Кўтарилган мавзуга яна қайтиб ҲАМЗА АДАБИЁТГА ҚАЧОН ҚАЙТАРИЛАДИ?

Биз ўқиган даврларда мактаб дарсликларида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўзбек совет адабиётининг асосчиси ва биринчи ўзбек драматурги сифатида ўқитилган. Очиғини айтиш керакки, то Ўзбекистон мустақиллигига қадар Ҳамзанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида дарсликларга киритилиб, у ҳақида асарлар яратилган театрлар, шаҳарлар, кўчалар унинг номи билан аталган. Афсуски, мустақилликдан кейинги йилларда айрим “олимлар” томонидан уни “фош”қилишга киришилди. Бу борада айрим шахслар томонидан докторлик ишлари ҳам амалга оширилди. Афсуски буларнинг ҳаммаси бир умр халқ дарди билан ёнган жадид бобомиз Ҳамзага бир томонлама ёндашилганлиги оқибати эди.
Кейинги пайтларда маъанавиятга ва маърифатга алоҳида эътибор берилиб жадид боболаримизнинг қилган меҳнатларига юксак баҳо берилаяпти. Бу борада Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Мунаввар Қори Абдурашидов ва бошқа ўнлаб жадидларнинг номлари оқланиб улар ҳақида бадиий асарлар яратилаяпти. Буларнинг ҳаммаси яхши. Буни эътироф этишимиз керак. Бироқ нега Ҳамзанинг дарсликлардан чиқариб ташланганлиги ва уни қайтадан дарсликларга киритилиши ҳақида ҳеч ким лом-мим демаяпти? Ваҳоланки, ўтган йилнинг бошларида “Ишонч” газетасида академик Наим Каримовнинг бир саҳифалик “Барҳаёт Ҳамза” номи билан аталувчи мақоласи ишончли фактлар асосида ёритилди. Минг афсуски, мақола чоп этилгандан сўнг ҳам тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиб аниқ фикр билдирилмади. Телеканаллар ҳам Ҳамза ҳақида бирорта кўрсатув тайёрлашмади. Наҳотки, Ҳамзанинг душманлари шунча бўлса деган савол пайдо бўлади. Юқорида айтганимиздек, бутун ҳаётини миллатимизнинг орзуларини амалга оширишга бағишлаган, бор йўғи 40 йил умр кўрган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг адабиётга қайтариш, дарсликларга киритиш шунчалик қийин бўлса?
Яқинда ҳурматли Президентимиз Маданият ва маърифат Республика Кенгашининг йиғилишида алоҳида таъкидлаб жадид боболаримизнинг қилган меҳнатларига муносиб баҳо бериш, уларнинг орзуларини амалга ошириш ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шундай экан, Ҳамзани адабиётга ва дарсликларга яна қайтариш лозим. Буни тегишли ташкилотлар юқоридан топшириқ кутиб ўтирмасдан амалга оширишлари ниҳоятда зарур. Бу ҳам кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалардан бири эканлигини ёддан чиқармаслик керак.
Бир сўз билан айтганда, Ҳамза адабиётга қайтарилиши шарт!

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00