КЎЧАГА КИМ ЭЪТИБОР БЕРАДИ?

Очиғини айтиш керакки, жорий йилдан бошлаб туманимиздаги ички йўлларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу эса аҳолини беҳад мамнун этаяпти. Чунки йўл равон бўлса транспорт воситаларини қатнаши ҳам осон бўлади. 
Бироқ шундай кўчалар ҳам борки, ёғингарчиликлар даврида пиёда тугул, автомашина орқали ҳам ўтиш анча мушкул. Ана шундай кўчалардан бири "Оқдарё" маҳалласининг Янгиқишлоқ ҳудудида жойлашган. Шу қишлоқда яшовчи Фазилат Неъматованинг айтишига қараганда, бу ачинарли аҳвол раҳбарларни ташвишга солмаяпти. Бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилинган бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Шу кўчанинг ўзида бир эмас, учта нодавлат оилавий боғча фаолият кўрсатаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, кўчани таъмирлаш зарурлигини айтмасак ҳам бўлади.
Шу ўринда айрим фикрларни ҳам айтишга тўғри келади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва шу округдан сайланган депутат ҳам халқнинг бу мурожаатини ўрганиб чиқиб, бу абгор кўчани таъмирлаш ҳақида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки халқни рози қилиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири эканлигини унутмаслик керак.
С. ИБРАГИМОВ.
Суратда: ҳоли хароб кўчанинг кўриниши акс эттирилган.