ҚАЛБИМИЗДА ҲАМИША БАРҲАЁТСИЗ

Ҳаётда шундай одамлар бўладики, уларнинг умр йўли ҳамма учун ибрат мактабидир. Уларнинг барча фазилатларини, гапирган гапларини, бизга берган ўгитларини бот-бот эсга олаверамиз. Унута олмаймиз, улар ҳақида ҳикоялар, шеърлар, қиссалар ёзишни истаб кетасан киши:
Меҳр ардоғида юрибмиз, бироқ,
Ўтлиғ меҳрингизни қўмсаймиз
                                 ҳамон.
Қалбларга офтобдай нурларни 
                                сочган,
Соғиниб яшаймиз, Сизни акажон.
Акам Раҳматилло Абдуллаев 1944 йил 9 апрелда Зарафшон жамоа хўжалигининг Найман қишлоғида туғилган. Отамиз Абдулло бобо Бердиев жамоа хўжалигида тракторчи, онамиз Тошбиби Пўлатова уй бекаси, уруш йиллари, урушдан кейинги йилларда эса бир неча йил бригада бошлиғи бўлиб ишлаган. Раҳматилло Абдуллаев 1961 йил туманимиздаги 20-ўрта мактабни аъло баҳоларга битириб, 1962 йил ўз йигитлик бурчини бажариш учун ҳарбий хизматга кетган. Владивосток шаҳрида ҳарбий денгиз флотида 3 йил хизмат қилган. Ҳарбий хизмат даврида ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги ва илмга чанқоқлиги туфайли ота-онамиз номига тез-тез ташаккурномалар келиб турган.
Акам 1965 йилда ҳарбий хизматни тугатиб, 1966 йилда СамДПИ рус филологияси факультетига ўқишга киради. 1971 йили институтни қизил диплом билан битириб, шу институтда ёшлар етакчиси бўлиб ишлай бошлайди. 1972 йилда Ленинград (ҳозирги Петербург шаҳри) Давлат университетининг математик-лингвистика йўналиши бўйича аспирантурага қабул қилинади. 1979 йил филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациясини муваффақиятли ёқлайди.
Ёш, илмга чанқоқ иқтидорли олим Раҳматилло Абдуллаев педагогик фаолиятини ўзи таҳсил олган олийгоҳда катта ўқитувчиликдан бошлайди. Кейинчалик эса рус тили кафедраси доценти, кафедра мудири, 1985 йилдан бошлаб СамДУнинг рус тили ва адабиёти факульети декани лавозимларида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатди. Таълим соҳасидаги ютуқлари учун 1990 йил Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан "Халқ маорифи аълочиси" мукофоти билан тақдирланди. Бу мукофот ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда таълим-тарбияга оид кўплаб илмий мақолалар, рисолалар, публицистик ҳикоялар муаллифи бўлган Р.Абдуллаевнинг самарали меҳнати учун берилган юксак мукофот эди.
Раҳматилло Абдуллаев фақат ишда эмас, балки ўз оиласида ҳам жонкуяр мураббий, меҳрибон ота эди. Фарзанд-ларини жон-дилидан севар,уларни тарбиялаб вояга етказишда рафиқаси Ойгул Абдуллаевага яқиндан ёрдам берар эди. 1972 йилда Қашқадарёдан Оқдарё тумани Найман қишлоғига келин бўлиб тушган Ойгул Абдуллаева 19-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Раҳматилло Абдуллаев институтда ишлаётганлиги сабабли 1979 йилдан ёш оила Самарқанд шаҳрида яшай бошладилар.Ойгул Абдуллаева ҳам ўзининг педагоглик фаолиятини шаҳардаги 49-мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида бошлади. Ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббат ва таълим соҳасидаги самарали меҳнатлари учун 1999 йили О.Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони билан тақдирланди.
Бу икки педагог, икки жуфтлик ишда ҳам, оилада ҳам бир-бирига ҳамфикр, ҳамнафас бўлиб халқ таълими соҳасида сидқидилдан меҳнат қилдилар. Шунингдек, ўзларининг 6 нафар фарзандларини эл хизматига бел боғлайдиган фидокор инсонлар қилиб тарбиялаб жамиятга қўшдилар. Оиланинг катта қизи Гавҳар Абдуллаева СамДУнинг филология факультетини битирган. Ўғли Орифжон ҳозирда Тошкент шаҳрида яшаб, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. Иккинчи қизи Ҳулкар СамДУнинг журналистика факультетини битириб, бир неча йиллар журналистика соҳасида фаолият юритиб, магистрлик дипломини олди. Ҳозирги пайтда ВМнинг "Маънавият ва маърифат маркази"да фаолият олиб бормоқда. Иккинчи ўғли Бекзод эса Сингапур университетининг Тошкент филиалида таҳсил олиб, магистратурани Англияда грант асосида ўқиб, магистрлик дипломини олиб Тошкентга қайтди. Нуфузли идораларда иш фаолиятини давом эттирди. Билимга чанқоқ Бекзоджон айни пайтда Австралияда докторантурада ўқишини давом эттириб, шу билан бир қаторда меҳнат фаолиятини ҳам олиб бормоқда.
Учинчи ўғли Бунёджон эса Тошкент давлат чет тиллар институтининг инглиз тили факультетини муваффақиятли битириб, ҳозирги кунда Америка элчихонасида нуфузли лавозимда фаолият кўрсатмоқда. Кенжа ўғли Ферузжон Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида сиртдан ўқиш билан бир қаторда Тошкентда қурилиш соҳасида етакчи тадбиркор сифатида ишламоқда.
Мана шундай аҳил оилани бунёд этиб, фарзандларини вояга етказиб, уларнинг роҳатини кўрмасдан акажоним Раҳматилло Абдуллаев 2008 йил 1 июнь куни 64 ёшида бу оламни тарк этди. У киши қисқа умр кўрсада, аммо мангуликка дахлдор ном қолдирди. 6 нафар фарзанди эл корига ярайдиган, ўзлари танлаган соҳалари бўйича жамиятимизнинг етук кадлари бўлиб етишганлиги Раҳматилло Абдуллаевнинг жамиятимизга етказиб берган буюк неъмати бўлса, яна бир илмий хазинаси - китоблари, рисолалари ва методик қўлланмалари, 100 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари ҳамкасбларига, шогирдларига, фарзандларига илмий мерос бўлиб қолди. 
Минг шукурки, ҳозирга қадар акажонимнинг хонадонидан дўстларининг, шогирдларининг, ўзи учун қадрли бўлган яқин қариндошларининг қадами узилмайди. Шундай экан, бу жонкуяр ва фидойи инсоннинг хотираси қалбимизда ҳамиша барҳаётдир:

Умрингиз саҳифасин,
Бир китоб қилса арзир.
Сизни ёдда сақламоқ,
Биз учун доим фарздир. 
Адолат АБДУЛЛАЕВА,
Халқ таълими фахрийси.