одамлар орасидан бир аёл ва бир эркак чиқиб қизга пул қистирди. Кейин билсак, улар бу қизнинг ота-онаси экан. Энг ачинарлиси, қизнинг ёши нари борса ўн саккиз, ўн тўққизларда эди. Бу ота-онаман деб юрган инсонлар наҳотки ўз қизларини спиртли ичимликни ҳаддан зиёд истеъмол қилган маст-аласт эркакларнинг даврасида рақсга тушишларидан завқ олиб, қизини янада руҳлантириш учун пул қистиришса, бу нима деган гап. Янада ачинарли томони, қизнинг отаси ҳам, онаси ҳами анча ароқ ичганликлари шундоққина юзларидан сезилиб турарди.
- Қизлар тарбиясига энг аввало оналаримиз жиддий эътибор беришлари лозим, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Юлдуз Ўроқова. - Биз мунтазам равишда ўтказилаётган ҳар бир йиғилишларимизда маҳалла маслаҳатчиларига ҳам қизларимизнинг тарбияси, юриш-туриши, кийинишларига жиддий эътибор бериш зарурлигини кўп таъкидлаймиз. Афсуски айрим аёлларимиз, оналаримиз ўз қизларининг кийинишларига эътибор беришмайди. Ҳатто шим кийган тақдирда ҳам танбеҳ беришмайди. Биз аёллар энг аввало она эканлигимизни, қизларимизнинг келажаги кўп жиҳатдан ўзимизга ҳам боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак.
- Халқимизда азал-азалдан онасини кўриб қизини ол, деган ҳикматли нақл бежизга айтилмаган, - дейди Бобур маҳалласининг Муллақўрғон қишлоғида яшовчи ҳурматли онахонларимиздан Моҳия Бўлтакова. - Тажрибадан шу нарса маълум бўляптики, ҳар доимо халқимиз ўғилларига қиз танлашда энг аввало унинг оиласига эътибор беришган. Эсли-ҳушли, узун сочли, миллий кийим кийиб юрган қизларимизга доимо совчилар ёғилиб турган. Менинг ўзим ҳам раҳматли турмуш ўртоғим билан етти қизни тарбиялаб вояга етказиб ҳаммаларини узатдик. Барчаси бахтли яшашмоқда. Чунки биз ҳам қизларимизни болалигидан кийинишларига катта эътибор берганмиз. Шундай экан, ҳар бир она бу масалага жиддий қараши керак деб ҳисоблайман.
Хўш, ҳаддан зиёд тор шим кийиш соғлиққа таъсир кўрсатмайдими? Бу борада тиббиёт ходимлари нима дейишади? Шу хусусда кўпчиликка яхши таниш бўлган тажрибали шифокор-гинеколог Шамсиддин Шомахсудов шундай дейди:
- Ҳар бир миллатнинг ўз миллий кийимлари бор. Масалан бизнинг ўзбек хотин-қизларига атлас кўйлак ярашади. Буни бугунги дунё халқлари эътироф этишади. Кўча-куйда тор шим кийган қизларни кўрганимизда очиғи, уларга ҳой қизим, ўзингизга ярашган кийимларни кийсангиз бўлмайдими? Бу тор шим сизнинг ёш организмингизга салбий таъсир кўрсатади, ривожланиш сусаяди. Ахир сиз келгусида она бўласиз. Наҳотки буни унутган бўлсангиз, дегимиз келади. Бу борада энг аввало оналаримиз қизларига тўғри йўлни, қандай кийиниш кераклигини тушунтиришлари керак.
Шифокорнинг фикридан келиб чиқадиган бўлсак, бу борада нафақат ота-оналаримиз, аввало қизларимизнинг ўзлари ҳам жиддий ўйлаб кўришлари керак. Сабаби бугунги қизларимиз эртанги бўлажак оналар ҳисобланади. Янги авлодни дунёга келтириш учун эса энг аввало оналаримиз соғлом бўлишлари керак.
Яна бир мулоҳаза. Айрим ташкилотларга борганимизда котиба қизларнинг ҳам тор шим кийиб юрганликларига кўзимиз тушади. Наҳотки бу ташкилотларнинг раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари бу масалага эътибор беришмаса. Яқинда бир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаётган бир дўстимизга биродар, сизнинг котибангиз тор шим кийиб, қўпол бўлса ҳам ўзини реклама қилиб юрибди. Унга қизларга хос кийиниш лозим эканлигини эслатсангиз бўлмайдими, дедик. Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, натижа бўлмагач, яна дўстимизга бу гапни эслатдик. Дўстимиз котибасига айтганлигини, бироқ ўз билганлигидан қолмаётганлигини айтди. Ана холос. Ишхонадаги раҳбар ўз ходимини тартибга чақира олмаса, бу қандай гап.
Ишончим комил, ушбу мақолани ўқиётган айрим шим кийиб юрган қизлар бизнинг кийинишимизга нима ишинг бор, керак бўлса… кўрамиз, деб лабини буриб ўзларича яна алланарсаларни айтгандир.
Шундай десангиз кечириб қўясиз, сиз ўзбек миллатига мансубмисиз, шу миллат киядиган кийимларни кийинг. Ўзингизнинг салбий хатти-ҳаракатларингиз билан юзлаб, минглаб қизларимизнинг номига доғ туширманг. Авлод-аждодларимиз ким эканлигини унутманг, дегимиз келади.
Албатта бу борада мактаблар, касб-ҳунар коллежлари раҳбарларининг, бошланғич хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолларининг ташаббуслари, ҳаракатлари катта аҳамиятга эга эканлигини эслатиб ўтиш ўринлидир. Чунки балоғат ёшидаги қизларимиз ҳам биз юқорида тилга олган илм даргоҳларида таълим олишади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ота-она қизларининг миллий кийинишларига жиддий қарашлари, шу билан бирга уларнинг тарбиясини ҳам эсдан чиқармасликлари лозим. Ана шундай қилишса, бизнинг ҳам кўтарилган мавзу ҳақида қалам тебратишимизга хожат ҳам қолмайди. Шундай эмасми?
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




