ОНА ТАБИАТИМИЗНИ АСРАЙЛИК

Бундан қарийб 200 йил муқаддам ғарб файласуфларидан бири: «Биз табиат устидан қозонилган ғалабаларимиз билан мағрурланмаслигимиз керак. Шундай кунлар келадики, табиат бунинг учун биздан ўч олади», деган эди. Орадан шунча вақт ўтган бўлсада, файласуфнинг ҳақ эканлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина юртимиздаги ўзгаришлар, ягона денгизимиз бўлган Оролнинг қуриши, экологиянинг бузилиши, об-ҳавонинг йил сайин ўзгариб бораётганлиги, буларнинг барчаси инсоннинг она табиатимизга қилган ҳужуми оқибатидир. Ҳозирги пайтда биргина қуриб бораётган Орол денгизининг ўрнида 5 миллион гектардан ортиқ майдон чўлга айланган. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2 йилдан буён бу майдонларга саксовул кўчатлари қадалмоқда, ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Бундан ташқари, шаҳарларда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида истироҳат боғлари ташкил этилиб, иқлимимизга мос бўлган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Қўйингчи, мамлакатимизнинг барча туман ва қишлоқларида бу борада амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ дейиш мумкин.

Аммо кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ҳали биз она табиатимизни авайлаб-асраш борасида етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормаяпмиз. Буни жойларда бўлганимизда кузатаяпмиз. Биргина туманимизда неча юз йиллик дарахтлар кесилиб кетганлиги, аҳоли ўзи истиқомат қилаётган турар жойларнинг атрофини обод қилиш ўрнига турли-хил маиший чиқиндиларни тўкишаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳатто туманимиз маркази ҳисобланган Лойишда ҳам айрим корхона ва ташкилотларнинг атрофидаги манзарани кўриб беихтиёр ранжийсиз. Биргина туман давлат солиқ инспекцияси ёнидаги 47-мактабга олиб бориладиган йўлнинг атрофлари доимо чиқиндилар билан қопланган бўлади. Чунки кечаси шу атрофда яшовчи айрим фуқаролар томонидан чиқиндиларнинг олиб келиб ташлаш ҳолатлари аниқ бўлиб қолди. Бундай мисолларни бошқа кўчаларда ва қишлоқ жойларда ҳам кўришимиз мумкин.

Табиат - бу бизнинг борлиғимиз ҳисобланади. Инсон билан табиат доимо уйғун бўлиб яшаган. Бизнинг узоқ яшашимиз учун эса табиатга доимо ҳурматда бўлиб, баҳор ойларида ҳовлимизга мевали ва манзарали дарахт қўчатлари экишга одатланайлик. Бир сўз билан айтганда, табиатни асрашга ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак.


Зафар МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон экологик партияси туман кенгашининг раиси.