📖 «АФҒОН ТОҒЛАРИДА ҚОЛГАН АСКАР» 🕊️ КИТОБИ НАШРДАН ЧИҚДИ

Тарих саҳифаларида қора доғ бўлиб қолган, минглаб инсонларнинг қон тўкилишига сабаб бўлган фожиaли можаролардан бири – бу Совет-афғон урушидир. У 1979 йил 25 декабрда бошланиб, 1989 йил 15 февралда якунига етган. Бу ҳарбий ҳаракатлар нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа тарихида ўчмас из қолдирган.
1979 йил 25 декабрь куни совет қўшинлари Афғонистон чегарасини кесиб ўтди. Дастлаб мамлакатга киритилган совет аскар ва офицерларининг сони 85 минг кишини ташкил этди.
Манбаларга кўра, ушбу ўн йил мобайнида жами 650 мингдан ортиқ совет ҳарбий хизматчиси Афғонистон урушида қатнашди. Ўзбекистондан 64 500 нафардан ортиқ йигит жанг майдонларига юборилди.
Расмий маълумотларга кўра, урушда 15 мингдан ортиқ совет жангчиси ҳалок бўлди, шундан 1 500 дан ортиғи ўзбекистонликлар эди. Жанговар ҳаракатлар давомида ўн минглаб инсонлар ногирон бўлиб қайтишган бўлса, шундан 2 500 га яқин ўзбек ўғлонлари бўлган.
Биргина Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманининг ўзидан Афғонистонга хизматга жўнатилганлар сони 181 нафарни ташкил этди. Уларнинг саккиз нафари эса бедарак кетди. Ахир бу рақамларнинг ортида қанчадан-қанча орзу-умидлар, ғам-аламлар, изтироблар ётибди.
Ана шу бедарак кетган, номи тарихнинг қора саҳифаларида муҳрланиб қолган юртдошларимизнинг бири – Фазлиддин Ўроқов эди.

Яқинда Фазлиддин Ўроқовнинг синфдоши Махсуда Мардиева қаламига мансуб "Афғон тоғларида қолган аскар" китоби нашр этилди. Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири, устозимиз Йўлчи Муҳаммадиев масъул муҳаррирлигида чоп этилган китобда Фазлиддин Ўроқовнинг қисқа умри ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Асарда Фазлиддиннинг ёшлиги, оила аъзолари, акалари, опалари ва синфдошлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Кенг оммага мўлжалланган бу асар ўқиган кишида катта таассурот қолдиришига ишончимиз комил.