ИНСОН АЗИЗ - ХОТИРА МУҚАДДАС

Инсон - ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида айтадиган бўлсак, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Айниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахон-у онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача.

Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш - халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бошдан кечирган кишилар осойишталикни дилдан ҳис қилган, унинг нақадар муҳим эканини англаб етиб, бу йўлда Ватанини, оиласини, ўзлигини ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан жонини гаровга қўйиб хизмат қилганлар. Минг афсуски, ҳозирги кунда уларнинг сафлари тобора камайиб бормоқда. Ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. 

Биз азал-азалдан  тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш - бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира - бизнинг бойлигимиздир.

Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу - тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи - муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.

Нишонлаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир. Албатта, кечаги кун сабоқларини олиш, халқимиз келажаги йўлида фидоийлик кўрсатган инсонларни борида қадрлаш, ўтганларни ёд қилиш, ҳаётимизни эзгулик нури билан ёритиб, бугунги кун қадрига етишга чорлайди.

Ўз мухбиримиз.