ЛОЙИШНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?

Яқинда Фарғона вилоятидан ташриф буюрган дўстларимиздан бири савол бериб қолди: 
- Лойиш шаҳарчасида кейинги йилларда анча ўзгаришлар юз берибди. Бироқ меҳмонхона йўқ экан. Шу тўғрими?
- Ҳа, ҳақиқатдан ҳам меҳмонхона йўқ. Бу борада туман ҳокимлиги аниқ режа белгилаган. Яқин кунларда қурилиши бошланса ажаб эмас, - дедим меҳмонларнинг саволига жавоб бериб.
Хўш, ҳақиқатдан ҳам Оқдарёда меҳмонхона қуриладими? Очиғини айтадиган бўлсак, бундан 15 йил муқаддам, аниқроғи 2007 йилнинг февраль ойларида Лойиш шаҳарчасида яшовчи фуқаролар томонидан собиқ 63-билим юрти ҳудудидан меҳмонхона қуриш учун ер ажратилганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Бу ҳақда ўша йиллари газетамиз саҳифаларида бир неча бор "Лойишда меҳмонхона қачон қурилади?" сарлавҳалари остида танқидий чиқишлар қилинган эди. Бироқ бу орада туманда бир неча бор ҳокимлар ўзгарди-ю, бошланган иш охирига етмай қолди. Шундан сўнг ҳам эшитишимизга қараганда, Лойишда меҳмонхона қуриш учун бир неча фуқаролар ўтган йиллари туман ҳокимининг қарорини чиқариб олган экан. Бу қанчалик тўғри, билмадик. Бу ҳақда яқинда бўлган матбуот анжуманида туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Мусурмоновга батафсил маълумотни айтишимизга тўғри келди. Чунки, кимлардир уй-жойга зор бўлса-ю, кимлардир эса меҳмонхона қураман, тадбиркорлик қиламан, дея ҳокимни қарорини чиқариб ҳеч нарса қурмаса. Олинган жойларни кимларгадир сотиб юборса. Бу адолатданми? 
Яқинда ачинарли манзарага дуч келдик. Лойиш марказидаги собиқ истироҳат боғига аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, туман матлубот жамияти идорасига "Юлдуз" ресторани ёнидаги йўлдан борардик. Кеча ўша манзилга бормоқчи бўлиб йўлга отланмоқчи бўлганимизда, танишларимиздан бири у жойни кимлардир эгаллаб олганлигини, йўлнинг ўртасидан икки томонлама девор тортилганлигини айтиб қолди. Очиғи ишонмадик. Ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида манзилга борганимизда, ҳақиқатдан ҳам йўлнинг ўртасидан девор тортилганлигининг гувоҳи бўлдик. Қарийб 60-70 йилдан буён йўл бўлиб турган бу жойни қайси валломат эгаллаб олганлигини ҳанузгача билолмай турибмиз. Дангалини айтганда, кейинги пайтларда Лойишда қурилиш қонун-қоидаларига умуман амал қилинмаётганлигига, шаҳарчанинг эса эгаси йўқлигига гувоҳ бўляпмиз. Бўш ётган жойлар хоҳ чиқиндихона бўлсин, хоҳ бошқа жой дарҳол эгаси топилаяпти. Ваҳоланки, бундай жойлар тендер орқали сотилиши қонунларимизда белгилаб қўйилган. Ҳозирги биз айтаётган жой кимга тегишли? Шунча йилдан буён одамлар ўтиб-қайтаётган кўчани эгаллаб олишга кимнинг ҳадди сиғди экан? Ёки таниш-билиш орқали бу жой эгалландимикин? Эҳтимол, бу саволга туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари жаноб Фарҳод Мусурмонов аниқ жавоб берар?          
 А, лаббай!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
 журналист.
Мавзуга оид: