Миллатга "нажот йўли"ни кўрсатган жадидчи Абдурауф Фитрат ҳаётига чизгилар

ХХ аср бошларида бутун Туркистонда янги кучга кира бошлаган жадидчилик ҳаракати ўлканинг барча соҳадаги ишларининг келажагини белгилаб берди. Жумладан, янги адабиёт, публицистика, сиёсат ва ҳоказолар. Давр ушбу йўналишларнинг характерини аниқлаб берган намояндаларини ҳам ўртага чиқарди. Ушбу ислоҳотчилик, яъни жадидчилик номи билан тарихга кирган кенг қамровли ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тенг қамраб олди. Ўша давр кўзга ташланган ислоҳотчи шахсларидан бири Абдурауф Фитрат (1886 - 1938) бўлиб, унинг фаолияти ва ижоди яқин тарихимизнинг энг порлоқ саҳифаларидан бирини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди. Жадидшунос олим, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Зайнобиддин Абдурашидов буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритади.
Фитрат ҳаёти ва ижоди замонавий тад-қиқотчилар томонидан жуда кенг ўрганилганига қарамай, унинг илк фаолияти ва таржимаи ҳоли, хусусан, Туркияда ўтказган йилларига оид кўп саволлар ўз жавобини топгани йўқ.
Абдурауф Фитрат шубҳасиз ХХ аср биринчи чораги Марказий Осиё зиёлиларининг энг кўзга кўринган ва таъсир доираси кучли бўлган вакилларидан бири ҳисобланади. У ёзувчи, шоир, журналист, сиёсий арбоб ва Туркистон жадидчилигининг ғоявий етакчиларидан бири сифатида танилган.
Фитратнинг илк ҳаёт йўли ҳақида, айниқса 1909 йилгача бўлган даври борасида биз деярли ҳеч нарса билмаймиз. Фитрат ижоди ва ҳаёт йўлини ўрганган барча тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, у 1886 йили савдогар оиласида дунёга келган. Фитрат анъанавий бошланғич эски мактабни тугатгандан сўнг ўқишини аввал Мир Араб мадрасасида, сўнг Бухородаги яна бир бошқа мадрасада давом эттирган. Бухоро амири Абдулаҳадхон саройида хизмат қилган Неъматуллоҳ Муҳтарам ХХ аср бошларида тузган тазкирасида қайд этишича, Фитрат ёш бўлишига қарамай Бухоро адабий давраларида етарли даражада машҳур бўлган. У "Мижмар" (Ёқимли ҳид тарқатувчи чўғдон) тахаллуси остида шеърлар ёзган. Неъматуллоҳ Муҳтарам Фитратни Ҳожи Мулла Абдурауф, деб тилга олади. Бундан кўринадики, Фитрат ёшлик чоғида ҳаж амалини бажариш учун саёҳатга чиққан ва Шарқда Туркия, Ҳиндистон, Арабистон ҳамда марказий Россия - Москва, Петербург бўйлаб саёҳат қилади. Фитрат ўша вақтда ҳаж сафарининг анъанавий йўли ҳисобланган Ҳиндистон орқали эмас, балки темир йўл билан Одесса, Туркия орқали Арабистонга сафар қилган ва Ҳиндистон орқали Бухорога қайтиб келган.
Фитрат, ўзи ёзишига қараганда, дастлаб жадидларга қарши бўлган ва айрим кишиларнинг таъсири остида унда янги усул мактаби ва умуман, жадидчиликка мойиллик, қизиқиш пайдо бўлган. У бухоролик ёшларнинг биринчилари қаторида Туркияга ўқишга кетди. 1910-1914 йиллар давомида Туркияда таҳсил олган Фитрат Туркистонга анчагина  машҳур шахс сифатида қайтиб келди. Унинг 1911-1912 йилларда Истанбулда нашр қилинган "Мунозара" ва "Баёноти сайёҳи Ҳиндий" каби биринчи насрий асарлари ҳамда "Сайҳа" шеърий тўплами нафақат Бухоро, балки бутун Туркистон жадидларини янада кучлантирди. Садриддин Айнийнинг таъбири билан айтганда, Фитратнинг биргина "Мунозара"си давр тараққиётига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатди.
XIX асрнинг охирги чорагида Қримда дунёга келган "усули жадид" мактаблари Россия империясининг мусулмонлар яшайдиган минтақаларида кенг ёйила бошлади. Мактаблар Туркистонга ҳам ёйилди. Лекин бу мактаблар динга зид келишини даъво қилган уламо қаршилигига дуч келди. Айниқса, бундай қаршилик Бухорода 1908 йилда очилган мактаб атрофида жуда катта жанжалга сабаб бўлди. Фитрат ана шу мактаб жанжали таъсирида яратган "Мунозара" асари янги усул мактаблардан мусулмон дунёси шариат юзасидан фойдаланиши мумкинлигини исбот эта олди. Фақат шу асарнинг босилиб чиқиши туфайлигина Бухорода янги усул мактаблари қайта очилди ва улардан мулла-мударрисларнинг тавқи лаънатлари олиб ташланди.
"Мунозара"нинг марказида бухорлик ёшлар ташкил этган биринчи "усули жадид" мактаби ва унинг атрофида пайдо бўлган жанжал воқеалари туради. Ушбу мактабнинг тарихига қисқача назар ташлаймиз. Мактаб 1908 йил 5 октябрь куни Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим, Ҳомидхўжа Меҳрий ва Аҳмаджон маҳдум Ҳамид (бу иккиси Айнийнинг мадрасадош дўстлари эди) тарафидан Абдулвоҳид Мунзим ҳовлисида очилади. Орадан деярли бир йил ўтиб, 1909 йил 6 сентябрь куни мактабда тантанали очиқ имтиҳон ўтказилади. Бухорода жадид мактабларини тақиқига олиб келган воқеалар айнан шу куни содир бўлди. Фитрат бу ҳақда орадан 20 йил ўтиб ёзган бир мақоласида шундай эслайди:
"1908-йилда (Фитрат бу ерда йилни янглиш кўрсатади, асарнинг марказида турган воқеалар 1909 йил бўлган эди. Юқорида бу ҳақда ёзиб ўтилди - А.З.) ёзганим бир асаримда Бухоро амирига қаратилган бир хатим бор... (бу хат "Мунозара"нинг сўнгида илова қилинган - А.З.) Лекин 8 йилда Бухоро хонлигида ҳукм сурган диний таассубни ва шунга таянган идора усули... ҳибс қилиш, ўлдириш, сангсор (тошбўрон - А.З.) қилиш кундаги одатлардан эди. У замонларда китоб ёзишнинг ўзи "кофирлик" эди. Мен шу вақтларда биринчи асаримни ёздим. Бухоронинг идора усулини, таълим-тарбия усулини, бир кўп расмий идораларни танқид қилдим".
"Мунозара" Истанбулда чоп этилганидан кейин Бухорога турли йўллар билан яширинча олиб келинди. "Мунозара"нинг асл форсча матни ҳатто 1914 йилда ҳам Россия империяси ҳудудига олиб кирилиши Петербургдаги чет эл нашрлари цензорлиги тарафидан тақиқланди. "Мунозара" Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг яқин издошларидан бўлган Ҳожи Муин ибн Шукруллоҳ тарафидан ўзбекчага таржима қилиниб, олдин "Туркистон вилоятининг газети"нинг 1912 йилги сонларида, сўнг 1913 йили китобча шаклида Тошкентда босилиб чиқди. Ушбу асарга биринчи бўлиб Маҳмудхўжа Беҳбудий, сўнгра рус олими В.Андреевнинг тақризлари эълон қилинди.
Туркиядан қайтган Фитрат мактаб ишлари билан шуғулланар экан 1915-1916 йиллар давомида қатор асарлар ҳам нашр қилди. Булар "Оила", "Раҳбари нажот", "Қисқача ислом тарихи" ва бошқалар. 1920 йилларда Фитратнинг "Чин севиш", "Ҳинд иҳтилолчилари", "Або Муслим" драмалари саҳнага қўйилди ва ўз даври адабий тан-қидчилари тарафидан жуда илиқ кутиб олинди. Айниқса, унинг бу даврдаги ижоди озодлик туйғулари билан тўлиб тошган эди. Юқоридаги асарларнинг барчасида бир мақсад - миллат озодлиги, мустақиллик нашидаси, ҳуррият, эркинлик мавзуси илгари сурилди. Бу ҳолат унинг шеърларида яққол сезилади. Унинг "Миррих юлдузига" шеърида даврнинг манзараси, большевиклар сиёсатининг туб моҳияти, улар олиб борган сиёсат бус-бутунлигича очиб берилган эди.
1917 йилдан бошлаб Фитрат маориф ишларидан бироз чекиниб, сиёсий фаолият билан шуғуллана бошлади. Бухоро жадидларининг ташаббуси билан тузилган "Ёш бухоролилар" партияси саркотиблиги вазифасини бажарди, Самарқандда нашр қилинган "Ҳуррият" газетасида аввал фаол муаллиф сифатида қатнашган бўлса, қисқа вақт ўтиши билан унинг бош муҳаррири сифатида фаолият олиб борди.
 Фитрат бу даврда Россиядаги Муваққат ҳукумат билан ўзаро тенглик асосида алоқаларни йўлга қўйиш борасида жуда кўплаб мақолалари билан сиёсий фаолиятини давом эттирди. Аммо Фитрат орзу қилган тенглик, ҳуррият орзуси большевиклар томонидан чилпарчин қилинди. Шу сабаб "большевик балоси" бош кўтарган 1917 йилнинг октябрида содир бўлган тўнтаришни "юрт қайғуси" сифатида қабул қилди.
1918 йили Тошкентга келган Фитрат ўз атрофига ёшларни йиғиб "Чиғатой гурунги"ни ташкил қилди. Бу жамият 3 йил фаолият олиб борган бўлишига қарамай, нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки умуман янги ўзбек маданиятининг шаклланиши ва тараққиёт тарихни буткул янги, замонавий илм асосида ўрганишни бошлаб берди. "Чиғатой гурунги" янги Ўзбекистон тарихидаги маҳаллий зиёлилар тарафидан тузилган биринчи илмий тадқиқот жамияти сифатида тарихга кирди. Айни шу жамият ҳозирги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг ҳам тамал тошини қўйди. Гурунг аъзолари томонидан қатор илмий рисолалар, айниқса, тил, имло масаласига оид нашрлар эълон қилинди.
1920-1923 йиллар давомида янги тузилган Бухоро ҳукумати таркибида турли юқори лавозимларда ишлаган Фитрат турли сиёсий айбловлар билан ишдан бўшатилди ва Москвадаги "Жонли шарқ тиллари" институтига юборилди. Шу даврдан бошлаб Фитрат умрининг охирига қадар фақат илмий изланишлар билан машғул бўлди.
Фитратнинг адабий асарлари, хусусан, унинг драматург сифатидаги фаолияти замондошлари томонидан якдиллик билан эътироф этилди. 1916-1930 йиллар оралиғида у ўндан ортиқ драмалар ёзди. Айниқса, 1920 йилларда ёзган "Ўғузхон", "Чин севиш", "Ҳинд иҳтилолчилари", "Абулфайзхон" каби драмалари катта шуҳрат қозонди. "Чин севиш" драмасида биз олдинги Фитрат, яъни ғарб илм-фанини ўрганишга бўлган тарғиботнинг бошқа бир даражага ўтгани, яъни  сиёсий жиҳатдан етукликка эришган Фитратни кўрамиз. У асар қаҳрамони Каримбахш тилидан бу каби  ғояларини қуйидагича ифодасини кузатиш мумкин: "Оврупо ишларини ўрганмак албатта керакдир. Оврупода ўқимоқ опруполиларни инсофли, адолатли деб мақтамоқ учун эмас, улардан ўзимизни сақламоқ, тишли-тирноқли бўлиш учун керакдир."
Фитрат бундан бироз аввалроқ ёзилган "Шарқ сиёсати" номли мақоласида ўарбга бўлган муносабатини, унинг ҳақиқий сиёсати нимада эканлигини очиб ташлаган эди. Бир вақтлар  "Шарқға маданият мактаблари, инсоният мадрасалари очармиз" деган баҳона билан Туркистонни қонга ботириб, унинг юзини топтаган босқинчи "жаҳонгирлари фоҳишахона ва майхонадан бошқа бир нарса" олиб келмади. Фитрат шу ўринда ўзига ўзи савол беради: "Ажабо, Оврупа жаҳонгирлари бу ишларини билибми қилдилар, билмасданми қилдилар?" Жавоби эса "Албатта, билиб қилдилар, жўрттага қилдилар". Фитрат мақоласида мустамлакачиларнинг асосий мақсадлари қўл остига олинган мазлум халққа "маданият бериш", "маориф тарқатиш", "тараққий этдурмак" эмас, "турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ" ва охир оқибатда  "бизни ишдан чиқармоқ ва ўз қўллариға муҳтож қилиб қўймоқдир". Фитрат бу фикрларни ёзар экан, сиёсий жиҳатдан анча етишган, халқни ҳақиқий аҳволдан бохабар қилиш учун ҳеч нарсадан тап тортмай фикр юритадиган шахс сифатида кўринади.
Мантиқан олиб қараганда "Ҳинд иҳтилолчилари"ни "Чин севиш"нинг давоми дейиш мумкин. Лекин улар айри икки асар. "Ҳинд иҳтилолчилари"да Фитратнинг она Ватанга бўлган муҳаббати, унинг эрки учун ҳамма нарсага тайёр бўлган "Юртимизни қутқарамиз. Яшасин истиқлол!", деб мустабид тузумга қарши қўзғалган исёнкорни кўрамиз. Унинг 1922 йили нашр этилган "Ўзбек ёш шоирлари" тўпламидан жой олган "Ўгут" шеърида Фитратнинг юрт эркинлиги учун кураш, бир дақиқа ҳам ҳурриятга эришиш маслагидан қайтмасликка ундов жуда яхши кўринади.
Фитрат ўз драмаларида, шеърларида Шарқ, хусусан, Ҳиндистон халқининг мустамлакачи инглизларга қарши кураши орқали она Ватан - Туркистоннинг туганмас дардларини ифода қилди.
Фитрат тарихий драма жанрига асос солди. У "Абулфайзхон", "Або Муслим" каби драмаларида тарихга юзланар экан, ўтмишдаги воқеликнинг мазмун-моҳиятини тарихий шахслар образи орқали уларнинг тақдирлари мисолида қайта жонлантиришга ҳамда улардан замон учун керакли хулосалар чиқаришга муваффақ бўлган ижодкордир.
Фитратнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тарихнинг энг қалтис дамларида Миллат ва Ватанга хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир. Йирик жадидшунос олим Бегали Қосимовнинг сўзлари билан айтганда, ҳар қандай ҳолда ҳам халқ билан бирга бўлиш, унинг манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш, ҳар нарсадан муқаддас билиш Фитрат шахсиятининг энг муҳим хусусиятларидан эди.
Мавзуга оид: