Сессия КАМЧИЛИКЛАР ОЧИҚЧАСИГА АЙТИЛДИ, АММО...

Ўтган жума куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман кенгашининг қирқ олтинчи сессиясида нуқсонлар очиқчасига айтилди. 
Сессияга туман кенгашининг депутатлари, тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилдилар. Сессияни кенгаш раиси, туман ҳокими Н.Сулаймонов бошқариб борди. Сессияга қуйидаги масалалар киритилди:
1. "Темир дафтари"га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда айримларини рўйхатдан чиқариш чоралари тўғрисида туман сектор раҳбарларининг ҳисоботи.
2. Туман прокурори в.б. Д.Музаффаровнинг туманда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижроси, берилган имтиёз ва преференциялар қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан прокурор назорати ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида.
3. Туман ҳокимининг ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Н.Маматкаримовнинг ҳудудда инвестициялар жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳисоботи ҳақида.
4. "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тумандаги ва деҳқон бозорларидаги ижросини ўрганиш натижалари тўғрисида туман Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати раҳбарининг ўринбосари Э.Аҳмедовнинг ҳисоботи ҳақида.
5. Ўзбекистон Республикасининг "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ тумандаги кўчаларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Б.Исахоновнинг ҳисоботи тўғрисида.
6. Туман маҳаллий бюджетининг харажатлар қисмига ўзгартириш киритиш тўғрисида туман молия бўлими мудири У.Маҳманазаровнинг ҳисоботи тўғрисида.
Депутатлар кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан ҳисобот берган маърузачиларнинг ҳисоботларини тинглашиб, баҳо бердилар. Айниқса, кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан ҳисобот берган туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Б. Исахоновнинг маърузаси юзасидан баҳс-мунозаралар келиб чиқди. Маърузачи ўз сўзида тумандаги айрим кўчалар номини номлаш ва қайта номлаш бўйича комиссия фаолият кўрсатаётганлигини, шунга асосан туманда "Чироқчи", "Саришта" ва шунга ўхшаш кўча номлари ташкил этилганлигини баён этди.   Шундан сўнг, сессия иштирокчилари томонидан туман ҳокимлигида комиссия қанча вақтдан буён фаолият кўрсатаётганлигини, бу комиссияга кимлар аъзо эканлиги тўғрисида маърузачига савол берилганда, бу саволга қониқарсиз жавоб берилганлиги, ҳатто залда ўтирганларнинг айримлари комиссияга аъзо эканлигини билмаслигини очиқчасига таъкидлашди. Чунки, жойларга ном беришда энг аввало туман ҳокимлиги қошида махсус комиссия фаолият кўрсатиши, ҳар бир объектга ном берилишида комиссия аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олиниши ниҳоятда муҳим. Афсуски, бу комиссиянинг фаолияти қоғозда бўлсада, амалда бўлмаётганлиги ўз-ўзидан сезилиб қолди. Демак, бу соҳада ишларни қайта кўриб чиқиш лозимга ўхшайди. Албатта, айнан мана шу масалада депутатлар фаоллик кўрсатиши ниҳоятда зарур. Негаки, депутатларнинг ўрни сессиялар давомида яққол сезилиши керак.
Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз. 
Мавзуга оид: