СУПЕР КОНТРАКТДАН КИМ МАНФААТДОР?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда, одамларнинг ўзаро суҳбатларида ОТМларда  жорий этилаётган супер контрактлар ҳақида турли мулоҳазалар билдирилмоқда.  Маълумотларга  қараганда супер контрактларнинг нархи 46 миллиондан 223 миллион сўмгача  қилиб белгиланибди. Бу қанчалик адолатли? Бизда  айни пайтда энг кам иш ҳақи 234 минг сўм эканлигини ҳисобга олсак, бу масалани қайта кўриб чиқиш керакка ўхшайди.

Хуш, супер контрактни нархини белгилашда қайси жиҳатларга эътибор қилинаяпти? Нега бир институтда шартнома асосида  ўқишга қабул қилинган талаба бир  йилда дейлик 10 миллион тўласа-ю, супер контрактда ўқиётган талаба бир  йилда 70-80 миллион тўласа ёки супер контрактда ўқиётганларга фақат академиклар дарс берадими?

Биз ривожланган хориж давлатларидаги олий ўқув юрт-лари билан ўзимиздаги олийгоҳларни тенглаштирмаслигимиз керакка ўхшайди.  Чунки хорижда ўртача иш ҳақи биздагидан кўра бир неча  баравар юқори эканлигини оддий мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади. Шу боис хориждаги талабаларнинг ота-оналари бемалол супер контракт пулларини тўлай олади. Буни Олий таълим вазирлигидаги амалдорларимиз яхши билишади.

Ҳозирги пайтда Олий ўқув юртларини хўжалик ҳисобига ўтказишга ҳаракат қилинмоқда. Бу борада дастлабки ҳаракатлар ҳам бошланган. Савол туғилади. Институт хўжалик ҳисобида бўлгач, контракт тўловлари ошиб кетмайдими? Шундоқ ҳам камбағалчилик билан кун кечираётган оддий фуқаро фарзандини қандай ўқитади? Хориждан ўрнак оламиз деб белимиз чиқиб кетмайдими? Аҳвол шу даражада кетаверса, олий маълумотли кадрларга диплом бериб уларнинг сонини кўпайтириб юбормаймизми? Бизга саводсиз олий маълумотли кадрлардан кўра оз бўлса-да, билимли кадрлар керак эмасми? Биз ҳамма нарсани пул билан ўлчашимиз тўғримикин? Ахир оддий халқ ҳам фарзандларини олий маълумот олишини истайди. 

Юқоридаги саволлар ҳақида мамлакат олий таълим вазирлигидаги масъуллар жиддий ўйлаб кўришларини истардик. Мақсадимиз ОТМларга фақат бойларнинг фарзандлари эмас, балки оддий касб эгаларининг ҳам билимли, ўқишга чанқоқ болалари кириб ўқишга ҳақли эканлигини эслатиб қўйиш холос.