БАРЛАРДА НИМА ГАПЛАР?!


Вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси томонидан карантин қоидалари юмшатилиб, 12 августдан бир қатор чекловлар олиб ташланди. Карантин қоидаларини юмшатиш уни бекор қилишни англатмайди. Минг афсуски, юртимизда касалланишлар сони ҳали батамом тугатилмаганлигини ҳар бир киши жуда яхши билади. Касаллик кўпайишининг олдини олиш учун фуқаролар шахсий ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишни давом эттиришлари зарур. 

Бугунги ҳолатга тўхталсак, мутахассисларнинг таъкидлашича, ниқоб тақиб юриш ва ижтимоий масофа сақлаш ҳамда имкон қадар ўзини алоҳидалаганларга касаллик юқиш эҳтимоли пасаяди ёки вирус организмга тушиши камаяди. Одамлар билан мулоқотни чеклаган инсонларга касаллик умуман юқмаслиги мумкин.

Лойиш кўчаларида одамлар оқимига қўшилиб юрар экансиз, аксарият кишилар ҳимоя воситаси ҳисобланган ниқобларини номигагина тақиб, оғиз-бурунларини очиб олишганлигини, ён-атрофидагилар билан масофа сақлаш қоидаларига умуман риоя этмаётганликларини кўриб ранжийсиз. Савдо дўконларида, бозорларда эса аҳвол бундан ҳам аянчли. Одамларнинг гавжумлиги, ошхона ва дўконлар, салонлардаги тартибсизликларни қандай изоҳлашни ҳам билмайсан, киши. Ахир, ҳар бир инсоннинг соғлиги, ҳаёти ўзига, яқинларига керак-ку. Бундай таҳликали пайтда ҳар бир киши соғлигини, ҳаётини хавф остига қолдирмасдан, карантин қоидаларига риоя қилишни асло унутмаслиги лозим.

Лойиш деҳқон бозори атрофидаги ошхоналар ошпазлари, кабоб-пазу сомсачиларининг эса қўли-қўлига тегмайди. Ошхона қолиб катта кўчанинг йўлакларига чиқиб олишиб, тутун ва мой ҳидларини бурқситишиб, ўтган-кетган йўловчиларни тинмай чақиришгани чақиришган. Катта кўчанинг икки четини, йўлакларни эгаллаб олишган такси-чилар ҳам улардан қолишмасдан тўхтовсиз бақиришгани-бақиришган. Тўғри, ҳар бир касб эгасининг ўзига хос қийинчилиги бўлади, қолаверса, тирикчилик одамни ҳар нарсага мажбур қилади. Лекин, бу каби манзараларни кузатар экансиз, ҳар бир киши ўзининг шахсий манфаатини ўйлаб, инсоний тушунчаларни, маданият туйғуларини унутиб қуяётгандек туюлади кишига. Бу ҳам майли, тўрт томонга қараб жар солаётган кишилар ҳеч бўлмаганда карантин қоидаларига амал қилишса бўлгани эди.

Бозорга кираверишдаги БАРдан чиқаётган шовқин-сурондан, баланд овоздаги мусиқа оҳанглари, ёш-ялангларнинг ўйин-кулгуси кўча бўйлаб эшитилаётганлиги-чи? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бир-икки ёш ўспиринлар маст ҳолатда, қўлларида сигарет тутатишиб, яна ўша пастки қаватда жойлашган БАРга қараб зўрға қадам ташлашмоқда. Ахир бу “кўнгилочар хурсандчилик”нинг охири яхшилик билан тугамаслигини, деярли ҳар куни, ҳар соатда турли хил бахтсизликлар содир бўлиб турганлигини ёш йигит-қизлар билишмаса ҳам,  бу нафси ҳакалак отган “тадбиркор”лар яхши билишади-ку. 

Ваҳоланки, юмшатилган карантин қоидаларига кўра умумий овқатланиш объектлари банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказмаган ҳолда соат 8:00 дан 20:00 га қадар фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилганлигини уларга эслатиб қўйиш лозимга  ўхшайди.

Азиз ҳамюртлар, Сизнинг соғлигингиз, ҳаётингиз ўзингизга, Сиз учун азиз бўлган яқинларингизга, қолаверса, давлатимиз учун жуда ҳам қимматли эканлигини асло унутманг.

   Ўз мухбиримиз.