АВТОҲАЛОКАТЛАР СОНИ КАМАЙМОҚДА

Кейинги йилларда мамлакат миқёсида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаяпти. Йирик шаҳарларда тезликнинг ўртача пасайтирилиши ҳам бу борада олиб борилаётган янгиликлардан бири деб қараш мумкин. Туманимизда ҳам бу борада анчагина ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этиш керак. Соҳа мутахассисларининг ҳайдовчилар билан тез-тез мулоқот қилишлари, йўл қоидаларига киритилаётган ўзгаришларни тушунтиришлари ҳам автоҳалокатларнинг камайишига хизмат қилмоқда. 

Амалга оширилаётган ютуқлар билан бир қаторда нуқсонлар ҳам борлигини таъкидлаб ўтиш керак. Мактаблар ва болалар боғчалари жойлашган ҳудудлардаги йўлларга тезликни камайтирувчи белгилар қўйилиши лозим бўлсада афсуски кўп жойларда белгилар ўрнатилмаган. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб машина бошқараётган ҳайдовчилар ҳали ҳам учраб турибди. Лойишдаги бозорча олдидаги марказий йўлда тирбандликка ҳануз барҳам берилмаяпти. Агарда шу жойдаги светафор ёнига махсус видеокамералар ўрнатилса ҳар жиҳатдан фойдали иш қилинган бўларди. 

Бугун “Оқдарё овози” газетаси таҳририятида ўтказилган матбуот анжуманида туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, подполковник Алишер Тўраев, туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлик бўлинмасининг катта инспектори капитан Акмал Сафаровлар туманда амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилаётган нуқсонлар ҳақида журналистлар олдида чиқишлар қилишди. Ўзаро савол-жавоб асосида ўтказилган матбуот анжуманида газета ходимлари улардан ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди. 

Тадбир якунида бундан кейин газета саҳифаларида мунтазам равишда йўл ҳаракати хавфсизлигига алоқадор мақолалар бериб борилиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.


Мавзуга оид: