Президент ташрифидан сўнг
ОҚДАРЁ УСТИДА КЎПРИК ҚУРИЛМОҚДА
Бугунги кунда қўшни Пайариқ ҳамда Оқдарё туманларининг аҳолиси, айниқса, "Олмазор" ҳамда "Ўзбекистон" маҳаллаларининг "Ўтап" ва "Чавка" қишлоқларининг орасидан ўтувчи Оқдарёнинг устида замонавий стандартлар асосида янги кўприк қурилишининг бошланиши, нафақат иккала туманнинг, ваҳоланки, ушбу йўлдан қатнаётган барча ватандошларимизнинг чексиз қувончига сабаб бўлди.
Президент Шавкат Миромонович 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий бошқарув органларига бир қатор топшириқлар берган эди. Топшириқлар баённомасида белгиланган икки туман орасидаги яроқсиз аҳволга келиб қолган кўприкни қайтадан тиклаш тўғрисидаги қарор бир неча йиллардан буён йўловчиларимизни қийнаб келаётган энг оғир ва долзарб муаммонинг ечимини топишга асос бўлди.
Дарҳақиқат, Оқдарё туманимиз билан қўшни Пайариқ тумани орасидан Зарафшон дарёсининг Окдарё ўзани оқиб ўтади. Икки туман аҳолиси қадим йиллардан буён қуда-андачилик, қариндошчилик ришталари билан боғланган, аммо, дарёнинг устидаги кўприк 2012 йилда сув тошқини туфайли бузилиб вайрон бўлди ва бу орада жуда кўп сарсонгарчиликлар, кўнгилсизлик, фожеавий ҳодисалар содир бўлди. Йўловчилар, ҳайдовчилар атига 15 километрлик йўл ўрнига 40 километрдан зиёда йўл босиб, айланиб йўл юришга бир неча йиллар мажбур бўлдилар. Орадаги вақт мобайнида маҳаллий аҳоли пул йиғиб бир неча бор кўприкни тузатдилар, лекин мустаҳкамроқ кўприк қуришнинг имкони топилмади. Кўприк яроқсиз, транспортлар ўтолмади, минглаб йўловчиларимиз, ёш болалар, қариялар ушбу муаммодан қийналдилар, ва ниҳоят, ўтган йили йўқдан кўра бор, деганларидек, дарё устига ҳомийлар томонидан пиёдалар учун темир осма кўприк ўрнатилди. Йўловчиларимизнинг бу кичик қувончи ушбу йилнинг бошланишидаёқ, катта хур-сандчиликка айланиб кетди.
Оқдарё устида кўприк қурилиши бошланди. Қурилиш ишларини амалга ошираётган вилоят Кўприк Қурилиши Унитар Корхонасининг раҳбари Аҳад Ўроқов ушбу янги кўприкка катта маблағ жалб этилганлиги ҳамда юк кўтариш қуввати замонавий талабларга жавоб бера оладиган, узунлиги 42,5 метр, эни 10 метр ҳажмга эга, икки ёнида пиёдалар йўлакчаси белгиланган кўприк бунёд этилаётганлигини таъкидлади. Дарёнинг кўприк қурилиши мўлжалланган соҳилида 15 нафар ишчи ва мутахассислардан иборат қурилиш бригадаси жадал суръатда ишламоқдалар.
Халқимиз ҳашар - элга ярашар, савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилмоғи даркор деганидек, кўприк қурилишини талаб қилиб, бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат этиб, фикр-мулоҳазаларини билдирган жонкуяр нуроний отахонларимиз ҳамда ёшларимиздан Эшназаров Қўчқор, Ворисов Султон, Абдурасулов Қодирқул ҳамда Тошболтаев Собир ва бошқа жамоатчилик назоратининг ташаббускорлари кўприк қурилишининг бугунги жараёнида ҳам бош-қош бўлмоқдалар.
Кўприк қуришдек улкан савоб ишга қўл уриб, халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилаётган қурувчилар, жамоатчи ҳашарчилар, ҳорманг! Оқдарёнинг икки соҳилини бирлаштириб, кўприк қурилишини ўз вақтида муваффақиятли якунлашингизда ҳамда кўприкнинг икки томонидаги йўлларни равон бунёд этишингизда барчангизга омад ёр бўлсин, деймиз.
Ойгул МАМАТОВА.

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Маданият ва истироҳат боғи
- 06 фев, 22:46

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22