БОТУЛИЗМДАН САҚЛАНИНГ

Ботулизм қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган таёқчасимон кўринишга эга бўлган анаэроб бактериялардир. Ботулизм таёқчаси тупроқда спора ҳосил қилган ҳолда узоқ вақт тирик сақланиши мумкин. Бактериялар одам организмига санитария қоидаларига тўлиқ амал қилинмасдан таёрланган консерва  маҳсулотлари, тупроқ, чорва маҳсулотлари, мева-сабзавот, дон, гўшт маҳсулотлари ва бошқалар орқали тушиши мумкин. Кислородсиз шароитда бактериялар тез ривожланади ва кучли заҳар ажралади. Ботулотоксин ошқозон ва ичакларда ишлаб чиқариладиган  кислоталарда парчаланмайди. Ботулотоксиннинг бош мия ва орқа мияни зарарлаши оқибатида мускуллар ишдан чиқади ва ривожланиб бораётган ўткир нафас етишмаслиги келиб чиқади. Касаллик қўзғатувчиси одамдан одамга ўтмайди. Ботулизм бошқа ичак касалликлари ва заҳарланишларига нисбатан кам учрасада, ҳаёт учун хавфли ва долзарб касаллик бўлиб қолмоқда. Бактерия билан зарарланган консерваланган маҳсулотларда  бомбаж, яъни қопқоқнинг шишиши кузатилади. Касаллик қўзғатувчилари 100 градус ҳароратда бир неча  соат қайнатилганда ҳам яшаш қобилиятини сақлаб қолиши мумкин. Ботулотоксин 30 дақиқадан ортиқ қайнаганда зарарсизлантиради. Касаллик қўзғатувчиси ҳавосиз шароитда ривожланади ва токсин ҳосил қилади. Ҳозирги вақтда ботулизм асосан уй шароитида тайёрланган маҳсулотларда учрайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра ботулизмнинг 4 тоифаси фарқланади. Озиқ-овқат ботулизми, яра ботулизми, ёш болалар ботулизми, келиб чиқиши номаълум бўлган ботулизм. Касаллик енгил, ўртача оғирликда ва оғир кўринишларга бўлинади. Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 2-5 кунгача  18-24 соатни ташкил этади. Асосан унинг ўткир белгилари - кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи ва ич кетиши билан бошланади. Қусиш ва ич кетиш узоқ давом этмайди, кейинчалик ошқозон ичак тизимининг ишдан чиқиши натижасида ошқозонда тиқилиш, оғирлик ҳисси қорин дамлаши, ич қотиб қолиши пайдо бўлади. Бу белгилар билан бирга ёки йўқолгандан кейин кўришнинг ёмонлашуви, оғизнинг қуриши ва мускулларда бўшашиш кузатилади. Бемор кўзининг ёмон кўришидан ўқишга қийналишидан шикоят қилади, ютиниш ва гапиришга қийналади. Беморнинг юзи ниқобсимон тус олади. Кўз қовоқлари осилиб, қорачиқлари кенгаяди, ёруғликни сезмайди. Бош оғрийди,  тана ҳарорати меъёрида, кам ҳолатларда озроқ кўтарилади. Кун охирига келиб нафас юзаки бўлиб қолади, лекин сезиш тўлиқ сақланади. Ботулизм билан касалланганда ошқозонни токсинлар қолдиғидан тозалаш мақсадида ичакка 5 фоизли ош содаси эритмасини юбориш йўли билан ювиш, заҳарга қарши зардоб юбориш орқали организмни ювиш мақсадида томирга суюқликлар юборилиб, антибиотиклар билан даволанади.

Касалликни олдини олиш мақсадида овқат маҳсулотларига ботулизм қўзғатувчисини  туширишга йўл қўймаслик бунинг учун овқатларни тайёрлаш жараёни ва уларни сақлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.

Яра орқали  ботулизмнинг юқишини олдини олиш учун ярани яхшилаб оқар сувда яхшилаб ювиш ва бирламчи тиббий ишловдан ўтказиш лозим.

Ботулизм бактериялари маҳсулотларда пайдо бўлмаслиги учун консервалаш жараёнида сирка кислотасидан фойдаланиш фойдали усул ҳисобланади.

Н.САЙДАНОВ,

туман фавқулодда вазиятлар 

бўлими ФВДТ ва ФМ тарғиботи

бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант. 

Қ.БОБОҚАНДОВ,

ХФХ ўқув маркази ходими.