Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида ЁШЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

ЁШЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Умумтаълим мактаби битирувчиларини доимий иш ўрни билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада туманимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. 

Яқинда 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларини битирган 102 нафар ишсиз қизлар тумандаги Амир Темур маҳалласида жойлашган “Зарафшон Текстил” тикув фабрикасига ишга жойлаштирилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги мазкур тадбирда туман ҳокими Н.Сулаймонов иштирок этиб, ёшларга ушбу касбни мукаммал эгаллаб, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

“РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

 ЎҚУВ МАРКАЗИ” 

ИШ БОШЛАДИ

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусининг “Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш масалалари бўйича” деб номланган 3-ташаббуси доирасида туман марказида  тадбиркор Бобурмирзо Обидов томонидан “Рақамли технологиялар ўқув маркази” ташкил этилди.  

Яқинда ушбу замонавий ўқув марказининг очилиш муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Н.Сулаймонов, сектор раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва тегишли ташкилот ходимлари иштирок этишиб, марказда ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Мазкур ўқув маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ёшларга рақамли технологиялар билан ишлаш, дастурлаш, веб-сайтлар яратиш ва робототехника ишларини мукаммал ўрганишлари учун кенг имконият яратди.


“МИНИ ФУТБОЛ МАЙДОНИ” ҚУРИЛИБ ЁШЛАРГА ТОПШИРИЛДИ

“Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларни спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш” Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 2-ташаббуси бўлиб, ушбу ташаббус доирасида яқинда туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бадиий гимнастика бўйича очиқ биринчилиги ташкил этилди.

Мусобақа сўнггида фаол иштирок этган ва ғолиб деб топилган ёш спортчилар туман ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланди. 

Шуни қувонч билан айтиш лозимки,  “Ўзбекистон” маҳалласида ҳам ёшларимизнинг спорт билан доимий шуғулланишлари учун ҳашар йўли билан “Мини футбол майдони” қуриб битказилиб, фойдаланиш учун топширилди.

ТАДБИР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусининг 4-ташаббуси “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш” га қаратилган. Ана шу ташаббусни туманимиз ёшлари ўртасида тарғиб қилиш мақсадида Ўзбек тили байрами олдидан “Ёшлар кутубхона”сида умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида китобхонлик кечалари ҳамда “Она тилим ғурурим” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан она тилининг бой тарихи, дунё тиллари орасида ўзбек тилининг алоҳида ўрин тутганлиги ҳақида гапирилиб, йиғилганларга мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан мадҳ этувчи шеърий чиқишлар намойиш этилди.

Дилшод МАВЛОНОВ,

туман Ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси.