ОҚДАРЁ ИЖОДКОРЛАРИ (Оқдарёлик шеърюракларнинг ижодий дуэли)

2021 йил март ойида Президентимиз томонидан қабул қилинган ПҚ-5040 қарори том маънода оқдарёлик ижодкорларнинг ҳаётида, қаламида ҳамда  машҳур  адибларимизнинг  тарихий   сажарасига эга бўлган туманимиз   адабий  муҳитида уйғониш даврини бошлаб берди.
Миёнколда яшаб ижод қилган буюк аждодларимиз  Хошимий Суғдий, Абу Бакр Суғдий, Қосим Коҳий Миёнқолий, Бурхониддин Соғаржий ва шулар қаторида  Аминий Даҳбедий, Вола Янгиқўрғонийлар, Хожа Аҳмад Косоний -Махдуми Аъзам Даҳбедий, Мусохонхожа Дахбедийларнинг бизга қолдирган  адабий мерослари  бебеҳо бойлигимиздир. Исмоил Орипов, Суръат Орипов, Саъдулла Қўшоқов, Орзиқул Эргашев, Тохир Долиев, Йулчи Мухаммадиев, Эркиной Қаршиевалар каби  икки аср юзини кўрган адибларимиз Оқдарёнинг  адабий муҳити, тарихи ва бугунининг ёрқин намоёндаларидир.
 Ана шундай олтин халқанинг  янги бўғинлари бўлган, туманимизнинг 57 та умумтаълим мактабида ўз иш фаолиятини бошлаган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларимиз 2021 йил апрелидан бошлаб, жорий йилнинг  апрелига   қадар олиб борган иш фаолиятлари, изланишлари ҳамда тарғиботчининг асосий вазифаси бўлган ижодкор ўқувчиларни кашф этиш ва уларнинг иқтидорларини ўстириш борасида намунали ишларни  амалга оширдилар ҳамда  сабоқларининг натижасини  13-май куни ўтказилган “Оқдарё туман ёш ижодкорлари ижодий дуэли”да синаб кўрдилар. 
Тадбирга келган меҳмонлар, ёш ижодкорларнинг ота-оналари, устозлари, адабиёт ва  шеърият ихлосмандлари дуэл саҳнасига чиққан ўқувчи ёшларнинг ижодига ҳамда шеър ўқиш маҳоратларига  юқори баҳо бердилар.
Ўтган   2021 йилнинг 7-май кунида эса,  устоз тарғиботчилар ўзларининг ижодий иқтидорларини синаб кўриш,  тарғиботчилик масъулиятини янада ҳис этиш, ижодкор ўқувчиларга намуна бўлиш мақсадида, туманимиз собиқ ҳокими Н.Сулаймоновнинг ташаббуси билан “ДУЭЛ-1” Ижодкор устозлар  кўрик-танлови” ни ташкил этган эдик. 
Вилоят ёзувчилар уюшмаси, республика маданият ва маърифат маркази Оқдарё туман бўлими, “Оқдарё овози” туман газетаси ўзаро  ҳамкорликда ўтказган  ижодий дуэлда 16-нафар ижодкор тағиботчилар-устоз шоирлар  иштирок этган эдилар. Туманда биринчи бор ўтказилган  ижодий дуэлда бир қатор  шеърий тўпламлар муаллифи, таниқли шоиримиз, 2- умумтаълим мактабининг тарғиботчиси Наврўз Ҳасанов  шеърюраклар мусобақасининг мутлоқ ғолиби деб ҳисобланган эди.  
Жорий   йилнинг  13-май кунида эса,   “ДУЭЛ-2” Туман ижодкор ўқувчиларининг  кўрик-танлови” ни ташкил этдик. Фаол тарғиботчиларимиздан Чарос Қурбонова, Тўлғаной Гадоева, Фарҳод Рўзиев, Фаёз Раббонаев, Эркиной Қаршиева, Вилоят Холиқова, Муножат Тойирова, Озода Қурбонмуродовалар  Оқдарё тумани “Навниҳол” ижодий  жамоаси ҳузурида  ҳар ҳафтанинг шанба кунида ташкил этилаётган   таниқли шоир ва ёзувчиларнинг  “мастер клас” дарслари ҳамда ижодий семинар-тренингларимизда шогирдлари билан фаол иштирок этдилар. Юқорида таъкидлаганимиздек, йил давомида амалга оширилган  ижодий меҳнат, изланишлар  ўқув йилининг  сўнгида ўзининг ижобий натижаларини  намоён этди.  Қизғин ижодий кураш  жараёнида ўтказилган  дуэл устоз- шогирдлик анъаналарининг  ҳақиқий синов майдонига айланди. Ижодкор ўқувчилар сафидан сараланиб олинган 20 нафар бўлажак  шоир ва шоиралар  шеърият майдонида ўзаро беллашдилар.    
Ижодий дуэл  беш ташаббус  “Мушоира” йўналиши туман босқичи билан уйғунлашиб кетди. Туман ёшлар агентлиги, Республика маданият ва маърифат маркази туман бўлими ҳамда  туман  ижодкорларининг “Навниҳол” ижодий жамоаси ҳамкорликда ўтказган  кўрик-танловда фахрли 3- ўринни 21-мактаб ўқувчиси Беҳрўз Юнусов, 54-мактаб ўқувчиси Клара Қурбонмуродова,  24-мактаб ўқувчиси Муниса Жўрақулова,  2-ўринни 45-мактаб ўқувчиси Саида Умрзоқова, 7-мактаб ўқувчиси Камол Илашев, 30-мактаб ўқувчиси Холида Очилова, 1-ўринни 41- мактаб ўқувчиси Шаҳзода Ваҳобова, 15-мактаб ўқувчиси Дурдона Қурбоновалар эгалладилар. “ДУЭЛ-2-2022” Оқдарё ижодкорлари кўрик-танловининг мутлақ ғолиби  соврини 53-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Гулчирой Абдуғаниевага берилди. 
2021 йил ижодий беллашувининг ғолиби Н. Ҳасанов 2022 йил ижодий дуэлининг ғолиби Г.Абдуғаниевага  туман Ёшлар агентлиги номидан  1-даражали диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширди. Ижодий кўрик – танловда фахрли ўринларни олган  барча ғолиблар диплом, қимматбаҳо совғалар, китоблар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. 
 Тадбирда иштирок этган юзлаб ёш ижодкор ўқувчилар ҳамда устозлари  учун ушбу тадбир,  деэл саҳнаси катта мактаб ҳамда тажриба майдони бўлди. Анъанага айланган оқдарёлик   шеърюракларнинг  дуэлида  иштирок этиш ҳар бир иштирокчининг орзусига айланди, давранинг ўзидаёқ, ҳайъат аъзоларига таклиф ва истакларини билдирдилар, ота-оналар, мухлислар сўзга чиқиб, ёш шоирларга, устозларига миннатдорчилик сўзларини изҳор этдилар.   Саҳнадаги ҳар бир ўқилган  шеър ва унинг  муаллифи олқишлар оғушида бўлди, ота-оналар фахр туйғулари, севинч ёшлари билан фарзандларининг  ижоджий ютуқларини тантанали нишонладилар.  Айниқса, тадбир сўнгида дуэл иштирокчилари ҳамда  устозларининг  Тошкентга – адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Ёшлар Агентлиги, А.Қодирий ижод мактаби, Дўрмон ижод уйи ҳамда тарихий музейларга ижодий сафарини ташкил этилиши тўғрисидаги  хабар барчанинг кўнглига  янада кўтаринки кайфият бағишлади.  Оқ йўл сизга Оқдарёнинг шеърюраклари, ижод дуэлининг ғолиблари. 
                 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси,   Оқдарё туман “Навниҳол”                    
                 ижодий жамоасининг раҳбари  Ойгул Маматова.