ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТНИ ОШКОР ЭТИШДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК

Кейинги йилларда давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилиш тартиб-таомиллари автоматлаштирилиши орқали иқтисодиётда хуфёна айланмани қисқартириш, бозорларда тенг рақобат шароитларини яратиш, ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган изчил чоралар кўрилмоқда.
2022 йилнинг январь-май ойида туманда фаолият олиб бораётган товар айланмасини солиқ ҳисоботларида кўрсатмасдан ёки кам кўрсатиб келаётган 469 та тадбиркорлик субъектлари томонидан товар айланмаси тўғриланиб, қайта ҳисобот олиниши натижасида 2 470.2 млн.сўм қўшимча солиқлар ундирилишига эришилди.
2022 йил ўтган даври давомида иш ҳақи ҳисоботларини ноль тақдим қилиб келаётган 160 та корхона томонидан 3 296 нафар ходимга иш ҳақини ҳисобланиб қайта ҳисобот олиниши натижасида 335.0 млн.сўм қўшимча солиқлар ҳисобланиб ундирилишга эришилди.
Солиқ тўловчиларнинг банк ҳисоб рақами орқали харид қилинган ва реализация қилинган товар моддий бойликлари, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳажми ва суммаси ўртасида номутаносибликлар аниқланган 3 та кохона томонидан 621.0 млн.сўм солиқ ва бошқа мажбурий ажратмаларни тўламасдан фаолият олиб бораётганлиги аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, ундириш чоралари кўрилмоқда.      
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрдаги 5252-сонли қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан жисмоний шахсларга харид суммасидан 1 фоиз қайтариш (кешбек) амалиётининг жорий этилиши ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаб, яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.
Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини Солиқ мобиль иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасидан 1 % кешбек тўлаш ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 21-25 саналарида амалга оширилади. Яъни май ойида рўйхатдан ўтказилган чеклар учун ҳисобланган кешбек суммаси июнь ойининг 21-25-саналарида тўловга чиқарилади.   
Харид чекларида маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди тўғри кўрсатилган барча товар (хизмат)лар учун кешбек ҳисобланади. Маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди кўрсатилмаган ёки мавжуд бўлмаган идентификация коди акс эттирилган маҳсулот (товар ва хизмат)лар суммасига кешбек ҳисобланмайди. 
Солиқ кодексининг 223-моддасига мувофиқ, назорат-касса техникаси чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодларини акс эттириш реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 
Шунингдек, Солиқ мобиль иловасининг янгиланган версиясида "шубҳали харидор" устидан шикоят қилиш имконияти яратилди. 
Яъни, истеъмолчи кешбекка эга бўлиши учун харид чекини рўйхатдан ўтказганда уни аввал бошқа фойдаланувчи рўйхатдан ўтказган бўлса, ҳақиқатда харидни амалга оширган шахс ушбу фойдаланувчи устидан шикоят йўллаши мумкин. Бунда битта фойдаланувчига нисбатан шикоятлар сони 15 та ва ундан кўп бўлса, ушбу фойдаланувчи "шубҳали харидор" деб ҳисобланади ҳамда жорий ой учун ҳисобланган кешбеклари бекор қилинади, чекни рўйхатдан ўтказиш имконияти чекланади. 
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳалол тадбиркорлик учун тенг рақобат шароитларини яратиш, инсофли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган чоралардан яна бири солиқ органларига солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни мукофотлаш амалиётга жорий қилинган. 
Фуқаролар 2022 йил 1 январдан бошлаб "Солиқ ҳамкор" тизими орқали қу-йидаги ҳолатлар юзасидан хабар берганда ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофотланмоқда: 
1. Назорат касса техникаси ва тўлов терминалларини қўллаш тартибини бузганлик;
2. Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
3. Тўлов терминаллари орқали сотиладиган товарларнинг нархни сунъий ошириш ҳолатлари. 
Туман давлат солиқ инспекциясига 35 нафар фуқаро томонидан чек бермаслик ҳолати бўйича "Солиқ ҳамкор" ор-қали 118 та мурожаат келиб тушган. Йил бошидан буён келиб тушган жами мурожаатларнинг 29 таси такроран юборилганлиги сабабли рад этилган, 89 таси текширув ўтказилди. Солиқ ҳамкор орқали мурожаат юборган фуқароларга 89 та ҳолат бўйича 89,0 млн.сўм мукофот тўлаб берилган. 
Юқорида қайд этилган тадбирлар ўз навбатида маҳаллий бюджетлар даромадини сезиларли даражада ошишига сабаб бўлиб, жорий йилнинг  январь-май ойларида айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 2 168,0 млн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 бараварга ошди.
Шу ўринда туман давлат солиқ инспекцияси яширин иқтисодиётни ошкор этишда фаол иштирок этаётган фуқароларга миннатдорлик билдирган ҳолда, қонун доирасида ишловчи инсофли солиқ тўловчилар сафи кенга-йиши ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли тадбирлар давом эттирилишини маълум қилади. 
Туман давлат солиқ инспекциясига мурожаатлар юзасидан 66-492-60-92 рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Озод ИЛЁСОВ,
туман солиқ инспекцияси
 бошлиғи.