ИССИҚ ИҚЛИМ ШАРОИТИДА ТУРМУШ ТАРЗИ


Инсон қаҳратон совуқда ёки жазирама иссиқда ҳам тана ҳароратини бир хил ушлаб туради (36,2-37,2°C).Инсон организми ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Ўзбекистон иқлимида ҳавонинг қуруқлиги ва мўътадил шабада танадан терлаш йўли билан иссиқлик ажралишига, организмни иссиқ иқлим шароитига мослашишига ёрдам беради.    
Айни жазирама ёз иссиғи кўпроқ юрак-қон томир касалликлари ва семиз инсонлар саломатлигига таъсир қилиши, улардаги сурункали касалликларни авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Сабаби юқори ҳарорат юрак-қон томир тизимини зўриқиб ишлашига олиб келади.  
Турли хил нохуш асоратларни олдини олиш учун жазирама иссиқ шароитида дам олиш ва меҳнат қилиш режимига, овқатланиш тартибига алоҳида эътибор бериш зарур. 
Жисмоний зўриқиш танада иссиқлик ишлаб чиқилишини кучайтириб, янада қизишга сабаб бўлади. Очиқ ҳавода бажариладиган барча жисмоний меҳнат турларини салқин вақтларга (эрта тонг-дан соат 11 гача) ёки кечки салқинга (саот 17 дан   20 гача) мўлжаллаган маъқул. 
Кунлик рацион енгил ҳазм бўладиган таомлардан иборат бўлиши керак.  Ёғлик таомлар ва ширинликлар энергияни купайтиради ва қизишга сабаб бўлади. Иссиқ таъсирида сустлашган ошқозон-ичак тизими фаолияти зўриқади. Жазирама иссиқ кунларда суюқ таомлар, айрон, қатик, кефир, мева-сабзавотлар истеъмол қилиш терлаш натижасида йўқотилган сув, зарур оқсил, витамин ваминерал тузлар ўрнини   қоплашда муҳим аҳамиятга эга.                                                                                    Энг яхши чанқоқ босди ичимликлар: Кўк чой чанқоқни яхши кондириб, инсонга куч бағишлайди, юқумли ошқозон-ичак касалликларидан яхши ҳимоя қилади. Шакарсиз компотлар, айрон, нордон мевалар шарбатлари кучли чанқоқбосди ичимликлар бўлиб, йўқотилган витамин ва минерал моддалар ўрнини қоплашда яхши ёрдам беради. Газланмаган минерал сув ва қайнатиб совутилган сув ичиш керак. Ширин, қуюқ мева шарбатлари эса (ўрик, шафтоли ва узум шарбатлари) аксинча чанқоқни кучайтиради.
Лимонли чой - дастлаб танани бироз қиздирсада, сўнг кучли терлатади, танани иссиқликдан сақлаб организм сув - туз балансини сақлашда ёрдам беради.                                                                                                                    
Турли хил сунъий ичимликлар ичишни чегаралаш лозим. Улардаги сунъий бўёқлар, турли маза берувчи қўшимчалар ва шакар чанқоқни кучайтиради. Зинҳор қайнатилмаган сув ичманг, унда турли юқумли ошқозон-ичак касалликларини чақирувчи микроб ва вируслар бўлиши, қорин тифи, вабо, вирусли гепатит, ичбуруғ каби касалликларни юзага келтириши мумкин. 

Жазирама иссиқ шароитларда қандай кийиниш керак?

Жазирама иссиқда тавсия этиладиган кийимлар:  
- ҳавони яхши ўтказадиган, терни тез ва осон шимадиган;
- қуёш нурини қайтарадиган ва терига ўтишига йўл қўймайдиган;
- қулай ва кенг, танага ёпишиб турмайдиган кийимлар кийиш керак.
Ип газлама айнан шундай ҳислатларга эгадир. Тўқ рангли кийимлар ўзига қуёш нурини кўп тортади, оқ ва очиқ тусли кийимлар аксинча қайтаради.
Бош кийимсиз узоқ юриш иссиқлик уришига, кўзда катаракта ривожланишига олиб келади. Терини узоқ вақт иссиқдан ҳимоя қилмасак, тери ракига ҳам олиб келиши мумкин. Айниқса, болалар ультрабинафша нурларига ўта таъсирчан бўладилар, улар жазирама иссиқ вақтларда сояда бўлишлари керак. Кенг соябонли бош кийим кийиш, қора кўзойнак тақиш  қуёш нуридан сақлайди.  

Иссиқ уриши.

Тана ҳароратининг кўтарилиб кетиши, алаҳсираш, тиришиш-тортишиш, баъзан ҳушдан кетиш кузатилади. Айниқса, қария ва болаларда организмнинг юқори ҳароратга мослашув жараёни суст бўлади. Юрак-қон томир касалликлари мавжуд кишиларда иссиқ уриши хавфли бўлади. Иссиқ бундай ҳолларда биринчи ёрдам тана ҳароратини туширишга қаратилган бўлиши керак. Иссиқлик урганда кўнгил айниш, бош айланиш, қулоқ шанғиллаши, баъзан ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда нима қилиш керак?
- Зудлик билан  тез ёрдам чақириш, врач келгунга қадар беморни салқин жойга ўтказиш;
- ёнбошлаб ётқизиш, бошига сочиқни ҳўллаб қўйиш, танасини сиқиб ту-рувчи кийимларни ечиш ёки бўшатиш зарур.   
                               С.ҚОСИМОВА, 

 туман тиббиёт 

 бирлашмасининг   соғлом 

турмуш тарзи бўлими 

шифокори.   


Мавзуга оид: