Лойиш бозори қачон янги ва замонавий қиёфа кашф этади?!

Қадимда ҳам бирор бир шаҳарга, шаҳарнинг ҳокимига баҳо беришмоқчи бўлишса, халқининг яшаш тарзини ўрганмоқчи бўлишса, унинг бозорига қараб баҳо беришган экан. Ҳозир ҳам худди шундай.
Шундайликка шундайку, лекин бозор ҳақида гап кетганда, минг афсус ва надоматлар бўлсинким, Лойиш бозори ҳақида, унинг бугунги кундаги қиёфаси ҳақида ёки бошқа бирор жиҳати ҳақида қувонч билан гапиришнинг имкони йўқ асло. Негаки, бу бозорга кирган киши ўзини гўёки эски бир даврга бориб қолгандек ҳис қилиши аниқ. Айниқса, куз-қиш мавсумидаги ёмғирли, қорли-қировли кунларда туман бозори аянчли қиёфа касб этади.
Савдо дўконларидаги сотувчилар-ку, бир амаллаб ўзларига етарли шарт-шароит яратиб олишиб, ўз фаолиятларини давом эттиришмоқда. Энг асосийси, уларнинг бошпанаси бор. Қийин-қийин усти очиқ расталарда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тадбиркорларга қийин. Улар йилнинг тўрт фаслида ҳам қийин ва оғир шароитларда меҳнат қилишмоқда. Ёзнинг жазирама иссиғидан сақланиш учун бўз мато, ёмғир ва қордан сақланиш учун полиэтилен плёнкалардан ўзларига бошпана қилиб, савдо-сотиқ билан шуғулланаётган ўнлаб, юзлаб юртдошларимизнинг аҳволига қараб ачинасан киши. Енгил-елпи ва омонатгина ясалган бошпаналар баъзида сувга, баъзида қорга тўлиб, тинимсиз ўтиб-қайтаётган харидорларнинг уст-бошлари жиққа ҳўл бўлади. Ҳечқиси йўқ, йиллар давомида такрорланиб келинаётган бундай ҳолатга савдогар ҳам, харидор ҳам кўникиб қолган, ҳеч ким парво ҳам қилмайди. Хуши келганда савдогар ўз бошпанасига тўпланиб қолган сувларни бир амаллаб тушириб ташлайди, сўнгра эса қўли-қўлига тегмасдан савдо-сотиқ билан шуғулланади. Нима ҳам қилсин, бу ҳам тириклик манбаи, рўзғор, бола-чақасини боқиш учун ўзини ўзи иш билан банд қилишнинг бир йўли-да.
- Йил бўйи мана шундай аҳволда савдо-сотиқ қиламиз,- дейди Замира исмли бир аёл. -  Қарийб ўн йилдирки, мана шундай қийин аҳволда бозорда савдо-сотиқ қилиб, бола-чақамни боқаман, рўзғор тебратаман. Шу боисдан соғлигимиздан кечиб бўлса ҳам, бу ердаги аҳволга чидашга мажбурмиз. Аввалги йиллари янги бозор қурилади, дея эски бозордаги аҳволга чидаган бўлсак, эндиликда бозоримиз қачон янгиланар экан, бизга ҳам қачон яхши шарт-шароитлар яратилар экан, деган умид билан яшамоқдамиз. 
- Савдо билан шуғулланишнинг ҳам ўзи бўлмайди,- дейди ўзини Наргиза деб таништирган аёл сотувчи. - Эрта тонгдан то шомга қадар ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, бозорда ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Биз ҳар куни савдо қиламиз, кунлик савдо учун бозор фондига чек тўлаймиз, ундан ташқари солиқ тўлаймиз. Ахир ана шу тушган маблағлар ҳисобига ҳар йили бир томонни обод қилса ҳам, шунча йиллар мобайнида бозоримиз гуллаб-яшнаган бўлар эди. Бозор маъмурияти, туман раҳбарлари бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Негаки, бозордаги шарт-шароитдан халқимиз ҳам, биз тадбиркорлар ҳам норозимиз. Қачон бизнинг бозоримиз ҳам янги қиёфага кирар экан, биз савдогарлар учун ҳам, харидорларимиз учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилар экан, деб интиқлик билан кутмоқдамиз. 
Дарҳақиқат, Лойиш бозорига кирган киши хоҳ у кийим-кечак бозори бўлсин, хоҳ деҳқон бозори ёки мол бозори бўлсин, у ердаги шарт-шароитдан, тартибсизликлардан қаттиқ ранжимоқда. Туманимиз халқи қишда лой, ёзда эса чанг-тупроқ, у ҳам камлик қилгандек, оёқ остига ташланган шағал тошларни босиб, бозорнинг кириш дарвозаси қаерда-ю, чиқиш дарвозаси қаердалигини топа олмай, тартибсиз равишда қурилган дўконлар ичидан ўтиб-қайтишдан чарчади. Бозорга келган одамларнинг гавжумлиги қолиб бозор ичигача бостириб кирган ва катта кўча атрофидаги киракаш таксиларнинг тирбандлиги эса аҳоли учун янада ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Бозор мутасаддилари эса бу каби ҳолатларни кўриб кўрмасликка, билиб-билмасликка олишади ўзларини. Улар фақат чек териш билан овора шекилли. Бозор ичкарисигача киракашлар кирадими, ёки савдо дўконларининг ёнгинасига ҳожатхона қуриладими уларга фарқи йўқ, ўзларини улушини олса бас! 
Туманимиз халқи эса Лойиш бозоридаги тартибсизликларни бартараф этиш, уни обод ва замонавий масканга айлантириш ҳақидаги эзгу мақсад билан яшамоқда ҳамон. Зора, янги йилда халқимизнинг "Эски бозор - эски қиёфа" ҳақидаги нохуш кайфиятига чек қўйилиб, янги замонавий бозор ҳақидаги орзулари рўёбга чиқса ажаб эмас!
Сиз бунга нима дейсиз, туманимиз мутасаддилари?!
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: