ЯНГИ ДАВР ЎЗБЕК МАДАНИЯТИНИНГ АСОСЧИСИ

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ - XX аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатчилигининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. XVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Русия зўр бериб, уни турғун ва тут-қун сақлашга уринарди. Мана шундай бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.
Туркистонда "Усули жадид", "Усули савтия" номлари билан шуҳрат топган янги мактабни шулар ташкил қилиб, шулар биринчи бўлиб замонавий мактаб ғоясини илгари сурдилар. Улар ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истиқлолга тайёрладилар, шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. Русия қонунлари имкон берган даражада Туркистон мусулмонларининг шаъну шавкатини ҳимоя қилдилар, инқилоб йилларида эса мустақиллик байроғини баланд кўтардилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шу Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, бошлаб берувчиси эди. У 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида, руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1785-1800) Самарқандга келиб қолган. 1894 йилда отаси, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ тарбияси ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳ-вини кичик тоғаси Мулла Одилдан ўрганади. 18 ёшида қозихонада мирзолик қила бошлайди. Ўз устида қунт билан ишлаб, шариатнинг юксак мақомлари - қози, муфти даражасигача кўтарилади. Ёш Маҳмудхўжа дунёқарашининг шаклланишида Русия жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспринскийнинг хизмати катта бўлган. У 1892 йилда Туркистондаги мактабларни ислоҳ қилиш, "усули савтия"ни жорий этиш таклифи билан генерал-губернатор Н. О. Розенбахга мурожаат этади. Жавоб олмагач, 1893 йилда ўзи Тошкентга келди. Самарқанд, Бухорода бўлди. Маҳаллий халқ билан гаплашиб,   дастлабки янги усул мактабларни очишга муваффақ бўлди. Беҳбудий ўз хотираларида устози билан учрашувларини ихлос ва муҳаббат билан тилга олади.
1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланди. Апрелдан "Самарқанд" газетасини чиқара бошлади. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45-сони чиқиб, моддий танқислик туфайли тўхтаган. Сўнг Беҳбудий шу йилнинг 30 августидан "Ойна" журналини чиқара бошлайди. "Ҳафталик, суратлик бу мажалла, асосан, ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеър, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб борилади… Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркиягача тарқалар эди… Жадидларнинг севикли журналлари эди…" деб ёзган эди Зиё Саид.
"Ойна" журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихига, тил-адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Айниқса, тил масаласи муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида турди. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисобларди. Журналнинг 1913 йил 13 август биринчи-нишона сонидаёқ "Икки эмас, тўрт тил лозим" деган мақола билан чиққан эди.
Беҳбудий адабий танқидга катта эътибор берди. Навоийдан кейинги бир неча асрлик сукунатдан сўнг бу соҳанинг хос-хусусиятларини таъкидлаб адабиётда тенгҳуқуқлилик масаласини ўртага қўйди. Мақола "Танқид сараламоқдур" (1914 й. 27-сон) деб номланган эди. Адибнинг барча тарихий-илмий мавзудаги мақолалари ўтмишга камоли эҳтиром ва эътиқод билан ёзилган. Беҳбудий миллат ўзини англагандагина ижтимоий-сиёсий масалаларни бошқалар билан тенг муҳокама эта олади, деган фикрда бўлди. Шунинг учун ҳам тарихга алоҳида эътибор берди. Умуман Беҳбудийнинг публицист сифатида фаолияти адиб истеъдодини жуда ёрқин бир қиррасини ташкил этади. У ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзди. Ўзининг Миллат ва Ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Баъзилар унинг мақолалари 200, бошқалар 300 деб белгилайдилар. Унинг барча мақолалари аниқлаб чиқилмаган. Муҳими шундаки, у XX аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбоби эди. Унинг Миллат ва Ватан тақдири ҳақидаги барча қарашлари, аввал, мана шу мақолаларида акс этган эди. Бу жиҳатдан, унинг 1906 йил 10 октябрда "Хуршид" (6-сон) газетасида босилган "Хайрул умури авсотуҳо" ("Ишларнинг яхшиси ўртачасидур") мақоласи диққатга сазовордир. Бу мақола узоқ йиллар Совет тарих фани нуқтаи назаридан баҳоланиб, Беҳбудийни қоралаш учун нишон бўлиб келди. Гап шундаки, Беҳбудий ўша 1906 йилдаёқ социалистик таълимотни ва уни Русияда амалга оширишга бел боғлаган Ленин партиясини кескин рад этган эди. У ҳам устози И. Гаспринский каби социализмни зўра- вонлик ҳисоблайди, социал тенгликни адолатсизлик деб билди. Шахс манфаатдорлигида, миллат равнақида тараққиётнинг буюк омилини кўрди. Худди шу эътиқод уни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга етаклади.
Ватан тақдири кун тартибига қўйилган 1917 йилнинг 16-23 апрелида Беҳбудий Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 150 вакили иштирок этган қурултойида ҳаяжонли нутқ сўзлади. Миллатни ўзаро ихтилофлардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, иттифоқ бўлишга чақирди. Худди шу ихтилофимиз сабабли "мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар" деб очиқ айтди.
Шу йилнинг 26 ноябрида Қўқонда ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси "Туркистон мухторияти" эълон қилинди. Бу мустамлакадан мустақиллик томон қўйилган жиддий ва жасоратли қадам эди. Унинг маънавий отаси, шуҳбасиз, Беҳбудий эди. Бироқ у Советлар томонидан хоинона бостирилди. 19-20 февраль кунлари шаҳар тўпга тутилди. 10 минг туркистонлик ўлдирилди, 180 қишлоққа ўт қўйилди.
Беҳбудий изтироб билан Самарқандга қайтади. У ерда тура олмай, Тошкентга келади. Туркистон рус совет ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади. Табиийки, музокаралар натижа бермайди. Миллатни, миллий тараққиётни инкор этган шўролар йўли алдов ва зўравонликка асосланганини биларди. Шунинг учун ҳам уни 1906 йилдаёқ ақл ва шариатга зид деб эълон қилган эди.
Орзулари чил-чил бўлган Беҳбудий 1919 йилнинг баҳорида, 25 мартда паришон ҳолда йўлга чиқади ва Шаҳрисабзда қўлга олиниб, тахминан икки ой ўтгач, Қаршига келтириб зиндонга ташланди. Бир неча кундан сўнг Қарши беги Тоғайбекнинг буйруғи билан зиндон яқинидаги "подшолик чорбоғи"да ўлдирилган. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахтимиз Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлди. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутди.
1926-27 йилларда, 11 йил Қарши шаҳри Беҳбудий номи билан юритилди. Адибнинг номини адабийлаштирилиши шунчаки бир ниқоб эди, унинг асл қиёфаси халқдан сир сақланди. Қарши шаҳрига унинг номи қўйилган ўша 1926 йилдаёқ жадидчиликни аксилинқилобий, аксилшўровий ҳаракат сифатида қоралаш кампанияси бошлаб юборилган эди.
Бугун Беҳбудий кабилар муқаддас тутган юрт озод ва мустақил бўлди. Улар жон фидо этган истиқлол авлодларига насиб этди. Миллат ва Ватан мустақиллиги йўлида фидо бўлганлар эса шу Миллат ва Ватан умри қадар боқийдирлар.