МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ ЭЪТИБОРИМИЗДА

Бугунги кунда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг келажак авлодга бус-бутун ҳолда етказиш, ёш авлодга тарбия беришда маданий-маънавий қадриятларимиздан тўлақонли фойдаланиш энг биринчи галдаги вазифаларимиздан бири бўлиб турибди. 

Ёш авлоднинг келажакка теран назар солиши, ўз келажагини тўлароқ тасаввур этишда аждодларииз яратиб кетган осори атиқалари, маънавий мерослар, барча-барчасининг ўрни каттадир. 

Шунинг учун бу вазифа ҳар бир кишининг юрагида бўлиши, юртимизнинг буюклигини тасаввур этишда бу маданий мерос объект-ларининг хизматини алоҳида эътироф этиш жоиз. Агар қайсидир маданий мерос объектининг бунёд бўлиши, одамларнинг назарига тушиши тасодифий эмас. Маданий мерос объектларининг бунёд бўлиш тарихига чуқурроқ кириб борар эканмиз, улар қайсидир маданий ва ғоявий мақсадларини ўзида мужассам этганлигини тушуниш мумкин. 

"Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Ансамбллар - тарихан таркиб топган ҳудудда аниқ кўзга ташланадиган, атроф манзараси билан умумийлиги ёки алоқадорлиги тарихий, археологик, меъморий, эстетик ёки ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган, ижтимоий, маъмурий, диний, илмий, ўқув-таълим, истеҳком, сарой, турар-жой, савдо, ишлаб чиқариш ва бошқа аҳамиятга молик ҳамда рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, меъморчилик асарлари билан боғлиқликда алоҳида ёки ўзаро биргаликда турган ёдгорликлар, иморатлар ва иншоотлар гуруҳлари, шунингдек тарихий тарҳларнинг ҳамда манзилгоҳлар иморатларининг қолдиқлари, ландшафт архитектураси ва боғ-роғ санъати асарлари (боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар);

диққатга сазовор жойлар - инсон ва табиат ижодининг муштарак маҳсули, шунингдек тарихий, археологик, шаҳарсозлик, эстетик, этнологик ёки антропологик қимматга эга бўлган ҳудудлар, шу жумладан халқ ҳунармандчилиги масканлари, тарихий манзилгоҳлар ёки шаҳарсозлик тарҳи марказлари ва тарихий (шу жумладан ҳарбий) воқеалар, ёдгорликлар, атоқли тарихий шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган иморатлар, хотира жойлари, табиий ландшафт-лар, шунингдек кўҳна шаҳарлар, шаҳристонлар, манзилгоҳлар, қароргоҳлар иморатларининг маданий қатламлари, қолдиқлари, маросимлар бажо этиладиган жойлар;

ёдгорликлар - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган айрим иморатлар, бинолар ва иншоотлар, улар билан боғлиқ бўлган рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати асарлари ҳамда шу иморатлар, бинолар ва иншоотларнинг тарихан таркиб топган ҳудудлари, шунингдек мемориал уйлар, квартиралар, қабристонлар, мақбаралар ва айрим қабрлар, монументал санъат асарлари, фан ва техника (шу жумладан ҳарбий техника) объектлари, антропология, этнография, нумизматика, эпиграфика, картография, фотография материаллари, кинофильмлар, аудио, видео ёзувлар ҳамда бошқа жисмлардаги ёзувлар, адабиёт ва санъат асарлари, архив, қўлёзма ва чизма ҳужжатлар, қадимги қўлёзма китоблар, ҳарф териш усулида чиқарилган дастлабки китоблар, нодир ва ноёб нашрлар, ноталар, муқаддас буюмлар ва мемориал хусусиятга эга бўлган ашёлар, тош ҳайкаллар, қояга ўйиб солинган тасвирлар, археология ёдгорликлари;

маданий мерос объектлари - моддий ва номоддий маданий мерос объектлари;

моддий маданий мерос объектлари - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ансамбллар, диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлар;

номоддий маданий мерос объектлари - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар.

Аъзам Баранов,

Самарқанд вилояти прокурорининг 

катта ёрдамчиси.

Мавзуга оид: