БАРЧА ИМКОНИЯТЛАРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИЛАДИ Туман молия бўлимининг мудири Улуғбек Махманазаровнинг халқ депутатлари туман кенгашининг эллик биринчи сессиясида қилган маърузаси

Сўнгги йилларда маҳаллий бюджетлар мустақиллиги, шаффофлиги ва очиқлигини ҳамда маҳаллий бюджет харажатларини тақсимлашда жамоатчилик ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Маҳаллий бюджет даромад прогнозларининг 2021 йилдаги параметрлари ижроси
Туманнинг бюджет даромадлари бўйича 2021 йил прогнозини белгиланиши бутун дунёда, шу жумладан, юртимизда мураккаб бўлиб турган пандемия ҳолати ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланган эди.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида туманнинг маҳаллий бюджет даромадлар ижроси эса 46245,1 млн.сўмни (прогноз 40909,9 млн.сўм) ёки прогнозга нисбатан 113 фоизни ташкил этди.
Натижада, 9 ойлик якунларига кўра 5335,2 млн.сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда бюджет даромадлари ҳақиқатда 66 772,0 млн.сўмга (прогноз 55 992,0 млн.сўм) бажарилиши кутилмоқда (119%). Маҳаллий бюджет даромадлар қисми прогноздан 10 780,0 млн.сўмга ошириб бажарилиши режалаштирилмоқда.
2022 йил Давлат бюджетини шакллантиришда солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари
Биринчидан, 2022 йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш таклиф этилмоқда.
Жумладан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиз, фойда солиғи ставкаси 15 фоиз, айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз миқдорида қолдирилади.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги солиқ ставкалари ҳам сақлаб қолинмоқда (ер солиғи (0,95 фоиз).
Иккинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи ставкаси 7 фоизга индексация қилинмоқда.
Хусусан, туманда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича базавий солиқ ставкаси 2021 йилда 1 гектар ер майдони учун 33,0 млн.сўм этиб белгиланган бўлса, 2022 йилда ушбу миқдор 35,3 млн.сўмни ташкил қилади.
Худди шу тартибда, жисмоний шахсларнинг ер солиғи ставкаси ҳам ўтган йилга нисбатан 7 фоизга индексацияси қилинмоқда. Жумладан, туманимизда 2021 йилда базавий солиқ ставкаси 1 кв.м учун мутлақ ўлчамда 297,6 сўмни ташкил этган бўлса, ушбу миқдор 2022 йилда 323,2 сўм этиб белгиланмоқда.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг белгиланган базавий мутлақ миқдордаги солиқ ставкасини 0,5 - 2,0 камайтирувчи ва оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланишига қараб туман ва шаҳарлар кесимида ер солиғини белгилаб бериш ваколати мавжуд.
Шунингдек, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, вилоят Кенгашлари томонидан белгиланган ер солиғи ставкасидан келиб чиқиб, даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,7 - 3,0 камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғини белгилаб бериш ваколатлари берилган.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилиниб, 0,23 фоиздан 0,25 фоизга оширилмоқда.
Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, кўзда тутилган ўзгартиришларга қарамасдан 2022 йилда жисмоний шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқ миқдори 2021 йилдаги ҳисобланган миқдордан 1,3 баробаридан ошмаслиги алоҳида белгиланмоқда.
Учинчидан, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтирилмоқда, шу билан биргаликда 1 кв.метр учун мутлақ қийматда белгиланган минимал қиймат жорий этилиши таклиф қилинмоқда (Тошкент шаҳрида - 2,5 млн.сўм, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида - 1,5 млн. сўм ва қолган ҳудудларда -1,0 млн. сўм).
2022 йилда ҳудуд бўйича маҳаллий бюджет даромадлари тўғрисида
2022 йил учун бюджет даромадларининг прогнози бюджет даромадларига сезиларли таъсир кўрсатувчи ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) кўрсаткичларини ошиши, базавий ҳисоблаш миқдорини ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўсиши ҳисобга олинган.
Шунингдек, 2022 йилда маҳаллий бюджетлар даромадлари таркибида деярли ўзгариш киритилмаяпти.
Алкоголь маҳсулотлари ва мобиль алоқаси хизматини кўрсатганлик учун акциз солиғи тушумларини тақсимлаш тартиби ўзгармайди ҳамда 2022 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи 2021 йил 1 июль ҳолатидаги аҳоли сонининг улушига кўра маҳаллий бюджетларга ўтказилади.
Хусусан, туман бюджетига 2022 йилда 26281,0 млн.сўм (мобиль бўйича 5 667,0 млн.сўм, алкоголь 9 947,0 млн.сўм, тамаки маҳсулотлари бўйича 10 667,0 млн.сўм) ўтказиб берилади.
2022 йил бюджет тушумлари прогнози ишлаб чиқилишида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ маъмурчилигини яхшилаш, ишчилар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легализация қилиш, хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш доирасидаги бошқа тадбирлар натижасида бюджетга қўшимча маблағ тушириш топшириқлари прогнозга қўшиб ҳисобга олинган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда солиқ органлари ҳудудларни прогноз кўрсаткичларини бажаришда ушбу ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари лозим бўлади.
 Хусусан:
1.  "Солиқчи-кўмакчи" тамойили асосида тадбиркорларга мажбуриятларни бажаришда кўмаклашиш орқали жорий ҳисобланган солиқларни тўлиқ ундирилишини таъминлаш;
2.  Мулк ва ер солиқлари, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни йиғилувчанлигини ошириш;
3.  Тадбиркорлик субъектларининг "Онлайн" назорат касса машинаси билан жиҳозланиш қамровини ошириш ҳамда харидор билан ҳисоблашишда ушбу тизимдан фойлаланиш механизмини тўлақонли ишлашини таъминлаш;
4.  Юридик шахсларга тегишли бўлган мулк объектларини кадастр ходимлари билан бирга тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали мулк солиғи учун 2022 йилда жорий этилаётган базавий мутлақ қийматга асосан қўшимча тушумлар тушириш манбасини яратиш;
5.  Хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш доираси барча зарурий чораларини кўриш, бунда норасмий ходимни легаллаштиришдан бошлаб, кунлик нақд пул савдосига эга субъектлар томонидан кунлик тушумларни тўлиқ банк кассаларига топшириш жараёнларигача ишлаш механизмини янада самарали ташкил этиш;
6.  Ўтган йиллар ҳамда жорий йил ҳисобидан шаклланган солиқ қарздорликларини солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш маданиятини шакллантириш ҳамда суд ижро органлари билан ҳамкорликда сифатли ундириш ишларини ташкил этишимиз зарурдир.
7.  Тадбиркорлик субъектларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларини "E ijro auksion" электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотиб олишга жалб этиш.
Юқоридаги ишларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминланиши натижасида 2022 йилда маҳаллий бюджет даромадлар қисмини прогноздан 10667,0 млн.сўмга ошириб бажариш бўйича барча зарурий имкониятларимиз мавжуд.
2022 йил маҳаллий бюджетда назарда тутилаётган харажатлар прогнози ҳақида маълумот 2022 йил учун Оқдарё туман маҳаллий бюджетнинг харажатлари 145532,9 млн сўмни (2021 йилга нисбатан 132 %), учун маблағ ажратилиши назарда тутилмоқда.
1.Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига жами 112 898,1 млн. сўм (умумий харажатларнинг 77,6 фоизи) ажратилиши назарда тутилмоқда. Бунда:
Мактабгача таълим харажатларига 7 425,8 млн. сўм (2021 йилга нисбатан 111 %) маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Умумий таълим харажатларига 11231,7 млн. сўм (2021 йилга нисбатан 120 %) маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Соғлиқни сақлаш харажатларига 46591,0 млн. сўм (2021 йилга нисбатан 116 %) маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Бирламчи тиббий санитария муассасаларида аҳоли жон бошига ажратиладиган дори ва тиббий буюмлар учун маблағ миқдорини ўртача 3 бараварга ошириш назарда тутилган (5,5 минг сўмдан 16,0 минг сўмга оширилади).
Болали оилаларга ва кам таъминланган оилаларга нафақалар учун 44 095,0 млн.сўм (2021 йилга нисбатан 142 %) ва бошқа ижтимоий соҳа йўналишидаги харажатларига 3 604,5 млн сўм (2021 йилга нисбатан          105 %) маблағ режалаштирилмоқда.
2. Иқтисодиёт харажатларига жами 12747,2 млн. сўм (умумий харажатларнинг 9 фоизи, 2021 йилга нисбатан 128 %) маблағ назарда тутилмоқда.
3. Маҳаллий бюджетлар параметрларидаги яна бир ўзгариш. Бу 2022 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларни шакллантиришда бевосита кенг жамоатчилик иштироки ҳисобланади.
2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Натижада 2022 йилда "Очиқ бюджет" ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш учун шаҳар ва туман ҳокимликлари қошидаги "Фуқаролар ташаббуси  жамғармаси"га 6 864,4 млн. сўм миқдорида маблағлар ўтказилади. Бу эса ўз навбатида туманда бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш учун хизмат қилади.
Хиёбонлар, болалар майдончаси барпо этиш, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, экологияни яхшилаш, ичимлик суви ва оқава сув билан таъминлаш, кўча чироқларини ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
4.Яна бир муҳим ўзгариш. Тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллабай ишлашнинг янги тизими, яъни ҳоким ёрдамчилари жорий этилди ва уларни сақлаш харажатлари учун 1169,1 млн сўм маблағ назарда тутилди.