МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИ АЙБДОРМИ?

Яқинда туман мактабларининг бирида юқори синфда ўқиётган қиз ҳомиладор бўлиб қолганлиги туфайли мактаб директорлари иштирокида катта йиғилиш ўтказилганлигини эшитдик. Бу йиғилишда қатнашган масъул вазифадаги амалдорлар бундай кўнгилсиз ҳодисага мактаб ўқитувчилари ва директорлари айбдор, деган фикрни билдиришибди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Ўқувчи эрталаб соат тўққиздан соат қарийб ўн бешга қадар мактабда таълим олади. Ундан кейинги бутун вақтини оилада ўтказади-ку. Нима учун оила, ота-оналар ўз фарзандларини нима иш билан шуғулланаётганликлари билан қизиқишмайди. Ҳозирги пайтда айрим қизларимиз репетиторга боряпман, деган баҳоналар билан уйидан чиқиб кетиб нима ишлар қилиб юрганлигини ҳеч ким билмайдику. Қолаверса, мактабга дарсга бормасдан, репетиторга бораётган қизларимиз ҳам тан олишимиз керак, анчагина бор. Ваҳоланки, бу пайтда улар мактабда таълим олиш билан банд бўлишлари лозим.
Кейинги пайтларда негадир мактабларда, олий ўқув юртларида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг асосий айбдори бу раҳбарлар дея тилга олинаётганлиги ғоят ачинарлидир. Бу собиқ иттифоқдан "мерос" сифатида қолиб келаётган анъана эмасми? Бундан бир неча ой олдин Тошкентдаги олий ўқув юртларининг бирида декан ўринбосари ва талаба қиз ўртасидаги бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеалар кўпчиликнинг ёдида. Воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳали айбдор аниқ бўлмасада олий ўқув юрти раҳбари ишдан олинди. Бўлиб ўтган суд мажлисида эса декан ўринбосарининг талаба қизнинг номусига тажовуз қилмаганлиги маълум бўлди. Чунки айбдорнинг айбдор эканлигини фақатгина суд органлари томонидан белгиланиши Конституциямизда ҳам ёзиб қўйилган. Айрим ҳолларда эса етарли тажрибага эга бўлган иқтидорли раҳбарларимиз ҳам туҳматнинг қурбони бўлишаётганлиги сир эмас. Шу боис ҳар бир нарсани ижтимоий тармоққа олиб чиқишда жабрланувчининг ҳам, айбдорнинг ҳам фикрларини эшитиш мақсадга мувофиқдир.
Яна мактаб масаласига қайтамиз. Сўнгги йилларда билим даргоҳларида юқори синфларда ўқиётган айрим қизлар ўртасида кузатилаётган нохуш ҳолатлар тез-тез тилга олинмоқда. Бунда ҳам асосий айб мактаб жамоасига қўйилаяпти. Бу қанчалик тўғри? Ахир боланинг келажаги учун энг аввало ота-она жавобгар эмасми? Қачонгача мактаб жамоаси ёки мактаб директорлари ўзлари емаган сом-сага пул тўлашади? Асосий айбдор эса бир четда қолаверадими? Бизнингча, ота-оналарнинг масъулиятини янада кучайтириш керак. Оилада фарзандининг юриш-туришига, кийинишига эътибор бермаганлиги учун жазо берилса ҳам, айбдор сифатида ота-оналарга берилиши лозим. Негаки, мактабда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи қиз билан куну-тун педагогларнинг шуғулланишлари учун имконияти йўқ-ку.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, кейинги йилларда республика бўйича асосан мактаб директорлигига хотин-қизлар қўйилаяпти. Бу бор ҳақиқат. Биз хотин-қизларни ҳурмат қиламиз, уларни эъзозлаймиз. Бироқ, мактабнинг юқори синфида ўқиётган ўқувчилар балоғат ёшига етиб, 17-18 ёшга кираётганлигини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Бу ёшда уларда эҳтирос, жўшқинлик кучли бўлиши ўз-ўзидан маълум. Бизнинг фикримизча, мактаб директорлигига етарли тажрибага эга бўлган, жамоада ҳурмати бор эркак педагоглардан қўйиш лозим. Ана шунда билим масканида тартиб ҳам, интизом ҳам бўлиши турган гап. Хуллас, ёш авлодни тарбиялашда энг аввало оила ва мактаб ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Ҳар доимо оила, маҳалла, мактаб ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш керак. Ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса, мактабларда нохуш ҳолатларнинг олди олинган бўларди.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00