ЛОЙИШ ОБОД БЎЛМОҚДА АММО…

Кейинги пайтларда Лойишда ободонлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўзни қувонтиради. Айниқса марказий Амир Темур номи билан аталувчи шоҳ кўчанинг кенгайтирилиб, сифатли таъмирланганлиги эътиборга лойиқдир. Буни ҳамма эътироф этмоқда.

Бироқ шу ўринда айрим муаммоларни ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Марказий шоҳ кўча кенгайтирилиб таъмирлангунга қадар Лойишнинг икки жойида - бири “Универмаг” ёнида ва иккинчиси туман ички ишлар бўлими ёнидаги бекатда светофорлар мунтазам равишда ишлаб, транспорт воситаларининг йўл қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланишларига йўл кўрсатарди. Бироқ, бир неча ойдирки, светофорлар олиб ташланганлиги туфайли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши қонун қоидаларга халақит бермоқда дейиш мумкин. Сабаби Самарқанд томонидан келаётган транспорт воситалари билан туман электр тармоқлари томонидан, аниқроғи «Зарафшон» кўчасидан ҳаракатланаётган автомашиналар светофор йўқлиги туфайли ноқулай тарзда ҳаракатланишга мажбур бўлишмоқда. Бир неча бор бу ерда транспорт воситаларининг бир-бири билан тўқнашиб кетиш ҳолати ҳам бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Светофор масаласи туман ҳокимлигининг йиғилишларида ҳам бир неча бор айтилди. Туман ҳокими бу борада мутасадди ташкилотларга топшириқ ҳам берди. Бироқ орадан бир неча кунлар ўтишига қарамасдан амалий ишдан дарак йўқ. Бу топшириқлар залнинг ўзида қолиб кетганга ўхшайди. Наҳотки мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари шу кўчадан ўтишаётганларида светофор лозим эканлигини ёдларига олишмаса? Ёки уларга махсус топшириқ бериш керакмикан?

Энг ачинарлиси, «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг фарзандлари асосан 45-умумтаълим мактабига ўқишга боришади. «Зарафшон» кўчасидан ўтиш жойида аниқроғи “Универмаг”нинг ёнидаги марказий Амир Темур кўчасидан ўтиш жойига махсус пиёдалар ўтиш учун чизиқлар чизилиши худди мана шу жойдан пиёдалар ўтиш йўлаги ташкил этилиши лозим. Бироқ бу ҳақда ҳеч ким ўйламаяпти. Бошланғич синфга бораётган ўқувчиларнинг ота-оналари эрталабданоқ бу йўлдан ўтиб фарзандларини мактабга олиб боришмоқда.

- Икки набирамни 45-мактабга олиб бораман, - дейди «Зарафшон» кўчасида яшовчи аёл. - Бироқ, транспорт воситаларининг тирбандлигидан, бунинг устига светофор йўқлигидан мактаб томонга ўтиш  анча мушкул бўлаяпти. Набираларимнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар билан биргаликда йўлдан ўтиб мактабга борамиз. Агар мана шу жойда светофор ўрнатилса айни муддао бўларди. Чунки йўл таъмирлангунга қадар бу ерда светофор мунтазам ишлаб турарди. Бу масала билан шуғулланувчи ташкилотлардан илтимос қилардикки, светофор яна қайта жойига ўрнатилиб, ишга туширилса. Биз ҳам фарзандларимиздан хавотир олмасдик.

Бундай сўзларни ўнлаб фуқаролардан эшитдик. Нима бўлганда ҳам автоҳалокатларнинг олдини олиш учун Лойишда светофорни қайта ўрнатиб яна ишга тушириш долзарб вазифа эканлигини тегишли ташкилотларнинг раҳбарларига эслатиб қўйишни жоиз деб билдик. Ахир инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун эканлигини ҳаммамиз яхши биламизку. Шундай экан, светофор яна ишлашига ишонч билдирган ҳолда бу мавзуга яна қайтишни лозим топамиз.


КЕНЖА БОТИР.